Саҳобалар ҳаётидан: Ҳазрат Али ибн Абу Толиб

10:40 07.12.2018 368

Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам амакиваччалари, Хулафои Рошидиннинг тўртинчиси. Отаси Абу Толиб, онаси қурайшлик Фотима бинти Асад. Бобосининг исми Абдулмутталиб. Куняси Абул Ҳасан, лақаби Ҳайдар. Ундан ташқари, “Асадуллоҳ”, яъни, “Аллоҳнинг шери” деб ҳам аталади.

Ҳазрат Али ёшлигиданоқ Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида улғайди. Ўн ёшида Исломни қабул қилган. Исломни Хадича онамиздан кейин қабул қилган иккинчи шахсдир.

Макка даврида ҳазрат Али доим Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларида бўлди. Ҳазрат Али Каъбадаги бутларни қай тариқа синдиришганини бундай ҳикоя қилади: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳ билан Каъбага бордик. Расули акрам елкамга чиқмоқчи бўлдилар. Ўрнимдан турмоқчи бўлдиму, туролмадим. Кейин у зот елкамдан тушдилар ва мени елкаларига чиқарилар. Қўлим уфққа етадигандек ҳис қилдим ўзимни. Каъба устида битта бут бор эди. Мен уни ўнгга-чапга тебратдим. Бут тушиб, чил-чил синди. Расулуллоҳнинг елкаларидан тушдим ва иккимиз ортга қайтдик” (Аҳмад ривояти).

Ҳижрат қилинадиган кун Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам қўлларидаги омонатни эгаларига бериш учун ҳазрат Алига топширдилар. Тунда Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ётоқларига кириб, У зотни қатл қилишни режалаштирган мушриклар Пайғамбаримизнинг ўринларида ҳазрат Алини топиб, ҳанг-манг бўлиб қолишди. Бу вақтда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам Мадина сари йўлга чиқиб бўлган эдилар.

Дарвоқе, ҳазрат Али ўзининг жасорати ва довюраклиги билан ном қозонганди. Шунинг учун уни “ҳайдар” (шер) дейишарди.

Ҳазрат Али Пайғамбаримизнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам омонатларини эгаларига топширгач, Мадинага етиб келди ва Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам ёнларидан жилмади. Барча урушларда қатнашди. Уҳудда ғозий бўлди, Бадрда байроқдорлик қилди. Бадрда жанголди олишувларида яккама якка курашган уч кишидан бири эди. Жанг давомида муҳим нуқталарни Расулуллоҳга соллаллоҳу алайҳи васаллам тавсия қилиб, ғалабани мусулмонлар тарафга оғдиришда жонбозлик кўрсатди. Бадр ўлжасидан унга битта қилич, қалқон ва туя берилди. Унга берилган “Аллоҳнинг шери” лақаби келажак авлодларга ҳазрат Алининг жасоратига ҳавас қилиб қўйиладиган кўплаб исмларга асос бўлди.

Ҳазрат Али Бадр жангидан сўнг Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам қизлари Фотимага уйланди. Фотимадан уч ўғил, икки қиз кўрди. Ҳазрат Али Уҳуд куни Расулуллоҳни соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳимоя қиламан, деб кўп жойидан яраланди.

Ҳазрат Али Макка фатҳида ҳам байроқдор бўлди. У Қадо мавзеси орқали Маккага кирди. Макка бир томчи қон тўкилмасдан фатҳ этилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бошлиқ мусулмонлар шаҳардаги барча бутларни синдириб ташладилар.

Ҳазрат Али Яман ўлкаси Исломга киришига сабабчи бўлган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам у кишини Яманга жўнатаётиб: “Раббим, Алининг тили ўткир бўлиб, қалби ҳидоят нури билан тўлсин”, дея дуо қилганларидан кейин, ҳазрат Али қора байроқ олиб Яманга жўнади. Бир муддат иршоддан кейин Яманнинг барча аҳолиси мусулмон бўлди.

Расулуллоҳнинг соллаллоҳу алайҳи васаллам вафотлари чоғида ҳазрат Али ҳужраларида эди. Ҳазрат Умар бошқарувлари даврида бош қози бўлиб ишлади.

Усмон ибн Аффондан кейин атоқли шахслар ҳазрат Алига байъат қилишди. Аммо ҳазрат Алининг бошқарув даври ниҳоятда серғалва ва фитналарга бой бўлди. Ўзаро қарама-қаршиликлар туфайли Жамал ва Сиффин тўқнашуви юз берди. Ҳазрат Али ўзаро ихтилофларни бартараф этишга катта куч сарфлашга мажбур бўлди. Милодий 661 (ҳижрий 40-йилда) Куфада хорижий Абдураҳмон ибн Мулжам деган шахс бомдод намозига кетаётган ҳазрат Алини ярадор қилинди ва мана шу яралар туфайли вафот этди.

Ҳазрат Али доим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан бирга бўлгани сабабли тафсир, ҳадис ва фиқҳ илмларини мукаммал эгаллаган саҳобалардан бири эди.

Ҳазрат Али ибн Абу Толиб Ислом тарихидаги энг муҳим шахслардан бири бўлиб, Исломнинг кенг ёйилиши ва бизгача соф ҳолда етиб келиши йўлида мисли кўрилмаган хизмат қилган. Аллоҳ у кишидан рози бўлсин!

 

Манбалар асосида Шоакмал Акбарзода тайёрлади.

Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!