«Сал пастроқ тушинглар! Ҳидоятга ташна, даъватга муҳтож одамларни унутманг!»

11:13 08.06.2019 1577

Атрофимда, Аллоҳ ҳали ҳидоят қилмаган, намоз ўқиш тугул, калимани тўғри айтишни билмайдиган, Исломни тушунмайдиган инсонлар кўп. Қўрқаманки, бундайлар жамиятимизни аксар қисмини ташкил этади. Имкон қадар уларга меҳрибончилик қилиб, кўнглини олишга, тўғри йўлга бошлашга, ўзим билганча Исломни тушунтиришга ҳаракат қиламан.

Аллоҳнинг раҳмати билан танишларимнинг жуда кўпи, тақвода мендан ўтиб кетишди. Мени қиладиган ишим аввало уларнинг қалбида ҳам, Аллоҳнинг раҳматига ишонч, жаннатга киришга умид уйғотиш бўлади.

Аммо, баъзи диндорларимиз, аҳли илмларимизни гапларини ўқисам кўнглим бузилади. Улар худди, доим намозни олд сафида ўтириб, орқа сафдагиларга умуман аҳамият бермайдиган, одамларни худди, биринчи сафдаги солиҳ кишилар деб ўйлашади. Доим яхши одамлар билан юришади, атрофларига ўзлари каби фикрлайдиганларни тўплашади. Пастдаги, ҳидоятга ташна, даъватга муҳтож одамларни унутишади. Фақат катта гапиришади.

Яқинда битта қори акани: Биз халқ ичида юрамиз, деганини эшитиб қолдим, оддийроқ одам ёзиб қолса жавоб қайтармайдиган, сал обрўлироқ одам билан қуюқ кўришадиган одамдан бундай гапни эшитиш ғалати экан. Атрофда ҳамма диндан гапиради, ўзича ҳаммани Ҳаққа чақиради, аммо, оддий, илмсиз одамлар билан гаплашгиси ҳам келмайди. Шаҳарга келиб, одамларни даъват қилаётган аҳли илм, ўзини қишлоғига бориб даъват қилишни ўйламайди.

Ваҳоланки, миссионерлар қишлоғидагиларни муртад қилаётган бўлади. Яна баъзи акаларимизда шафқат йўқ, дарров осийга, кофирга чиқариб қўя қолишади. Бир кишини Исломга олиб кириш неъматини, машаққатини билишмайди, Уларда Расулуллоҳнинг раҳматлари йўқ. Ҳали аччиқ гапларим кўп эди-ю, майли...

Илтимосим сал пастроқ тушинглар, атрофингиздагиларга ҳам қаранглар. Улар сизнинг илмингизга муҳтожроқдирлар. Сал кенгроқ, шафқатлироқ бўлинглар. Касалларни эмас, касалликларни йўқотинглар. Уларни ажратиб қўйманглар. Улардан ўзингизни устун санаманглар. Амаллар оқибати биландир.

Қудратуллоҳ АҲМАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!