"Салим қори иши": ажр ниятга қараб берилади

17:00 11.05.2019 3909

Аҳли илмлар учун ҳар давр - синов, ҳар синовнинг эса ўз ҳикмати бор.  Бугун маҳаллий сайтлардан тортиб хориж оммавий ахборот воситаларида  "ур калтак-сур калтак" қилинаётган Фарғона вилояти бош имом хатиби Салим қори Қодиров хусусида ҳам гап шу. Бўлаётган хуружларга қарамай қори аканинг сукути замирида ҳам истиғфор-у маломатлардан Ўзидан паноҳ сўраш ётган бўлса, ажабмас.  Катта вилоятнинг дин пешвосига чакана айб тиркалмаяптими? У муаллифи экани айтилаётган "Аёлни эъзозлаган дин" китоби олима Нигора Жалолиддин қизининг "Исломда аёл ҳуқуқи" рисоласининг кўчирилган нусхаси дейилишигача борилмоқда. Олимани тушуниш мумкин: у йиллар давомида риёзат чекиб, айни мавзуни тадқиқ қилди, бунинг учун тунларни тонгга улаган бўлса, эҳтимол. Шу баробарида Салим домлани ҳам тушунишга ҳаракат қилинса, бизнингча, фойдадан ҳоли бўлмас: нияти нима эди? Китоб чиқариб, обрўйга қўшиб, бойлик орттиришми ёки муқаддас Исломнинг аёллар ҳуқуқи борасидаги чин ҳақиқатларни оммага етказишми? Ҳар ҳолда, иккинчиси ҳақиқат эканига шубҳа кам, зеро, қори ака китобдан келадиган бир сиқим фойдага қараб қолган одамга ўхшамайди. Қолаверса, дин ходимининг бирдан-бир мажбурияти Исломнинг асл аҳкомларини оммага етказиш, бошқаси иккинчи даражали масалалар...  

Муаммога айни шу нуқтаи назарда ёндошилса,  нари борса, тор доирада, ундаям  бўлмаса,  ваколатли идорада нуқта қўйилиши мумкин бўлган масала бўртиб-шишиб, оммавий ахборот  воситаларининг асосий мавзусига айланмасмиди, дейсан-да. 

Томонларнинг қай бири ҳақ, қай бири ноҳақ? 

Бу саволнинг муҳокамаси бизгамас. Масаланинг оғриқли нуқтаси бири исломшунос олима, иккинчиси  уламо бўлган ҳурматлилар ўртасидаги тушунмовчилик ортидан жамоатчиликда диндорларга нисбатан нотўғри қараш шаклланиши эҳтимоли юзага келаётганида. Чунки, кўплар  ўйлаши мумкин-да: олима ва уламоки бир-бирига нисбатан яхши гумонда бўлишнинг уддасидан чиқаолмаётган экан, оддий фуқародан не умид? Яхши гумонда бўлмоқ Исломнинг олий қадриятларидан бири эмасми?

"Маз-за"нинг каттасини оммавий ахборот воситалари қилмоқда: тайёр шов-шув, унга жиндек "туз-у наъмак" қўшилса, баттар кучаядики,  хабарни ижтимоий тармоқларда "учишини" кўринг! Худдики бонг урадиган бошқа муаммо йўқдек гўё...  Ҳой, барака топгур, жилла қурса, муборак Рамазон ойи ҳурмати, диндорларга тегмай тур, туғилганингда қулоғингга азон айтадиган шулар, ўлсанг шулар жанозангни ўқимагунча қабрга қўйилмоғинг маҳол... Қолаверса, ҳеч ким хато-камчиликдан холи эмас, ахир?!

"Салим қори иши" бироз аввал маҳаллий сайтда бир ёритилиб, сўнг айни Рамазонда "авж нуқта"га чиқилаётгани ҳам тасодиф эмасдай. Айниқса, хориж оммавий ахборот воситаларида!  Ўзбекистондаги ноаъанавий никоҳларга қўйилган ҳақли таъқиқни ҳазм қиломайдиган ўша нашрларнинг куни туғмаяптими шу дамларда? Дин ходимининг катта "айби" топилиб,  уни   қайта-қайта чайнаб хумордан чиқишяптики,  дастак топиб бераётган бегоналар эмас, ўзимиз... Ҳолбуки, Исломга нисбатан аёвсиз тошлар отилиб, унинг софлигига шубҳалар уйғотишга  мислсиз ҳаракатлар бўлаётган бугунги замонда уламоларимизнинг хизматларига эҳтиёж ҳар қачонгидан катта. Шундоғам дин ходимларига бўлаётган гоҳ ошкор, гоҳ пинҳона ҳуружлар етарли. Дунё миқёсини қўятурайлик, ўзимизда, шу яқин ўтмишда озмунча синовларга дуч келмадими  айрим имом-домлаларимиз? Сохта айбловлар билан узоқ йилларга қамалишдан тортиб, турли тармоқларда қасддан обрўсизлаштиришгача уринилмадими? Яъни, шахсий хонадони, миниб юрган маркабигача суратга олиниб, тармоқларга жойлаштирилди: домла буларни қайси пулга олган?(шахсий ҳаётига билиб-билмай бурун суқишларни-ку айтманг!)  Қизиғики,  ўша валломатлар бирор судья ёки прокурорга нисбатан бундай хатти-ҳаракатни амалга оширолмайди. Бироқ домлаларга  келганда ҳеч нарсадан тап тортиш йўқ, чунки бундай ҳолатда домлалар сукутни маъқул кўрадики, бу андишанинг оти қўрқоқ қабилида талқин қилинади. Аслида-чи?  Аслида турли маъломатларга нишон бўлаётган аҳли илм ҳаммасини Ўзига ҳавола қилиб қўяди. Натижа ҳам кўп куттираётгани йўқ...

Салим қори Қодировни ҳимоя қилмоққа чиранмоқдамизми? Йўқ, йўқ... Аммо қулоғингизга бир гапни айтгимиз келди: кўпгина имом-хатибларимиз муаллифлигида чиқаётган китоблар орқасида муҳаррир-ноширларнинг катта меҳнати ётади. Ва буни тўғри тушуниш керак: жамоат ичида маърузаларни қойиллатадиган ҳаммаям уларни ўшандай қилиб қоғозга туширолмайди. Бу мутлақо табиий ҳолат. Домла ҳам мавзуни йўлини қилиб айтиб берган-у ғайратли, аммо тажрибасизроқ котиб уларни қоғозга тушириш жараёнида  фойдаланилган манба-ю иқтибосларни тегишли тартибда кўрсатиб кетишни ўрнига қўяолмаган, чоғи... Шунга қарамай Шайх Абдулазиз Мансур ҳазратлари айтибди-ку, китоб ниҳоясида фойдаланилган адабиётлар қаторида олиманинг исми-шарифи ҳам, унинг тегишли номзодлик иши манбаси ҳам кўрсатиб ўтилган, демакки,  бундай ҳолатда бировни "кўчирмакашлик"да айбламоққа шошмаслик керак, деб. Шайх ҳазратларидан ўтказиб бир нима дейиш қийин, хоссатан, биз учун... Айни қайдлар бўлмаганида олима синглимизнинг даъволарига сўзсиз қўшилиш мумкин бўларди, балки. Қолаверса, Исломда аёллар ҳуқуқи мавзуси шу пайтгача "очилмаган қўриқ"  бўлиб ётмаган. Айни мавзуда аввал ҳам ёзилган, бундан кейин ҳам ёзилади ва, катта эҳтимолки,  муҳтарама олимамиз ўз тадқиқотларида бошқа манбалардан фойдалангани каби унинг китобларидан ҳам зарур манбалар тариқасида  фойдаланилажак, насиб...

Танқидларга тирик нишон бўлаётган домла  нўноқ котибнинг "туширган қовунлари"  боис ҳам сукутни маъқул кўраётган бўлса, ажабмас. Нимаям дерди, китоб у кишининг номида чиққан, бир нима демоқлиги  вазиятга ойдинлик киритишдан кўра, ўзини оқлаш қабилида талқин қилиниши, бу эса навбатдаги шов-шувларга сабаб бўлиши мумкин-да. Хуллас, қайси бармоқ тишланмасин, бирдек оғриқ берадиган ҳолат...

Буни тўғри тушунадиганлар бор, тушмайдиганлар бор. Илло, ният некбин: пировард мақсад Аллоҳнинг динини етказиш экан, бунда баландроқ мезонлардан туриб фикр юритмоқ талаб этилади.  
Зеро, ажрлар ниятга қараб берилади, шуни унутмасак, бас.

Абдуллоҳ Холис

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!