Салоҳиддин Аюбийнинг ота-онаси Қуддусни қайтариб оладиган фарзандни орзу қилганди...

16:00 12.03.2018 1501

Тикрит амири Нажмиддин Аюб узоқ муддат уйланмай юрди. Биродари Асадуддин ундан уйланмай юришининг сабабини сўраганида: “Ўзимга мосини тополмаяпман”, деб жавоб қилди.

“Салжуқий Султон Муҳаммад ибн Малик Шоҳнинг қизидан ёки унинг вазирининг қизидан, таклиф келмаганмиди?” – деб сўради укасидан Асадуддин.

“Таклиф бўлган эди, аммо улар менга мос эмас!” – деб жавоб берди Нажмиддин.

Укасининг бу жавобидан ажабланиб, унга булардан ортиқ яна ким мос бўлиши мумкинлигини сўради. Нажмиддин акасининг бу сўровига: “Аслида қўлимдан тутиб, жаннатга етаклайдиган солиҳа жуфт хоҳлайман. Ундан бир фарзанд кўрсам, у фарзандни яхшилаб тарбия қилсак ва натижада, улғайиб моҳир чавандоз бўлиб етишса ҳамда мусулмонларни Қуддуси Шарифга қайтариб олиб борса, дейман!” – деб жавоб берди.

Асадуддин укасининг бу гапини жиддий олмади: “Бунақасини қаердан ҳам топардинг?!” – деди, эътиборсизлик билан. Нажмиддин эса: “Ким ниятини Аллоҳ учун холис қилса, Ҳақ таоло уни ниятига ярашаси билан ризқлантиради!” – деб жавоб берди…

Кунлардан бир кун Нажмиддин Тикрит масжидларидан бирида Шайх билан суҳбат қилиб ўтирган эди, узоқдан бир қиз Шайхни чақириб келди-да, парда ортида тўхтади. Шайх Нажмиддиндан изн сўраб, қиз билан гаплаша бошлади. Нажмиддин суҳбатни эшитиб турарди.

“Сенинг қўлингни сўраб борган, мен юборган йигитни нега қайтардинг?” – деди Шайх қизга. Шунда оқила қиз: “Эй Шайх! У йигитнинг жамоли ва мансаби қанчалар ажойиб бўлса-да, менга мос эмас!” – деди.

“Қанақасини хоҳлайсан?” – дея ажабланиб сўради Шайх.

Қиз эса: “Аслида қўлимдан тутиб, жаннатга етаклайдиган солиҳ жуфт хоҳлайман. Ундан бир фарзанд кўрсам, у фарзандни яхшилаб тарбия қилсак ва натижада, фарзанд улғайиб моҳир чавандоз бўлиб етишса ҳамда мусулмонларни Қуддуси Шарифга қайтариб олиб борса, дейман!” – деб жавоб берди!

Нажмиддин қулоқларига ишонмасди.

Субҳаналлоҳ! Ахир бу калималарнинг айнисини унинг ўзи айтмаганмиди!? Ахир Нажмиддиннинг уйланиши ушбу орзу сабабидан кечикмаётганмиди?! Ахир бу ўша орзусининг висоли, ўша ниятининг ушалиш дебочаси эмасми!?

Ҳа, айнан шундай эди. Нажмиддин бу улкан орзуси йўлида казо-казоларнинг қизларини жуфт ўлароқ қабул қилмаган, қиз хам айнан шу орзу муҳаббатида казо-казоларнинг уйланиш таклифларини рад этиб келаётган эди! Иккиси ҳам жаннатга етакловчи жуфтни ва мусулмонларни Қуддусга қайтариб олиб кирадиган каҳрамон фарзандни орзу қиларди…

Ниятлар холис бўлганлигидан икки буюк ният соҳибларини Ҳақ таоло учраштирди…

Нажмиддин Аюб фурсатни бой бермай, Шайхдан шу қизга уйланиш истагини билдирди ва қизга уйланди. Бу икки ният соҳибларидан фарзанд дунёга келди. Униб-улғайиб етук чавандоз бўлди! Қуддуси Шарифни фатҳ қилди ва мусулмонларни у ерга зафар билан олиб кирди! Бу зот тарихнинг олтин саҳифаларида фахр билан эсланадиган Салоҳиддин Аюбий эди!

Аллоҳ қанчалар қудратли зот! У биргина Ўзи учун қилинган эзгу ниятга оламда оламшумул ишлар қилишга қодир Зот! Шунчалар меҳрибон Аллоҳ!

Эй оила остонасида турганлар! Эй ўзларига жуфт қидираётганлар! Сизлар ҳозироқ ниятларингизга қаранглар-чи?! Нима мақсадда, қандай ниятда жуфт изламоқдасизлар?!

Юқоридаги саодат соҳибларини нима орзуларига етиштирди? Албатта, Аллоҳ учун қилинган яхши ният! Уларнинг ниятлари замирига эътибор берингда (!), унда мусулмонлар шарафи-шони, динларига беқиёс хизмат ётибди. Майли, сиз қайсидир юртларни забт этмоқни ният қилманг. Сизлар ҳам: “Қўлимдан тутиб жаннатга етаклайдиган диёнатли покиза жуфт хоҳлайман. Ундан фарзандлар кўрсам. Уларни чиройли тарбия қилсак. Динига, ватанига, халқига буюк ишлар қиладиган фарзандлар бўлиб етишса, Аллоҳни таниса, ҳаққини адо қилса, охиратда бошимга тож кийдирадиган фарзандлар бўлса”, деб ният қилинг!

Манба: Aqida.uz

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!