Илм

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (тўртинчи қисм)

1068

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (иккинчи қисм)

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (учинчи қисм)

САККИЗИНЧИ ВАСИЯТ

Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ ривоят қилади: Абдулваҳҳоб Сақафий айтади: “Айюб Сихтиёний раҳматуллоҳи алайҳ ҳузуримизга чиқиб: “Эй ёшлар жамоаси! Ҳунар ўрганинглар! Келажакда анаву (Сахий бўлмаган ва қилган яхшилигини миннат қилувчи кимсалар) кишиларнинг эшикларида муҳтож бўлиб сарғаймайсизлар”, дедилар .

Ўспирин йигит илм эгаллаш баробарида бирор касбни ҳам ўрганиб қуйиши лозим. Чунки ҳаётда инсоннинг ўзига яраша эҳтиёжи, сарф-харажати бўлади. Ундан ташқари оилали бўлса аҳли аёли ва фарзандларига нафақа қилиши ҳам керак. Энг асосийси,  бошқаларга боқиманда бўлиб қолмаслиги лозим. Агар касб эгалламаса, кексалик вақтига етганида ҳам доимо бошқалардан ёрдам ва кўмак олишга муҳтож бўлади. Ризқларнинг энг яхшиси, манфаатлиси ва энг покизаси инсон ўз қўл меҳнати билан топганидир. 

ТЎҚҚИЗИНЧИ ВАСИЯТ

Жаъфар раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бир куни Собит Буноний масжидга кирди. Қибла томонда ўтирган эдик. Бизларга қарата: “Эй ёшлар жамоаси! Роббимга сажда қилишим учун у билан мени орамни тўсиб қўйдингизлар”, дедилар. Чунки у зот намоз ўқишга жуда муҳаббатли кишилардан эди .  

Олимнинг сўзларидан шу нарса маълум бўладики, баъзи ёшлар масжидда учрашиб қолиб, бирга йиғилиб ўтиришган. Улар жамланиб қолганларидан фойдаланиб, ўзаро айрим дунёвий гап-сўзлардан суҳбатлашиб қолишган. Масжидга Аллоҳ таолога холис ибодат қилиш учун ҳамда намозида қалби хотиржам, хушуъ ила юзланиш мақсадида бир олим келганини ҳам сезишмаган. Натижада, ёшларнинг суҳбати ҳалиги киши билан намозининг орасини тўсаётган бўлган. Чунки ёшлар жамоаси масжидда ибодат ёки Аллоҳнинг зикри билан машғул эмасдилар. Аслида, улар ўзларининг ҳолатларини ўзгартириб, илм ва зикр билан машғул бўлиб, масжидга ибодат учун келган инсонларга халақит қилмасликлари керак эди. Шу сабабли ҳам Собит Буноний ёшларга масжид ва масжид аҳлининг ҳурматига риоя қилиш зарурлигини уқтириб шундай деган эди. Зеро, ёшлар ўзи билан бўлиб, атрофдаги ибодат қилаётган кишиларни ибодатдан, намоздаги хушуъ ва хотиржамликдан чалғитмасликлари  зарур эди.   

Минг афсуслар бўлсинки, бизнинг замонамизда ҳам одат тусига кириб бораётган иллатлардан бири – ёшларнинг телефон ва уларнинг қўнғироқ келганида чиқарадиган овозлари ёки унга жавоб қайтариш каби ҳолатидир. Буларнинг барчаси  намоз ўқиб турган кишиларга озор беради ва ўз навбатида, намоздан топиладиган роҳат ҳамда қалб хотиржамлигининг кетишига сабаб бўлади.

ЎНИНЧИ ВАСИЯТ  

Муҳаммад ибн Сувқа раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ бир куни мени олдимдан чиқди. Мен у кишига: “Ҳайяколлоҳ”, дедим. Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ бундай салом бериш ёшларнинг «саломлашиши». Сен “ассалом”, яъни “Ассалому алайкум” деб айтгин”, дея таълим берди .

عن ابن عمر ، رضي الله عنهما قال : قال رسول الله صلى الله عليه وسلم : « من بدأ بالكلام قبل السلام فلا تجيبوه » رواه الطبراني  

Абдуллоҳ ибн Умар розияллоҳу анҳумодон ривоят қилинади. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким сизларга салом бермасдан олдин гап  бошласа, унга жавоб берманглар”, дедилар .  

Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ: “Бундай салом бериш ёшларнинг «саломи»дир”, деган сўзларнинг маъноси, баъзи ёшларнинг кўнгиллари ушбу тарздаги саломлашиш билан хурсанд бўлади. Дўстлар ва шериклар билан кўришганида, энг чиройли саломлашиш ҳолати деб ўйлаб, асл ислом дини кўрсатмаси бўлган салом лафзини тарк қилишади. Баъзи ҳолатларда умуман, салом бермаслик ёки ислом динида урф бўлмаган тарзда саломлашиб, ундан кейин ислом шиори бўлган салом лафзини айтиш мусулмон киши учун  жуда  ачинарли ҳолатдир.

ЎН БИРИНЧИ ВАСИЯТ  

Абу Малийҳ айтади: “Маймун ибн Меҳроннинг ёнида ўтирган эдик. У бизга қараб: “Эё ёшлар жамоаси! Сизлар ёшлигингиздаги куч-қувватингиз ва ғайратингизни Аллоҳнинг тоати йўлида сарф этинглар! Эй кексалар жамоаси! Сизлар қачонгача, “қачон вақт-соати етса”, деб юраверасизлар”, деди .  

Маймун ибн Меҳрон раҳматуллоҳи алайҳ ёшларга гўзал услубда насиҳат қилиб, асосан, ёшликдаги куч-ғайрат ва шижоатни Аллоҳ таолонинг тоати ва унга яқин қиладиган солиҳ амалларга сарфлаш кераклигини васият этдилар.

Сўнгра кекса ёшдаги инсонларга юзланиб: “Сизлар, қачонгача “қачон имкон бўлса” деган сўзни айтиб юрасизлар. Ундан кўра, вақтни ғанимат билиб, умрингизни Аллоҳ таолонинг таоти билан ўтказмайсизми, дея танбеҳ бердилар.

Таржимон: Абдушукур Мурадов
(давоми бор)

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Салафлардан дурдоналар: Ислом тўрт нарса сабабли йўқ бўлади...

235 20:19 12.08.2020

Аҳли сунна вал жамоа наздида тавҳид

680 16:10 15.07.2020

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (охирги қисм)

730 07:00 15.06.2020

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (бешинчи қисм)

473 16:00 12.06.2020

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (учинчи қисм)

670 21:27 10.06.2020
« Орқага