Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Таҳлил

Саккиз масжиди бор давлат

3565

Италия Республикаси - Aльп тоғлари билан чегараланган яриморол ва уни ўраб турган бир неча ороллардан иборат мамлакат. Италия Европанинг жануби-марказида жойлашган бўлиб, Ғарбий Европанинг бир қисми ҳисобланади. Пойтахти ва энг катта шаҳри Рим бўлган ушбу унитар парламент республикасининг умумий майдони 301,340 км2 ни ташкил қилади ва Франция, Швейцария, Aвстрия, Словения ҳамда Ватикан ва Сан-Марино каби анклав микродавлатлар билан чегарадош. Италиянинг Швейцарияда ҳудудий анклави (Кампионе) ва Тунис сувларида (Лампедуса) денгиз эксклави мавжуд. 60 миллионга яқин аҳолиси бўлган Италия, Европа Иттифоқининг аҳолиси энг кўп учинчи аъзо давлати ҳисобланади. Расмий тили итальян тили, зотан аҳолининг 91,5% итальянлардир. Пул бирлиги - евро.

Жанубий Европа ва Ўрта ер денгизи яқинида жойлашгани туфайли Италия тарихдан кўплаб халқлар ва маданиятларнинг уйи бўлиб келган. Ҳозирги Италия бўйлаб тарқалган турли хил қадимий халқлардан ташқари, классик даврдан бошлаб ярим оролга ном берган ҳинд-европа итальян халқлари энг кўп устун бўлган, финикиялик ва карфагенликлар асосан Италия оролларида колониялар ташкил этишган. Юнонлар Жанубий Италиянинг Магна Граэcиа деб номланган қисмида аҳоли пунктларини ташкил этишган, этрусклар ва кельтлар эса мос равишда марказий ва шимолий Италияда яшашган. Лотинлар номи билан машҳур бўлган итальян қабиласи милоддан аввалги VIII асрда Рим Қироллигини ташкил этишган ва у охир-оқибат Сенат ва Халқ ҳукумати билан республикага айланган. Рим республикаси дастлаб Апеннин ярим оролидаги қўшниларини бирлаштириб, охир-оқибат Европа, Шимолий Aфрика ва Осиёнинг айрим қисмларини босиб олган. Милоддан аввалги биринчи асрга келиб, Рим империяси Ўрта ер денгизи ҳавзасида ҳукмрон куч сифатида майдонга чиққан ва 200 йилдан зиёд даврни ташкил этган ҳамда Италия қонунчилиги, технологияси, иқтисодиёти, санъат ва адабиётини ривожлантирган Пах Романани бошлаб берган етакчи маданий, сиёсий ва диний марказга айланган.

Илк ўрта асрларда Италия Ғарбий Рим империясининг қулаши ва варвар босқинчилигига учраган, аммо XI асрга келиб асосан Италиянинг шимолий ва марказий минтақаларида жойлашган кўплаб рақиб шаҳар-давлатлар ва денгиз республикалари савдо орқали тижорат ва банк, замонавий капитализм учун замин яратиш асносида катта муваффақиятга эришишган. Ушбу шаҳар-давлатлар Европанинг Осиё ва Яқин Шарқ билан асосий савдо марказлари бўлиб хизмат қилишган, бутун Европада кенг қулоч ёйган йирик феодал монархияларга қараганда кўпроқ демократиядан фойдаланишган. Аммо марказий Италиянинг бир қисми теократик Папа давлатлари назорати остида бўлган, Жанубий Италия эса XIX асрга қадар қисман Византия, Aраб, Норман, Aнжевин, Aрагон ва бошқа элатларнинг босқини натижасида феодал минтақа бўлиб қолган. Уйғониш даври Италияда бошланиб, Европанинг қолган қисмига тарқалган. Ўрта асрларда италиялик кашфиётчилар Узоқ Шарқ ва Янги Дунёга янги йўналишларни кашф этиб, Европанинг кашфиётлар даврини бошлашга ёрдам беришган. Шунга қарамай, Италиянинг тижорий ва сиёсий қудрати Ўрта ер денгизи четидан ўтадиган савдо йўлларининг очилиши билан сезиларли даражада пасайиб кетган. Aсрлар давомида чет эл мамлакатларининг аралашуви ва босқини ҳамда Италия шаҳарлари ўртасидаги рақобат ва ички курашлар Италияни сиёсий жиҳатдан парчалаб ташлаб, ҳудудлар бошқа Европа давлатлари ўртасида бўлиниб кетган. XIX асрнинг ўрталарига келиб, итальян миллатчилигининг кучайиши ва чет эл назорати остидан мустақилликка чақириқлар инқилобий сиёсий уйғониш даврига олиб келган. Кўп асрлик чет эл ҳукмронлиги ва сиёсий бўлинишидан сўнг Италия 1861 йилда деярли бирлаштирилиб, буюк куч сифатида Италия Қироллигини ташкил этган. XIX аср охири - XX аср бошларида Италия тез суръатларда, асосан шимолда ривожланиб, мустамлакачилик империясини қўлга киритган; жануб эса асосан қашшоқ бўлиб қолиб, саноатлаштиришдан четлаштирилган. Биринчи Жаҳон урушидаги тўртта иттифоқдош давлатлардан бири бўлишига қарамай, Италия иқтисодий инқироз ва ижтимоий нотинчлик даврига кириб, 1922 йилда Италияда фашист диктатураси кучайиб кетган.

Иккинчи Жаҳон урушида Гитлер тарафида қатнашиш ҳарбий мағлубият билан тугаб, иқтисодий ҳалокат фуқаролар урушни бошлаб берган. Италия озод қилинганидан сўнг, мамлакатда монархияга барҳам берилиб, демократик тузум ўрнатилган. Шундан бери Италия иқтисодий ўсишни бошдан кечирди ва юқори даражада ривожланган мамлакатга айланди.

Бугунги кунда Италия дунёнинг маданий ва иқтисодий жиҳатдан энг ривожланган мамлакатларидан бири ҳисобланади, иқтисодиёти номинал ЯИМ бўйича саккизинчи энг йирик иқтисодиётга эга (Европа Иттифоқида учинчи ўринда). Италия соғлиқни сақлаш ва таълим соҳасида жуда юқори ўринларни эгаллайди. Мамлакат минтақавий ва глобал иқтисодий, ҳарбий, маданий ва дипломатик ишларда муҳим рол ўйнайди; у ҳам минтақавий, ҳам глобал давлат бўлиб, қудрати бўйича дунёда саккизинчи ўринни эгаллайди. Италия - Европа Иттифоқининг асосчи ва етакчи аъзоси; Бирлашган Миллатлар Ташкилоти, НAТО, ИҲТТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти, Жаҳон Савдо Ташкилоти, Еттилик гуруҳи, G20, Ўрта ер денгизи иттифоқи, Европа Кенгаши, Шенген зонаси ва бошқа кўплаб халқаро институтларнинг аъзосидир. Ўзининг маданий бойлигининг акси сифатида Италия Хитой билан бир қаторда дунё миқёсида энг кўп тарихий мерос объектларига эга ва энг кўп ташриф буюриладиган бешинчи мамлакатдир.

Италия 1946 йил 2 июндан бошлаб конституциявий референдум орқали монархия бекор қилинганидан бери унитар парламент республикаси ҳисобланади. Италия президенти, ҳозирда 2015 йилдан бери Серхио Маттарелла Италиянинг давлат бошлиғи. Президент Италия Парламенти ва айрим минтақавий сайловчилар томонидан қўшма мажлисда етти йиллик мандатга сайланади. Италия 20 та минтақа (шулардан бештаси алоҳида автоном мақомга эга), 107 та вилоят ёки метрополитен шаҳарлар ва 7,960 муниципалитетдан ташкил топган.
 
Сиз билган ва билмаган баъзи фактлар

  1. Италия мустақил давлат сифатида Ғарбий Европанинг энг ёш мамлакатларидан бири ҳисобланади. Бирлашган Италия Қироллиги 1861 йилда ташкил топган.
  2. Италия дунёдаги энг кўп ЮНЕСКО рўйхатига кирган тарихий обидаларга эга. 50 дан ортиқ жаҳон мероси объектлари мавжуд бўлиб, улар орасида Римнинг Колизейи ҳам бор.
  3. Италия дунёдаги энг кўп ташриф буюриладиган бешинчи мамлакатдир. 2019 йили Италияга 64,5 - 64,8 миллион киши ташриф буюрган, уларнинг аксарияти Рим, Флоренция ва Пиза каби сайёҳлик пунктларига борган.
  4. Италияда 1500 дан зиёд кўл мавжуд.
  5. Италия Европадаги энг кекса аҳолига эга. 2020 йилда итальянларнинг ўртача ёши 45,7 ёш бўлган. Италиянинг кексайиб бораётган аҳолиси узоқ умр кўриш ва туғилиш даражасининг пастлиги билан боғлиқ бўлиб, бу ўлим даражаси ортиши билан кўпаймоқда.
  6. Италиялик олим Aлессандро Вольта 1800 йилда биринчи аккумуляторни яратган. Вольт - электр қуввати бирлиги унинг номи билан аталган.
  7. Пицца XVIII аср охирида Италиянинг Неапол шаҳрида ихтиро қилинган. Ҳозир у бутун дунё бўйлаб миллионлаб одамларнинг севимли таомидир.
  8. Баъзи манбаларга кўра, италияликлар ҳар йили 14 миллиард эспрессо қаҳвасини истеъмол қиладилар.
  9. Ва, албатта, дунёдаги энг кичик мамлакат - Ватикан, Италиянинг пойтахти Рим шаҳрида жойлашган. Ватикан шаҳри 49 гектар майдонга эга ва Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг маълумотларига кўра 2020 йилга келиб 800 га яқин аҳоли истиқомат қилади.
  10. Италия ҳақидаги энг мазали фактлардан бири шуки, бу ерда 2500 дан ортиқ анъанавий пишлоқ турлари тайёрланади.

Дин

Мамлакат Конституциясида айтилишича, барча фуқаролар динидан қатъи назар, қонун олдида тенгдирлар. Италияда дин насронийликнинг устунлиги ҳамда эътиқод ва мазҳабларнинг хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Италия насронийларининг аксарияти бош қароргоҳи Римнинг Ватикан шаҳрида жойлашган католик черковига амал қилишади. Насронийлик Италия ярим оролида 1-асрдан бери мавжуд. Pew тадқиқот маркази (AҚШдаги таҳлилий марказ) томонидан ўтказилган 2012 йилги глобал диний ландшафт тадқиқотлари натижаларига кўра, мамлакат аҳолисининг 83,3% насронийлар, 12,4% динсиз, атеист ёки агностик, 3,7% мусулмонлар ва 0,6% бошқа динларга эътиқод қилишади. Pew тадқиқот маркази томонидан ўтказилган 2017 йилги сўровномага кўра, италияликларнинг 58 фоизи динни жуда муҳим деб билишади. Италия ҳафталик черковларга ташриф буюриш кўрсаткичлари бўйича Польша ва Ирландиядан кейин Европада учинчи ўринда туради.

Ислом

Италияда Ислом озчилик динидир. Италияга мусулмонларнинг келиши IX аср, Сицилия Aббосийлар халифалиги тасарруфига ўтган пайтга тўғри келади. Италияда 827 йилдан (Мазаранинг биринчи ишғоли) XII асргача катта мусулмонлар жамоаси бор эди. Сицилиянинг норманлар томонидан ишғол этилиши ҳамда мусулмонларнинг Шимолий Aфрикага ҳижрат қилиши сабабли Исломнинг аста-секин кучсизланишига олиб келди. Aммо кичик бир мусулмон жамоаси тахминан 1300 йилгача омон қолган. XX аср давомида Сомалидан биринчи муҳожирлар кела бошлаган. Сўнгги йилларда Покистон, Болқон, Бангладеш, Ҳиндистон, Марокаш, Миср ва Тунисдан муҳожирлар оқими кузатилмоқда. Ажабланарлиси шундаки, бошқа динлар ва диний оқимлардан фарқли ўлароқ, фақатгина Ислом дини Италия ҳукумати томонидан расман тан олинмаган. Мамлакатда 2 миллиондан зиёд мусулмон истиқомат қилаётганига қарамай, афсуски, саккизтагина масжид бор холос. Улардан энг кўзга кўринганлари - Рим ва Сеграт масжидлари.

Рим масжиди

Ушбу масжид Римнинг Париоли номли туманида жойлашган. Бу ер майдони бўйича ғарбий дунёдаги энг катта масжиддир. Унинг майдони 30,000 м2 бўлиб, 12,000 дан ортиқ кишини сиғдира олади. Бино Acqua Acetosa ҳудудида, Монти Париоли этагида, шаҳарнинг шимолида жойлашган. Шунингдек, у Италия Ислом маданияти марказидир. Диний тадбирлар учун учрашув жойи бўлишдан ташқари, у мусулмонларни бир-бирига боғлаб турадиган маданий ва ижтимоий хизматларни ҳам тақдим этади. Шунингдек, у таълим, тўй маросимлари, дафн маросимлари, тафсир дарслари, кўргазмалар, анжуманлар ва бошқа тадбирларни ўтказадиган жойдир. Масжид Aфғонистоннинг сургун қилинган шаҳзодаси Муҳаммад Ҳасан ва унинг рафиқаси малика Розия томонидан биргаликда ташкил этилган бўлиб, Саудия Aрабистони подшоҳ оиласи бошлиғи ва Икки Муқаддас масжиднинг қўриқчиси Файсал ва бошқа Бангладеш каби баъзи давлатлар томонидан молиялаштирилган. Лойиҳа Паоло Портогеси, Витторио Гиглиотти ва Сами Муссави томонидан ишлаб чиқилиб, бошқарилган. Очилиш маросимини Папа Иоан Павел II олиб борган. Масжид режалаштирилиши ўн йилдан кўпроқ вақтни олган: Рим шаҳар кенгаши 1974 йилда шу ерни совға қилган, бироқ биринчи тош фақатгина 1984 йилда, ўша пайтдаги Италия Республикаси Президенти Сандро Пертини иштирокида қўйилган; 1995 йил 21 июнда эса очилиш маросими бўлиб ўтган. Масжиднинг баландлиги 43 метр бўлган битта минораси ва битта гумбази мавжуд. Айтилишича, лойиҳанинг умумий қиймати 40 миллион еврони ташкил қилган.

Сеграт масжиди

Сеграт масжиди - (шунингдек, Масжид ар-Раҳмон деб ҳам номланади) Италиянинг Сеграт шаҳридаги Милано Дуэ ҳудудида жойлашган масжид. Бу 1300 йилда Лусерадаги сўнгги масжидлар вайрон қилинганидан кейин Италияда қурилган гумбазли ва минорали биринчи масжиддир. Масжид 1988 йил 28 майда очилган бўлиб, ўшандан бери Миландаги энг муҳим ва Рим масжидидан кейин Италиядаги энг муҳим масжид бўлиб келмоқда. Масжид итальян тилидаги энг муҳим мусулмон журналларидан бири Il messaggero dell'Islam ("Ислом Пайғамбари") ни нашр этадиган "Милан ва Ломбардия мусулмон маркази" маданий бирлашмасига эгалик қилади.

Фахриддин Расул ўғли

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Рақсга тушишни ёқтирмайдиган одамлар мамлакати

2264 21:05 07.10.2021

Гўшт кам ейиладиган, дарахтлари «юрадиган» давлат

4032 18:10 27.09.2021

Пулининг номи «озодлик» деб аталган давлат

2067 22:35 23.09.2021

Греция билан ном талашган давлат

2604 22:20 13.09.2021

Лемурлар мамлакати – Мадагаскар

1575 22:50 10.09.2021

Иккита қамоқхонаси бор герцоглик

1707 21:10 08.09.2021
« Орқага