Саҳобалар ҳаётидан: Валид ибн Валид ибн Муғира

02:00 05.06.2018 1158

Валид ибн Валид ибн Муғира ибн Абдуллоҳ, насаби Пайғамбаримиз билан Мурра ибн Каъбда туташади. Машҳур саҳобий Холид ибн Валиднинг ота бир укаси.

Отаси Валид ибн Муғира жоҳилият даврида Макка раисларидан бўлиб, бой зодагон эди. У ҳаж мавсумида қирқ кун мобайнида ҳожилар учун ҳар куни ўнтадан туя сўйдиргани, карвонлари кўплигидан Макканинг барча дарвозаларидан бир вақтда киргандагина бир жойга тўпланиши, бир дарвозадан кирса, сиғмай қолиши ҳақида ривоятлар айтилади. Каъба устига ёпиладиган каъбапўшни бир йили бутун Қурайш, иккинчи йили эса Валид ибн Муғиранинг бир ўзи тайёрлатар эди. Даъватни бошлаганларида Валид ибн Муғира Пайғамбар алайҳиссаломни сеҳргар деб эълон қилган, шунда у ҳақда “Муддассир” сурасининг оятлари нозил бўлган. Ҳижратнинг учинчи йили 95 ёшида Маккада вафот этган.

Валид ибн Валид розияллоҳу анҳу Бадр жангида мушриклар томонида жангга кириб, Абдуллоҳ ибн Жаҳш томонидан асирга олинади. Уни гаров пули тўлаб озод қилиш учун икки акаси – ота-она бир акаси Ҳишом ибн Валид ва ота бир акаси Холид ибн Валид Мадинага келади.

Ривоятда келишича, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Абдуллоҳ ибн Жаҳшга: “Унинг гаров пулига отаси Валиднинг аслаҳасидан бошқасини олмагин”, деб тайинладилар. Аслаҳа эса кенг совут, қилич ва дубулғадан иборат эди. Холид бу таклифни рад этди, аммо Ҳишом рози бўлди, чунки Валид ибн Валид унинг ота-она бир биродари эди. Аслаҳалар баҳоланиб, гаров эвазига Абдуллоҳ ибн Жаҳшга берилди. Айирбошлашдан сўнг маккаликлар Валид ибн Валидни олиб йўлга тушдилар. Зулҳулайфага етганларида Валид ибн Валид розияллоҳу анҳу ажралиб чиқиб Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига қайтди ва ислом динини қабул қилди. Шунда Холид ундан: “Шу нарса кўнглингда бор экан, нега товон пули тўланиши ва отамизнинг аслаҳалари қўлдан чиқишидан олдин Муҳаммадга эргаша қолмадинг?” деб сўради. У бундай жавлб берди: “Қавмимдаги бошқаларга гаров пули тўланаётгани сингари менга ҳам гаров пули тўланмагунича исломга кира олмас эдим. Токи Қурайш аҳли гаров пулидан қочиб Муҳаммадга эргашди дейишмасин”. Кейин учовлон яна Макка томон йўл олишди. Маккагача унга тегишмади, у ерга етиб олгандан сўнг Бану Махзум уруғидан исломни қабул қилган Айёш ибн Абу Робиа ва Салама ибн Ҳишом билан бирга уни ҳам қамаб қўйишди. Бу иккови Ҳабашистонга ҳижрат қилган муҳожирлардан эди. Учовлон ҳақига Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам уч йил давомида: “Аллоҳ, Ўзинг Валид ибн Валид ва бошқа мўмин бечораларга нажот бергин”, деб дуо қилдилар.

Валид ибн Валид розияллоҳу анҳу бир амаллаб тутқунликдан қочиб Мадинага келганда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам ундан Айёш ибн Абу Робиа ва Салама ибн Ҳишом ҳақида сўрадилар. Валид розияллоҳу анҳу улар тутқунликда азобланишаётганини ва бир-бирининг оёғига боғлаб қўйилганини айтди.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар: “Маккага бориб, темирчиникига туш, у исломни қабул қилган. Уникида беркиниб туриб, Айёш ва Саламани қутқаришга йўл қидир. Сен борганда Расулуллоҳнинг элчиси бўлиб келганингни айт ва йўлга чиқишларини тайинла”. Валид ибн Валид бу ишни қойилмақом бажарди. Учови Мадинага эсон-омон етиб келдилар.

Ҳадис китобларида бу саҳобийдан битта ҳадис ривоят қилинган. Валид ибн Валид Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга: “Ё Расулуллоҳ, мен уйқумда қўрқиб чиқаман”, деб айтди. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам дедилар: «Ухлаш учун ётадиган бўлсанг, “Бисмиллаҳи, Аллоҳнинг сўзлари билан Унинг ғазаби, иқоби, бандаларининг ёмонлиги, шайтонларнинг васвасалари ва менинг ҳузуримга келишларидан паноҳ сўрайман”, дегин. Шундай қилсанг, сенга зарар етмайди, ҳаттоки яқинлашмайди». Валид шундай қилди ва қўрқувдан қутулди.

Унинг Мадинада вафот этгани айтилади, аммо вафот вақти манбаларда турлича кўрсатилган. Айримларида ҳижрат қилиб Мадинага етганда вафот этган, дейилса, айримларида эса Расулуллоҳ билан қазо умрасини адо этгани ҳақида ҳам маълумотлар учрайди.

 

Манба: Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!