Саид Чамлижа: «Масжидлар маҳалланинг юраги бўлиши керак!»

16:05 29.08.2019 866

Саид Чамлижа ким?

1974 йилда Германияда туғилган. Бошланғич мактабни Германияда, ўрта ва лицей таълимини Туркиянинг Токат вилояти, Турҳал туманида олган. 2000 йилда университет таҳсилини тамомлаган ёзувчи давлат ташкилотлари ва хусусий таълим муассасаларида ўқитувчилик қилган. Илк китоби 2006 йилда нашр қилинган. Муаллифнинг “Фарзанд тарбиясида 33 хато”, “Ўқитувчи уруғда ўрмон кўриши керак”, “Ўқияпман, демак, яшаяпман”, “Стресс ва имон”, “Қуръон алифбосими, ахлоқими?” ва бошқа ўнлаб асарлари нашр қилинган

Бугун масжидлар жиддий аҳамият касб этмоқда. Масжидлар жамият ҳаётида фаол хизмат кўрсатиши имомлар елкасидаги масъулият залворини икки ҳиссага орттиради. Имомлар ва масжидлар ривожланиши йўлида изланишлар олиб борган педагог-ёзувчи Саид Чамлижа билан “Маҳалланинг тақдирини ўзгартирган имомлар” китоби атрофида масжидларимизнинг вазифаси ва маҳалла имомларининг масъулияти хусусида суҳбатлашдик.

– Бундай асар ёзишингизга нима туртки бўлди?

– Узоқ йиллар Дин ишлари бошқармасида ходимларга таълим бердим. Имомлар ва Қуръон курслари устозларига ўқув семинарлари ташкил қиларканман, кўп инсонлар билан танишдим. Айрим имом ва устозларнинг яхши тадқиқотлари ва лойиҳалари эътиборимни тортди. Шундай уламолар билан суҳбатлар уюштириб, уларни бир китобга жамлашга ҳаракат қилдим. Қолаверса, дин йўлида хизмат қилиш учун кириб келаётган ва касб фаолиятини бошлаш арафасида бўлган ёшларга бундай қўлланма зарур деб тушундим. Мазкур китоб яхшиликларнинг, яхши лойиҳаларнинг ва ўринли тавсияларнинг мажмуаси бўлди деб ўйлайман.

– Устоз, имомлар маҳалла тақдирини қандай ўзгартириши мумкин?

“Ҳар бир мусулмон дини учун масъулдир!” деган жумлага жиддий эътибор бераман. Албатта, ҳар биримизнинг қўлимиз етган жойда жавобгарлигимиз бор. Ўқитувчи ўқувчиларининг, мактаб мудири маҳалланинг тақдирини салбий ёки ижобий томонга ўзгартира олади. Бир имом ўз вазифасини фақат намоз ўқиш бошқарувчиси сифатида билса, касбига нисбатан қарашларини кўздан кечириши керак. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассаллам дунёни биз “МЕҲРОБ” дейдиган мақомдан чиқиб ўзгартиришга муваффақ бўлдилар. “Меҳроб” ҳарб сўзи билан бир илдизга эга. Имомларнинг намоз ўқийдиган макони меҳроб эса жаҳолатга қарши ҳарб қилинадиган жой маъносига тўғри келади.

– Имомлик фақат намозда бош бўлишми? Рисоладагидек имом қандай бўлиши керак? Имом нима дегани?

– Она сўзи билан имом сўзи айни илдиздан келади. Имом – жамоатнинг, жамиятнинг олдида турадиган одам, яъни етакчи. Ҳам оналик меҳри билан жамиятга қучоқ очиши, ҳам маҳаллага бош бўлиши керак. Бу бошчилик фақат намозда бош бўлиш билан чекланиб қолмайди. Донишмандлик ва гўзал ахлоқда ҳам имом бошқалардан олдинда бўлиши керак. Ўзини тарбияламаган бошқани тарбиялай олмайди деган ҳақиқат имомнинг хаёлидан ҳеч қачон фаромуш бўлмаслиги керак. Имомлар ва ўқитувчилар маҳалланинг энг кўп китоб ўқиган инсонлари бўлиши керак.

– Китобингизда имомларга қандай маслаҳатлар бергансиз?

– Хизмат вазифаси билан боғлиқ масъулият ва жавобгарликни эслатиб, ўз ишини сидқидилдан бажарган имомлардан тавсиялар ва уламоларнинг хизматларидан мисоллар келтирганман. Ҳар бир касбни яхши ёки ёмон кўрсатган шу касбда фаолият юритадиган инсонлардир. “Ўқитувчилар ишини яхши бажармайди” ёки “имомлар ўз ишига муносиб эмас” деганлар ҳар доим салбий ҳолатларга дуч келган инсонлардир. Ҳар бир касбнинг илоҳий жавобгарлиги бор. Имомлик ва ўқитувчилик каби жамиятнинг энг олди, жамият келажагига таъсир кўрсата оладиган касбларнинг масъулияти бошқа соҳа вакилларидан кўра залворлироқдир. Ҳар бир касбда бўлганидек имомликда ҳам ўзи ишини бажарган ва ишламаслик учун минг бир баҳона топадиган инсонлар бор. Фақат салбий мисоллар ҳақида гапириш тиканни суғоришга ўхшайди. Яхшиликлар кўпайишини истаганлар яхши нарсаларни суғориши, айтиши керак. Кимдир тили билан, кимдир ҳаракати билан дуо қилади. Бу китоб менинг ҳаракат дуоимдир.

– Ёшлар дин билан боғлиқ саволларининг жавобини масжидлардан топа олишадими?

– Масжидларда айтиладиган гаплар ёшлар жавоб излаган саволлар орасидаги фарқлар энг жиддий муаммоларимиздан биридир. Ёшлар илмиҳол китобларидан ёки ишлатаётган қўл телефонларидан жавобини топаётган саволларни беришмайди. Техника асрида туғилиб улғаяётган ёшларнинг саволларидан баъзи мисоллар келтириб ўтай: “Fake (сохта) аккаунтлардан фойдаланиш жоизми? Ижтимоий тармоқлардаги профилларида ёлғон гапириш гуноҳми? YouTube’дан пул топиш жоизми? Сотаётган молларимнинг рекламаларини ошириб кўрсатсам гуноҳ бўладими? Ҳаддан ортиқ “like” йиғиш учун улашаётганларимни кўпиртирсам бўладими? Сотиб олинган аккаунтлар билан медиа оламида феномен бўлсам, бу аккаунтларим рекламаларини fake аккаунтларда улашсам, топган пулим ҳалол бўладими? Bitcoin’га сармоя киритиш жоизми? Сунъий ақл билан ишлаган робот ортида намоз ўқиш жоизми?”

Ёшларнинг дин хусусида сўраган саволларига жавоб бермаслик, уларга йўл кўрсатмасликдир. Масжиддаги ходимларимиз асосан масжидга келган ҳожи амакиларга гапирадиган дил тили билан ёшларга динни тушунтиришга уринишади.

– Суҳбатимиз сўнгида мавзу билан боғлиқ яна нималар демоқчисиз?

– Бу китобни тайёрлаш жараёнида бир қанча учрашувлар, суҳбатлар уюштирдим. Репортажлар тайёрладим. Учрашувлар асносида фаолияти давомида муваффақиятга эришган баъзи бир уламо ва имомларнинг муштарак хусусиятлари диққатимни тортганди. Уларни қисқача айтиб ўтсам. 

1. “Ўқи!” амрини тўғри уқмоқ! Аллоҳнинг “Ўқи” амри фақат билим олиш учун ўқиш маъносида келмаган. Бир қанча муфассирлар бу мавзуга муносабатини билдирган. “Ўқи!” амрининг бошқа бир маъноси “ўзи яшаётган ҳудуднинг шарт-шароитлари, имкони, фурсати, тузоқларини, ёшларнинг ҳиссиёт оламини ўқимоқдир.” Ўзини доимий тарзда ривожлантириш, поклаш учун китоб ўқиган, касбининг масқсади ва масъулиятини тўғри тушунган кишилар бошқалардан кўра муваффақиятли бўладилар.

2. Янги насл таълим-тарбияси учун. Янги насл етиштириш учун маҳалланинг болалари ва ўсмирлари масъуллар қўлидаги энг асосий маҳсулотлардир. Бу маҳсулотларга яхши ишлов бера олганлар янада муваффақиятли бўладилар.

3. Ўрнак бўлиш. Измирнинг Тире туманидаги Таълим маркази мудири муҳтарам Рамазон Бозкурт билан суҳбатлашаганимизда, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг инсонлар билан муносабат қилганлари борасида ўринли ўхшатма келтирди: “Пайғамбар алайҳиссаломнинг ибодат қилишларига, кийимларига ҳавас қилиб мусулмон бўлган битта ҳам саҳоба йўқ. Исломни танлаган саҳобалар Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламнинг ахлоқларидан таъсирланиб мусулмон бўлганлар”. Учрашган уламоларим ва дин ходимларининг хулқ ва яшаш тарзи билан жамоатга ҳамда атрофидагилар ўрнак бўлиб, гўзал амалларни бажара олганларига гувоҳ бўлдим.

Хуллас, демоқчиманки, мусулмон бошлиғидан олдин Аллоҳга бериши муҳаққақ бўлган ҳисобни ўйлаши керак. Баъзан дин ходимларига семинарлар ўтказаётганимда, ортингизда муфтий турганида ўқиган намозингиз муфтий йўқлигида ўқиган намозингиздан фарқ қилса, раҳбарлигингиз бандалигингиздан муҳим экан, дейман.

Суҳбатдош: Зиё Гундуз

Таржимон: Умида Азиз

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!