Саҳобалар муваффақияти сири нимада?

00:00 12.07.2018 820

Саҳобалар ҳаётига назар ташлар эканмиз, уларни бошқалардан ажратиб турувчи хислатларни кўрамиз. Жумладан:

1. Саҳобалар Аллоҳ розилигини ҳар нарсадан устун қўйишган, қалблари Аллоҳга боғланган, оламлар Раббини, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни қаттиқ яхши кўришган, ҳаётнинг аччиқ-чучугини у зот билан бирга тотишган. Қанча қийинчиликка учрашса-да, турли азоб-уқубатлар тортишса-да, имондан воз кечикмаган. Чунки улар Пайғамбаримиз алайҳиссаломда олийжанобликни, хушхулқни кўрдилар, қалб ташналиклари у зот меҳрлари ила қонди, пурҳикмат сўзлари саҳобалар қалб кўзини очиб юборди, Қуръон оятлари кўнгилларини сайқаллади, қалбларидаги адоват оловини ўчирди, ҳис-туйғуларини ишонч суви билан суғорди. Натижада руҳлари тинчланди, танлари ором олди, асаблари сокинлашди. Мана шу хислат саҳобалар бахт-саодатга эришишида асосий кўприк вазифасини ўтади.

2. Асҳоблар ҳаёти жуда содда, дабдабадан йироқ бўлган, ишлари ҳам оддий усулда бажарилган. Улар ҳар соҳада ўртача йўлни танлашган: ғулувга кетишмаган, сусткашликка ҳам йўл қўйишмаган.

3. Илмлари таҳсинга сазовор, баракали, амал билан мувофиқ равишда бўлган. Истилоҳларида тушунарсиз, мураккаб, сохта, уйдирма, муболағали сўзлар деярли ишлатилмаган.

4. Улар учун қалб амаллари бадан амалларидан муҳимроқ ҳисобланган. Шунинг учун саҳобаларда ихлос, таваккул, муҳаббат, рағбат, қўрқув, хушуъ кучли бўлган.

5. Саҳобалар ҳам биз каби инсон бўлишган: овқат ейишган, ичимлик ичишган, оила қуришган, тирикчилик қилишган. Бироқ улар имон ҳаловатига етишганлари сабаб қалблари хотиржам бўлган, дунё матоҳларига ҳечам қизиқишмаган, моддий лаззатларга ружуъ қўйишмаган, ўткинчи ҳаёт зеб-зийнатларидан юз ўгиришган. Дунё улар учун асосий мақсад эмас, восита саналган. Шунинг учун энг зарур кундалик юмушларни бажариб, бор эътиборларини охират ободлигига қаратишган, тоат-ибодатга жидду жаҳд қилишган.

Зиёвуддин Раҳимнинг “Намозда хушуъ” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!