Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Саида Мирзиёева: «Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир»!

3979

Бугун, 28 февраль санасида «Humo Arena» саройида «Заковат» интеллектуал клубининг янги мавсуми очилиши бўлиб ўтди. Мазкур тадбирда Azon.uz, AzonTV муассиси Мубашшир Аҳмад ҳам иштирок этди.

Тадбирда Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси Комил Исмоилович Алламжонов, раис ўринбосари Саида Шавкатовна Мирзиёева нутқ сўзлади. Комил Алламжонов ўз сўзида жадид бобомиз Мунавварқори Абдурашидхоновдан иқтибос келтириб, жумладан шундай деди: «Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади» («Туркистон» газетаси, 1923 йил).

Саида Мирзиёева маърузасини Аллоҳнинг каломи – «Мужодала» сурасининг 11-ояти билан бошлаб, уни илмга тарғиб этувчи Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадиси шарифлари билан якунлади. Ушбу маърузада ёшларни илмга тарғиб этиш, уларни билим олишга илҳомлантириш асосий планга олиб чиқилиши билан эътиборга молик.

Қуйида маърузаларнинг матни билан танишишингиз мумкин.

Комил Алламжонов, Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси:

“Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”. Бу гаплар 1923 йили, яъни бундан юз йил олдин миллатимиз жадидларидан Мунавварқори Абдурашидхонов томонидан «Туркистон» газетасида айтилган экан.  

Ассалому алайкум, билимдонлар! 

Яқинда бир пост ёзгандим, орангизда балки уни ўқиганлар ҳам бордир. Хуллас, унинг мазмун маьноси шундай эди: Бирлашган Араб Амирликлари тадқиқот ўтказиш учун космик аппаратларини Марсга учириб мақтанаетган бир пайтда биз асосан икир чикир майда-чуйда масалалар ёки иғво-ғийбатлар билан оворамиз.  

Бу пост анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Улар орасида Мунаввар қорининг ҳозиргина айтилган сўзларига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим.  

Қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан. 

Тузум ўзгарган, сиёсат ўзгарган, давр ўзгарган, бизнинг  дунёқарашимиз эса ҳали ҳам ўша-ўша.  

Нега, деган савол туғилади. 

Нега ўзимизда бундай янгиликлар деярли йўқ? Нега илм-фандаги инқилобий ўзгаришларни фақат телевизорда томоша қилишимиз ёки интернетда ўқишимиз керак?  

Биз ўтмишдаги улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Суратларини деворга илиб, ғурур билан “шуларнинг давомчиларимиз”, деймиз.  Ўзимизга келганда, КЕЛАЖАГИМИЗ буюк бўлишига ишонамиз. Аммо БУГУН қўлимизда на бир арзигулик кашфиёт, на оламшумул лойиҳа бор.  

Хадеб ўтмишдаги алломалар билан қуруқ фахрланиб юравермай, шеьрхонлик ва ғазалхонликдан ташқари табиий фанлар, лабораториялар, олимларнинг тадқиқотлари ва кашфиётларини, умуман илмни трендга чиқариш кераклиги ҳақидаги фикрларим кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади.   

Лекин фикрим қатъий! Ҳар биримиз бугун дунёқарашимизни кенгайтирмас эканмиз, ўз-ўзимизга қўйган чегараларни олиб ташламас эканмиз, муаммога дуч келганда дарров ҳафсаламиз пир бўлаверса, фақат кимдандир, нимадир кутиб яшайверсак ва қуруқ гаплардан амалий ишларга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ. 

Мен, Қорақамишлик, 90-йилларнинг боласиман.  Адамлар оддий автослесарь, ойим 3-туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлаганлар.   

Мактабда ўртача ўқиганман. Шўхроқ бўлганман. Лицейимиз директори доим “сени мактабдан ҳайдайман”, деб пўписа қиларди.

Аммо онам мени олий маълумотли, зиёли одам бўлишимни орзу қилардилар. Бувим  эса доим: “Шу болам министр бўлади”, дердилар.  

Лекин бу гапга ҳеч ким ишонмасди. Чунки аксарият одамларимиз ишчи ёки оддий деҳқон оиласининг боласида бундай имконият йўқ деб ҳисоблайди. Мен эса ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда, ҳатто институтдан ҳайдалганимда ҳам таслим бўлмаганман! 

Ўшанда ойим: “Ох, болам-а! Майли сиқилма, рабочийни боласи рабочий бўларканде”, деганларида, ичим зил кетган. Ундан кўра бир тарсаки туширсалар яхши бўларди. 

Телевидениедан арзимаган лавҳани деб ҳайдашганда ҳам,  бизнесим касод бўлиб, ақлга сиғмайдиган даражада зарар кўрганимда ҳам, обрўим, шаънимни ер билан яксон қилишмоқчи бўлганида ҳам енгилмаганман!  Фақат яхши ният ва тинимсиз ҳаракат ва, асосийси, Аллоҳга таваккал қилиш билангина ўйлаган натижаларимга эришиб келяпман.  

Боланинг шаклланишида оилавий муҳит, ота-онанинг ўрни, таъсири жуда катта. 

“Ўқиб, шаҳар оберармидинг?, “Поддержка қиладиган кимимиз бор, нимангга ишоняпсан?”, “Ҳадеб китоб титгандан кўра, бор мол-ҳолга қарасангчи”, деган гапларни кўп оилаларда эшитамиз. Балки ўзимизга ҳам айтилгандир бундай гаплар. 

Шунақа гапларни эшитган бола қадди букик, бўйни эгик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб вояга етиши аниқ!

ЎЗИГА ИШОНЧИ БЎЛМАГАН, БИРОВГА ҚАРАМ МИЛЛАТ АНА ШУНДАЙ ШАКЛЛАНАДИ! 

Биз қандай мақсадлар билан, нима учун яшаймиз ўзи, деган саволга жавоб ҳар доимгидек ўша-ўша: “участка” қуриш, “иномарка” миниш, қарзга ботиб бўлса ҳам, дабдабали тўй қилиш... Уёғига – чойхонабозлик. Ҳаётимиз мазмуни - шу.   

Ваҳоланки, биз илм-фан соҳасида катта ютуқларга эришган даврлар ҳам бўлган.

Биринчи телевизион сигнал 1928 йили дунёда илк бор бизда синовдан ўтказилган. Сунъий йўлдошларга ўрнатиладиган қора қути ҳам, Ой ҳамда Венерага учирилган космик кемаларнинг тупроқни бурғулаш мосламалари ҳам Тошкентда ишлаб чиқарилган. 

Дунёнинг 86-космонавти Жонибеков ҳам бугунги Бўстонлиқ тумани Искандар қишлоғининг оддий оиласида туғилган. У 5 маротаба космик кема командири сифатида учиб, рекорд ўрнатган.

Бу каби воқеалар ўз вақтида умумжаҳон миқёсидаги ютуқларимиз бўлган. 

Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бугун олдингизда имконият эшиклари яна ланг очилди! Улардан самарали фойдаланайлик.  

Аслида ўзи, бугун шундоқ ҳам кечга қолиб бўлдик, эртага эса янада кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, зудлик билан олдинга қадам қўяйлик.  

Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, ИЛМ ЙЎЛИДАГИ ШАҲДИНГИЗНИ СЎНДИРМОҚЧИ БЎЛГАН ҲЕЧ КИМГА ҚУЛОҚ СОЛМАСЛИККА ЧАҚИРАМАН! 

Ҳар биримиз майдонда якка-ёлғиз қолгандан кўра, билим атрофида жипслашсак, бирга бўлсак, катта натижаларга эришамиз!!!

Эьтиборингиз учун раҳмат!

…………………..

Саида Мирзиёева,
Миллий масс-медиани қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди васийлик кенгаши раиси ўринбосари:

Бисмиллаҳир роҳманир роҳим

يَرْفَعِ اللَّهُ الَّذِينَ آمَنُوا مِنكُمْ وَالَّذِينَ أُوتُوا الْعِلْمَ دَرَجَاتٍ

Яъни “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур…” – Мужодала сураси, 11-оят.

Ассалому алайкум, билимдонлар!

Ҳар бир инсоннинг ҳаётда мақсади бўлади. Биз бу ерга ягона ва улкан мақсад – мамлакатимизни жаҳон интеллектуал майдонида юқори даражага чиқариш учун йиғилдик.

Бугун ушбу тадбирга турли ёш, турли мавқедаги, дунёқараши ва характери ҳар хил бўлган талабалар, ишчи, хизматчи, пенсионерлар тўпланган. Тўғри, биз бир-биримизга ўхшамаймиз. Лекин ҳаммамизни бирлаштириб турган мақсад бор – Илм! Биз эса бугун очаётганимиз – «Илм» деб аталувчи бир китобнинг саҳифаларимиз.

Ҳаёт бу университет. Уни самарали ва яхши натижалар билан якунлаш жуда муҳим. Таълим олиш, имтиҳон топшириш, олинган билимларни қўллаш ва муносиб баҳоланиш… Қандай баҳо олишимиз фақат ўзимизга боғлиқ.

Кўриб турибманки, бугун бу залда энг юқори баҳога, ўзидан ёрқин из қолдиришга интилганлар йиғилди. Бунга ишончим комил!

Инсоннинг хаёллари, умид ва мақсадлари қандай бўлса, ундан қоладиган из ҳам шундай бўлади.

Яшашдан мақсад / шунчаки кун ўтказиш эмас. Ишонч билан айтаманки, одам олдига чинакам мақсад қўйса, нияти эзгу бўлса, албатта ўйлаганига эришади.

Сиёсий жараёнлар, жамиятдаги вазият, турли сабабларни кўрсатиб, ҳаракатсизликни оқлашга уриниш – буларнинг ҳаммаси шунчаки баҳонадир.

Мен орамизда қизлар ҳам борлигидан жудаям хурсандман.

Опа-сингилларим!

Сиз бизнинг фахримизсиз! Сизда орзу-мақсадларимиз тимсолини кўряпмиз. Хотин-қизларимиз қанчалик фаол, илм-фан, маданият ва тадбиркорликка, сиёсий жараёнларга қанча кўп ҳисса қўшадиган бўлса, юртимизда бахтли ва ҳаётидан мамнун аёллар шунча кўп бўлади. Аминманки, хонадонида намунали бека, пазанда опа-сингилларимиз ўзларини илм майдонида ҳам бемалол намоён қила оладилар.

Кейинги пайтда Илон Маск тез-тез тилга олиняпти. Аммо мен унинг онаси - Мэй Маск ҳақида гапирмоқчиман. Мэй 71 ёшида «Режаси бор аёл» номли китобини ёзди.

Китобни ўқиганлар Илон Маск нега ақл бовар қилмайдиган мақсадлар билан яшашини тушунади. Фарзанд шаклланишида онанинг, оилавий муҳитнинг аҳамиятини кўради.

Мэйнинг ота-онаси жуда ажойиб инсонлар бўлган экан. Олим отаси бир умр Преторияда йўқолиб кетган қадимий шаҳарни излаган. Орзусига етиш учун оиласи билан Канададан Жанубий Африкага йўл олган.

Шунчаки 5 нафар ёш боласини олгану, орзуси сари дунёнинг нариги чеккасига қараб йўлга чиққан! Одамлар уларни ақлдан озган дейишган, Африкада эса «телба америкаликлар» деб лақаб ҳам қўйишган. Аммо бу оила гап-сўзларга парво қилмай, йиллар давомида 60 га яқин мамлакатга саёҳат қилган.

Претория устидан парвоз қилаётганда гуллаётган бинафша дарахти – жакарандани кўрган Илоннинг буваси «Қандай ажойиб жойлар экан, шу ерда қоламиз!» деди. Шунчаки ёқтирди, қўнди ва қолди.

Энди ўйлаб кўринг, Илон Маскни билимга қизиқтирган, гўзалликни севишга ўргатган онанинг ўзи қанчалик эркин муҳитда шаклланган экан. Унинг ҳаёти силлиқ кечмаган, кўп қийинчиликларни бошидан ўтказган. Аммо мақсади сари интилишдан тўхтамаган.

Агар бахтли бўлишни мақсад қилсак, бизга ҳеч ким тўсқинлик қила олмайди. Танлов эркинлиги – инсонга тақдим этилган бебаҳо неъмат. Пастга қараб кетамизми, ёки гап-сўздан қўрқиб, жойимизда қотиб турамизми, ёки юқори кўтарилиб, бошқалар ета олмаган чўққиларга интиламизми, хуллас эртанги кунимиз ўзимизга боғлиқ. Танлов ўзимизда!

Мен бу китобдан кўп нарса олдим. Нега хотиржам уйда ўтиришга шароитим бўла туриб, эртадан кечгача фаолиятдаман?! Чунки тўққиз ёшли қизимга ўрнак бўлишни истайман, уни ҳаётни мустақил бошқаришга, меҳнатга, тўғри танлов қилишга ўргатмоқчиман. У ҳали жуда ёш бўлса-да, катта зафарларга эришган аёлларнинг биографияларини ўзи қизиқиб ўқийди. Ва бу мен учун жуда муҳим.

ЗАКОВАТ КЛУБИ – эркаклар билан тенг равишда аёллар учун ҳам омад трамплини; интеллектларни бирлаштирувчи макон; мамлакатни олдинга етаклайдиган кучдир!

ЗАКОВАТ – бу бизнинг учар гиламимиз, автомобилимиз, самолётимиз, ракетамиздир! Биз эса имконсиз нарса йўқлигини биладиган сайёҳлармиз. Ўзимиз истаган манзилга парвоз қилиб, гуллар чаман очилиб ётган заминга албатта етамиз!

Сўзимнинг охирида Мирзо Улуғбек томонидан Бухородаги мадраса эшигига битилган ҳадиси шарифни келтирмоқчиман: «Илм олишга интилиш ҳар бир муслим ва муслима учун фарздир»!

Омад сизга ёр бўлсин!

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Комил Aлламжонов ва Саида Мирзиёева янги лавозимга тайинланди

2777 15:21 31.01.2020

К.Алламжонов ва С.Мирзиёева АОКА раҳбарлигидан кетди

2268 20:55 29.01.2020

Саида Мирзиёева: «Қанчалик оғир ва машаққатли бўлмасин, сўз эркинлигига эришамиз. Орқага йўл йўқ!»

1377 17:20 11.10.2019

Саида Мирзиёева: «Матбуот котиблари ОАВ ва жамоатчилик сўровларига дарҳол муносабат билдириши шарт»

1139 19:30 05.10.2019

Бешта ташаббус бўйича Дастурларни бошқариш офиси (ДБО) ташкил этилди

2454 11:30 20.06.2019
« Орқага