Саҳобалар ҳаётидан: Зайд ибн Собит

23:00 30.06.2018 434

Тўлиқ исмлари Зайд ибн Собит ибн Даҳҳок ибн Зад ибн Лавзон ал-Ансорий ал-Хазражий. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг илғор ансорий саҳобаларидан. Отаси Собит ҳижратдан беш йил бурун вафот этганди. Онаси – Навор бинт Молик. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Мадинага ҳижрат қилганларида Зайд розияллоҳу анҳу чамаси ўн бир ёш эдилар. Жуда ёшлиги сабаб Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам унга Бадрда қатнашишга изн бермаганлар.

Зайд розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламга яқин инсон бўлишни истардилар. У киши дилидагини оналарига билдирдилар. Оналари уни Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига олиб борди ва деди:

– Ё Расулулоҳ, бу – ўғлимиз Зайд ибн Собит. Қуръондан ўн етти сурани ёд олган. Уларни сизга туширилган тартибда ёдлаган. Қўл-оёғи чаққон, ўқиш-ёзишни билади. Шунинг учун ёнингизда юришни истаяпти. Истасангиз, тинглаб кўринг.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Зайд розияллоҳу анҳуни тинглаб кўриб, тажвиди чиройли ва тили равон эканини билдилар. Қуръон калималарини диққат ва эътибор билан ўқишидан маъноларни англаётгани маълум эди. Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам Зайддан мамнун бўлдилар. У кишининг чиройли хати эса, янада хурсанд қилди.

У зот соллалоҳу алайҳи ва саллам:

Зайд, мен учун яҳудийлар ёзувини ўрган. Чунки айтаётган гапларимни тўғри таржима қилишларига ишончим комил эмас.

– Бош устига, ё Расулуллоҳ! – дедилар Зайд розияллоҳу анҳу ва шу ондан иброний тилини ўрганишга киришдилар ва қисқа муддатда ўзлаштириб олдилар. Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва саллам яҳудийларга мактуб битмоқчи бўлсалар, иброний тилида ёзиб, яҳудийлардан келган хатларни у зот соллалоҳу алайҳи ва салламга ўқиб бера бошладилар. Бундан ташқари, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва салламнинг тавсиялари билан сурёний тилини ҳам ўргандилар. Шу тариқа Зайд розияллоҳу анҳу Пайғамбар соллалоҳу алайҳи ва салламнинг тилмочларига айландилар. Жуда ақлли ва хотиралари кучли инсон эди. Қуръонни ёзиб бориш вазифаси ҳам у кишига юкланганди.

Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳу олим саҳобалардан бири эдилар. Қуръонни ёд олишдан ташқари, мерос (фароиз) илмини ҳам чуқур эгаллаганликлари сабаб, Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи ва саллам: «Фароизни энг яхши биладиган Зайддир», деганлар (Асқалоний).

Гарчи жуда аниқ бўлмаса ҳам, Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳунинг вафот йили ҳижрий 45-йил экани айтилади. Вафот этган чоғларида 54 ёшда эдилар.

Зайд розияллоҳу анҳудан ибн Умар, Абу Саид Худрий, Абу Ҳурайра, Анас ибн Молик каби саҳобалар, тобеинлардан Саид ибн Мусайяб, Қосим ибн Муҳаммад, Сулаймон ибн Ясор ва бошқалар ҳадис ривоят қилишган.

Аллоҳ у зотдан рози бўлсин!

Манбалар асосида Шоакмал Шоакбар ўғли тайёрлади

Irfon.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!