Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Салафлар саховатининг янги жилоси

746

Аллома Бакр Абу Зайд (Саудия катта уламолари ҳайъати аъзоси) раҳимаҳуллоҳ Сурияга сафар қилганда 1414 йил (1993 йил) шайх Абдулқодир Арнаут раҳимаҳуллоҳни зиёрат қилади. Биринчи бор бўлган бу зиёратда шайх Абдулқодир бу кишини кўчаси тор бўлган уч хонали кичкина уйида меҳмон қилади.

Шайх Абдулқодир серфарзанд киши эди, хоналардан бирига китобларини қалаштириб тахлаган бўлиб, шу хонага дарс олгани келувчи ўқувчилар бу тор уйга бўзчининг мокисидек қатнар эди.

Шайх Бакр Абу Зайд зиёрат сўнгида шайх Абдулқодирга ўзининг Сурияга келиб туриши кўплигини, бу ердан бир жой сотиб олиш ниятида эканини айтиб, энг яхши маҳалладан энг яхши маскан топиш ишига бош-қош бўлишни илтимос қилади.

У киши кетгач, шайх Абдулқодир шогирдлари, танишлари ёрдамида шайх истаган уйни излашга киришади. Ниҳоят энг кўркам маҳалладан бир ажойиб кенг уй топишади. Бино катта бир майдон четида жойлашган бўлиб, атрофини боғча, дарахтлар ўраб турар эди. 

Икки катта зал, тўртта катта хонадан иборат бу бино балкони ҳам кенг бўлиб, боғчалардан бири томон қаратилган эди.

Бино ёққанидан дарҳол шайх Бакрга сим қоқиб, бир уй ёққанини, шундай-шундай васфга эга эканини айтиб, етиб келиб кўришни сўрайди. Шайх Бакр иши кўплигидан шайх Абдулқодирга узр изҳор этади ва бинони қайта таъмирлаб, янги жиҳозлар билан жиҳозлашни илтимос қилади.

Бино нархи 8 000 000 лира (154 минг доллар) бўлиб, таъмирлаш ва жиҳозлашга яна 4 000 000 лира кетади.

Уй битиб тайёр бўлгач, шайх Бакр етиб келади. Шайх Абдулқодир у кишини уйга завқ билан бошлаб боради. Иккиси уйни айланиб, атрофни томоша қилишади. Бироздан сўнг шайх Абдулқодир шайх Бакрга уй калитини тутқазади. Шайх Бакр калитни олиб шайх Абдулқодирнинг қўлидан ушлаб етаклайди ва хона четига ўтиб, олган калитни унга қайта тутқазади ва:

– Бу уй сизга ҳадя, – дейди. – Мен уйингизда зиёрат қилганимда бу ишни кўнглимга тугиб қўйган эдим. Қайтармайсиз деб умид қиламан.

Шайх Абдулқодир ҳайрат ва таажжубдан нима дейишни билмайди. Шайх Бакр бу ишнинг иккиси орасида қолишини сўраб илтимос қилади. Лекин шайх Абдулқодир бунинг сир қолишига кўнмайди ва фарзандларига бу катта саховатни айтиб, шайх ҳақига дуода бўлиб юришни сўрайди. Ўзи ҳам вафотига қадар бу улкан саховат соҳиби шайх Бакр ҳақига дуо қилиб ўтади.

Доктор Солиҳ ибн Фурайҳ ал Баҳлол. 

Аллоҳ таоло бу икки шайхни, барча ўтган уламоларни, саховатпешаларни раҳмат қилсин.

Сайфуллоҳ Носир

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Салаф олимларининг риё ва кибрдан қочгани

911 20:46 18.08.2020

Салафлардан дурдоналар: "Ислом тўрт нарса сабабли йўқ бўлади..."

1289 20:19 12.08.2020

Аҳли сунна вал жамоа наздида тавҳид

835 16:10 15.07.2020

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (охирги қисм)

870 07:00 15.06.2020

Салафи солиҳинларнинг ёшларга васияти (бешинчи қисм)

576 16:00 12.06.2020
« Орқага