Саҳобалар ҳаётидан: Қусам ибн Аббос

17:00 11.06.2018 895

Қусам ибн Аббос номи тарихнинг тўзонли саҳифалари орасида қолган, у тўғрида кўп ҳам маълумот мавжуд бўлмаган саҳобийдир. Ҳолбуки, бу зот Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг яқинларидан бўлиб, қабри бизнинг заминимизда, Самарқандда жойлашганлиги кўпчиликка маълум.

Қусамнинг отаси Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг амакилари Аббос, онаси Маймуна онамиз розияллоҳу анҳонинг сингиллари Лубоба бинти Ҳорис Ҳилалиййа. Бу Қусам ибн Аббоснинг пайғамбаримиз билан ҳам ота, ҳам она томонидан қариндош бўлганлигини кўрсатади. Манбаларда айтилишича, ҳазрати Хадича розияллоҳу анҳодан кейин Исломни қабул қилган биринчи аёл Қусамнинг онасидир.

Қусам ибн Аббоснинг туғилган йили ҳақида аниқ маълумот йўқ. Аммо 626 йил, 11 январда (ҳижрий 4 йил, 5 шаъбон) туғилган ҳазрати Ҳусайн билан эмикдош бўлгани ҳисобга олинса, 626 йил деб тахмин этиш мумкин.

Бу саҳобийни Пайғамбар алайҳиссалом жуда яхши кўрар эдилар. Бир марта Арафотдан қайтаётиб уловларининг олдига уни, орқасига акаси Фазлни мингаштирганлар. Яна бир гал тенгдошлари билан ўйнаб турган кичкина Қусамни шу ердан ўтиб бораётиб уловларига миндириб олганлар.

Абдуллоҳ ибн Аббосдан қилинган ривоятга кўра, Қусам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг муборак жасадларини ювиб, дафн этишда қатнашган ва унда асосий вазифани бажарган. У зот алайҳиссалом тупроққа қўйилгач, энг охири қабрдан чиққан, бинобарин, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламни сўнгги бор кўрган у эди. Гарчи ёши кичик бўлгани учун уч рошид халифалар даврида бирор вазифага тайинланмаган бўлса-да, ҳазрати Али розияллоҳу анҳу замонида Макка волийси бўлган. Бу пайтга келиб Қусам ўттиз икки ёшлар атрофида эди. Унинг Маккага волийлиги 42 ҳ./662 м. йилгача – ҳазрати Муовия Холид ибн Осни унинг ўрнига тайинлагунига қадар давом этди.

Қусам ҳазрати Муовия даврида, 56 ҳ./676м. йилда Саид ибн Усмон қўмондонлигидаги қўшин сафида Мовароуннаҳр сафарида иштирок этди. Умавийлар билан муносабатлари яхши бўлмагани учун бу юришда Қусам оддий аскар сифатида қатнашди. Чунки у ҳазрати Али ва ҳазрати Муовия ўрталаридаги тортишувда ҳазрати Али тарафида турган ҳамда унинг Маккадаги волийси бўлганди. Саид ибн Усмон гарчи умавийлардан бўлса-да, қўшини сафидан жой олган Қусамга иззат-икром кўрсатди, ёнидан айирмади.

Ўта тавозели, камтарин ва қаноатли зот бўлган Қусам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламга яқинман деб ўзини бошқалардан устун тутмасди. Чунончи, бир ривоятда Саид ибн Усмон: “Қўлга киритилган ўлжадан сизга минг ҳисса ажратилсинми?” – дея сўраганида, у зот: “Йўқ, беш ҳисса”, деб жавоб берган. Кейин яна: “Олдин бошқаларнинг ҳиссаларини беринг, ундан кейин меникини ўйлаб кўрамиз”, деган экан.

Бу буюк шахс вафот этган жой борасида турли маълумотлар мавжуд. Унинг Самарқандда вафот этгани ва қабри ҳам ўша ерда экани ҳақида жуда кўп ишончли манбалар, жумладан, Бухорий ўз асарида гувоҳлик беради. Ҳатто унинг акаси Абдуллоҳнинг: “(Укамнинг) туғилган ва вафот этган жойи бир-биридан нақадар узоқ! Маккада туғилди, аммо Самарқандда ўлди”, дегани ривоят қилинади. Бундан ташқари, тафсир асари муаллифи Абу Солиҳнинг: “Биз ҳеч бир ота-онанинг болалари қабрини Аббос ва Умму Фазлнинг фарзандлари қабричалик бир-биридан узоқ бўлганини кўрмадик. Фазл Шомда, Абдуллоҳ Тоифда, Убайдуллоҳ Мадинада, Қусам Самарқандда, Маъбад эса Африкада вафот этишди”, деган сўзи машҳурдир.

 

Нўъмон АТАБАЕВ.

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!