«Салон красоты»га бормаймизми..?

21:00 12.04.2019 1352

Тил миллатнинг бойлиги, туганмас хазинаси, кўзгуси ҳамдир. Шу сабаб ҳам «тил бойлиги эл бойлиги» дейишади. Тилни асраш, авайлаш эса ҳар бир Ватан фарзандининг бурчи, вазифасига киради. Қадимда элчиларнинг тилига, гапириш оҳангига разм солиб, халқининг маданияти, дини ва урф-одатларигача илғаб олишган. Ҳадиси шарифда, "Шеърда сеҳр, баёнда ҳикмат бор" дейилади. Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили тўғрисида"ги қонуни қабул қилинган, йигирма биринчи октябрни ўзбек тилига давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонлаймиз. Аммо...

Она тилимизни давлат тили даражасига кўтарилишигача бўлган жараёнларни эсланг. Аждодларимиз, адибларимиз бундан йигирма, ўттиз йиллар олдин ҳам ўзбек тилининг давлат тили бўлишини орзу қилишган. Бугун эса ушбу неъматнинг қадрига етмай, тилимизни бузиш, хато талаффуз қилиш каби ҳолатларга бефарқмиз. Ҳеч бўлмаганида оммага нутқ қилишни ўрганиш зарур. Буни оиладан, мактаб таълим муассасаларидан бошлашимиз керак. Афсус, баъзи мактабларда ҳолат айтарли даражада эмас. Бироз муддат Юнусобод туманидаги 327-мактабда таълим берган бир оғайнимиз айтади: "Ўқувчиларнинг она тили – ўзбек тилимизнинг қонун қоидаларини ўрганишга, яъни сўз қурилиши, бирикмаси, имло, тиниш белгилари ҳақидаги билимлари етарли эмас. Ҳатто еттинчи-саккизинчи синфда ўқиётган боланинг диктант, иншо ёзишда нўноқлиги сезилади. Ачинарлиси улар ҳали етарли билимга эгамаслигини тан олишмайди. Атиги бир юз йигирмата сўздан етмиш иккита хато қилган саккизинчи синф ўқувчиси олдида мактаб раҳбарининг ўзи тиниш белгиларни хато ҳисобламанг, деганида афсусдан ёқамни ушладим. Мактаб кутубхонаси эса етарли адабиётлар билан бойитилмаган..."

Зеро оғзаки ва ёзма нутқ маданиятини билиш, яъни тилга ҳурмат – элга бўлган ҳурмат ҳисобланади. Кўчада йўл ҳаракатини бузган ҳайдовча ёки йўловчи жаримага тортилади. Ёки жамоа жойларда ҳурматсизлик қилган қонунбузарлар ҳам жазодан холи қолишмайди...

Кўча афишалари, реклама тахта ёзувлари, борингки, дўкон, магазинларининг тепасида ҳам имловий хатоларни ёки соф ўзбек тилидан қочиш ҳолларини кўриб, ачиниб кетасан.

Ўтган куни олти ёшли жияним Шукруллоҳ "мени салон красотыга оборинг", деб қолди. Ғалати эшитилган бу сўзни тушунмагандай опамга қарадим. Тоғаси бу сартарошхонани айтаяпти. Ўзиям икки кундан бери қулоғимизни динг қилиб юборди-да, – деди. Аҳамият берилса, жойлардаги ҳар беш-олти соч парваришлаш, олдириш жойларидан биттаси сартарошхона ёки гўзаллик салони, қолганлари эса "салон красоты" бўлган. Ёйинки магазин тепасидаги "2000 hildagi oboylar" деган ёзувга эътибор беринг. Биринчи сўзда "х" ҳарфи ўрнига "h"ни, иккинчисида эса русча "обой" сўзига ўзбекча "лар" қўшимчасини қўллаган. Ушбу иборани чиройли қилиб, соф она тилимизда "2000 xildagi gulqogozlar" деб ёзса бўлади-ку! Шунга ўхшаш машинадаги "Лицензиясиз йўловчиларни ташиш қонунга хилоф" каби ибораларга диққат қилинг. Бу ёзувни ўқиган киши йўловчиларга ҳам лицензия бериладими, деб ҳайрон бўлмайдими?

Эҳтимол, биз "Салон красоты" атамасига анча кўникиб қолгандирмиз. Ҳа албатта, ўқишни энди ўрганаётган боғча боласи ёки мактабга боришаётган ука-сингилларимиз, ўғил-қизларимиз хижолатсиз "салон красоты", деб гапиришяпти, шундай ёзишяпти ҳам.

Бу каби лоқайдлигимиз ортида миллий бойлигимиз бўлган соф она тилимизга ҳурматсизлик, кўр-кўрона таҳдид, бузиш каби иллатлар ётгани наҳот сезилмаётган бўлса! Келажак авлодни билимли, ватанпарвар, маънавияти юксак қилиб тарбиялашимиз долзарб эмасми...

 

Абдулвоҳид НУРУЛЛОҲ ўғли

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!