Саҳобалар ҳаётидан. Ҳазрати Умарни йиғлатган ишлар

22:00 07.04.2018 1846

ЎЛИМНИНГ СУРАТИ

Умар розияллоҳу анҳу Каъб розияллоҳу анҳуга: "Менга ўлим нима эканини айтиб беринг", деди. Каъб уни шундай таърифлади: “Эй мўминлар амири, у одам боласи қорнидаги тикони кўп дарахтга ўхшайди. Унинг томириям, бўғимиям бўлмайди. Фақат қўллари бақувват бир одам бу дарахтни ундан тортиб, суғуриб олади” деди. Буни эшитган Умар йиғлаб юборди.

 

“ОХИРАТ – БИЗЛАРГА!”

Анас ибн Моликдан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳузурларига кирсам, хурмо пўстлоғидан тўқилган сўрида ёнбошлаб ўтирган эканлар. Бошлари остида жилди теридан қилинган, ичига хурмонинг қипиқлари тўлдирилган ёстиқ бор экан. У зот ётган сўрига бир қават юпқа мато солинган экан. У зотнинг ҳузурларига кирган Умар йиғлаб юборди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам унга:

Ҳой Умар, нега йиғлаяпсан? – дедилар.

– Эй Аллоҳнинг Расули! Аллоҳга қасамки, мен йиғламас эдим. Лекин шуни биламанки, сиз Аллоҳнинг ҳузурида Форс подшоҳи Кисро ва Рум ҳукмдори Қайсардан ҳам азиз-мукаррамсиз. Улар дунё неъматларига ғарқ бўлган ҳолда фаровон ҳаёт кечиришяпти. Сиз эса, эй Аллоҳнинг Расули, мана шу ҳолатда, мен кўриб турган макондасиз, – деди.

Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:

Ҳой Умар! Дунё уларга, охират бизларга бўлишига рози бўлмайсанми? – дедилар у зот.

– Албатта хоҳлайман, эй Аллоҳнинг Расули! – дедим.

Ўша нарса шудир, – дедилар”.

 

ИККИ ДЎСТНИНГ ЙИҒИСИ

Умарул Форуқ ўз халифалиги даврида таниқли саҳобалардан Абу Дардо розияллоҳу анҳуни Шомдаги бир амалга тайинламоқчи бўлди. У аввалига тайсаллаб кўнмай турди. Аммо халифа сўзида қатъий туриб олганидан сўнг рози бўлиб, ўз шартларини қўйди: “Уларга Роббиларининг Китобини, Пайғамбарнинг суннатини ўргатишимга, жамоат намозини ўқиб беришимга рози бўлсанг, майли, вазифани қабул қиламан”.

Ҳазрати Умар рози бўлгач, янги волий Дамашққа жўнаб кетди. У ерда одамларнинг роҳат-фароғатга берилиб, дунё тўплашга киришиб кетишганини кўрди ва тезда халқни масжидга тўплаб, шундай хутба қилди: “Сизларга не бўлдики, олимларингиз кетиб бормоқда, жоҳилларингиз улардан ҳеч нарса олиб қолмаяпти?! Сизларга не бўлдики, Аллоҳ таоло Ўз зиммасига олган нарсага иқбол қилиб, сизнинг зиммангизга юклаган нарсани тарк этяпсиз?! Сизларга не бўлдики, емайдиган нарсангизни тўплаяпсиз, яшамайдиган биноларингизни тиклаяпсиз, етиша олмайдиган орзуларингизга интиляпсиз?!”

Кейинроқ мўминлар амири Умар ибн Хаттоб Ислом ҳукми остидаги вилоятларни текшириш асносида Шомга ҳам келди. Ярим тунда дўсти Абу Дардони зиёрат қилгани борди. Чироқ йўқ хонада икки дўст суҳбатлашиб ўтиришди. Ҳазрати Умар қоронғуда пайпаслаб, дўсти қум-тош устида яшаётганини, эгнида ҳам юпунгина кийим борлигини пайқади. Амир яна пайпаслаб билдики, Абу Дардонинг кўрпа-ёстиғи ҳам йўқ экан,  Бундан хижолат бўлиб кетган халифа ундан ўзи юбораётган маошларни қаерга сарфлаётгани ҳақида сўради. Шунда Абу Дардо “Эсингдами, эй Умар, Расулуллоҳ алайҳисалом “Сизларнинг дунёдан оладиган насибангиз мусофирнинг хуржунидаги озуқаси каби бўлсин!” демаганмидилар?!”

Ўша куни икки дўст йиғлаб тонг оттиришди.

 

ФАҚИР ҲОКИМ

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу халифалик пайтида Саид ибн Омир Жумаҳийни Химсга волий қилиб тайинлади. Уни сафарга жўнатиш олдидан ҳузурларига чақириб:

– Эй Саид, мана волий бўлиб кетяпсан, сенга қанча маош ажратай? – деб сўради халифа.

Саид ибн Омир талмовсираб қолди. У амирнинг ўзи жуда оз маошга қаноат қилиб юрганини, уйида кўпда қозон қайнамаслигини, кийимида бир неча ямоқ борлигини эшитганди. Шунинг учун хижолат бўлиб:

– Эй мўминлар амири, мен маошни нима қиламан? Байтулмолдан бериб туриладиган нафақа (яъни, кийим ва овқат)нинг ўзи етади, – деб жавоб қайтарди ва Химсга жўнаб кетди.

Саид Химсда волийлик қилиб тайинланганидан кейин бир оз вақт ўтгач, Умар ибн Хаттоб бир гуруҳ ишончли кишилар билан Химсга келди. Мақсад – волийнинг иши билан танишиш, камчиликларини тузатиш, адолатсизлик қилган бўлса, танбеҳ бериш эди. Халифа халқнинг ҳаёти билан танишиш, муҳтож ва мискинлар бўлса, уларга ёрдам кўрсатиш учун бечора-фақир кишиларнинг рўйхатини олишга буюрди. Рўйхат тузилди. Уни кўраётган Умар рўйхатнинг аввалида “Саид ибн Омир” исмига ногоҳ кўзи тушиб, атрофдагилардан сўради:

– Ким бу?

– Бизнинг волийимиз...

– Ие, у ҳам фақирлар қаторидами? – ҳайрон бўлиб сўради халифа.

– Ҳа, жуда ҳам фақир. Валлоҳи, унинг уйида ойлаб ўчоққа ўт қаланиб, овқат пиширилмайди.

Бу гапларни эшитиб, ҳазрати Умар йиғлаб юборди. Бу қандай мўминки, ўзи волий бўлатуриб, бой бир ўлканинг ҳукмдори бўлатуриб, ўзи камбағалларча турмуш кечирса, Байтулмолдан егулик олишга ҳадди сиғмаса?! У-ку бир волий экан, бутун Ислом оламининг халифаси Умарнинг ўзи-чи? Унинг ҳам хонадонида унча-мунчага қозон қайнамайди, эгнидаги хирқасининг бир неча ямоғи бор. Мусулмонликнинг, мўминликнинг қисмати шундай. Волийси ҳам, халифаси ҳам, олими ҳам, фозили ҳам сабр-қаноатда, тамкин-итоатда бир-биридан ўзишга ҳаракат қилади.

Ҳазрати Умар шундан кейин волийнинг вакилларига минг динор бериб тайинлади:

– Мендан Саидга салом айтинглар. Мана бу пулларни мўминлар амири муҳтожликдан қутилишинг учун бериб юборди, – деб айтинглар.

Умар ибн Хаттоб юборган халтачани вакиллар Саид ибн Омирга келтириб беришди. Волий ҳайрон бўлиб очиб кўрди. Қараса, ичи тўла динор... Шунда у бошига оғир кулфат тушган одамдай, истиржоъ айтди: “Инна лиллаҳи ва инна илайҳи рожиъун”. Халтачани четга сурди, кайфияти бузилди, юраги сиқилди. Охири барча динорни майда халтачаларга солиб тақсимлади ва ҳаммасини мусулмонларга тарқатиб тинчиди.

 

РАШК ҚИЛАРМИДИМ...

Бир куни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам саҳобалар билан суҳбатлашиб ўтиргандилар. Кейин уларга қарата шундай дедилар:

Тушимда жаннатни кўрдим. Бир аёл кўркам ва улуғвор бир қаср ҳовлисида ўзига оро бериб турарди. Мен фаришталардан: “Бу қаср кимники?” деб сўрадим. Улар: “Умар ибн Хаттобники”, дейишди. Шунда мен Умарнинг ниҳоятда рашкли эканини эслаб, қасрдан нари кетдим.

Умар ибн Хаттоб Расули акрамнинг бу гапларини эшитиб, тўлқинланиб кетганидан ҳўнграб йиғлаб юборди ва йиғи аралаш шундай деди:

– Эй Аллоҳнинг Расули, ота-онам сизга фидо бўлсин, келиб-келиб сиздан рашк қилармидим?!

 

“АЛЛОҲДАН ҚЎРҚ, ЭЙ УМАР!”

Ҳазрати Умар ҳар гал Мадина кўчаларидан ўтиб бораётганида у ерда ўйнаб юрган болалардан бири шерикларига шундай дейди:

– Ҳозир бориб, анави кишини йиғлатиб келайми?

У шундай дейди-да, ҳазрати Умарнинг олдига бориб:

– Аллоҳдан қўрқ, эй Умар! – дейди ва ҳар сафар Умар боланинг бу гапидан ҳўнграб йиғлаб юборади.

 

ЙИҒИ САБАБИ

Умар розияллоҳу анҳу ўлими олдида йиғлади. Шунда у кишига: “Нега йиғлаяпсиз?” дейишган эди, у киши: “Аллоҳнинг ҳузурида улкан ҳисобланадиган бирор гуноҳни ўзимча кичик санаб қилиб қўймаганмикинман, деб қўрқмоқдаман”, деди.

 

РАҲМАТНИНГ ОВОЗИ

Умар ибн Хаттоб момақалдироқнинг овозини эшитиб, қаттиқ йиғлади. Шунда ҳамроҳларидан бири: “Эй мўминларнинг амири, нега йиғлаяпсиз?” деди. У зот: “Раҳматнинг овози шу бўлса, азобнинг овози қандай бўлар экан!” деди.

 

“ҲАММА СЕНДАН ФАҚИҲРОҚ...”

Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бир куни бозорда бир кишининг олдидан ўтди. Ҳалиги киши: “Аллоҳим, мени озчилик бўлган бандаларингдан қилгин! Аллоҳим, мени озчилик бўлган бандаларингдан қилгин” деб дуо қилаётган экан. Шунда Умар розияллоҳу анҳу: “Бу дуони қаердан олдинг?” деб сўради. У киши: “Аллоҳ Ўзининг азиз Қуръон Китобида “Бандаларимдан шукр қилувчилари оздир” (“Сабаъ” сураси, 13-оят) деган-ку”, деди. Шунда Умар розияллоҳу анҳу йиғлаб, “Эй Умар, одамларнинг барчаси сендан фақиҳроқ”, деди.

 

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!