Қадимий, навқирон ва турфа маданиятли гўзал Самарқанд мутафаккир олимлар, ёзувчилар ва шоирлар, очиқкўнгил ва меҳмондўст халқ, ранг-баранг ва мазали таомлар шаҳридир. Буюк ипак йўлида жойлашган бу шаҳар қадимдан ўзининг гўзал манзаралари ва ривожланган савдоси билан машҳур. Бу кўҳна шаҳар кўп замонлар буюк олимлар, ёзувчилар ва шоирлар, савдогарлар ва сайёҳлар, подшоҳлар ва фотиҳлар, қолаверса жаҳондаги кўпгина халқларни ўзига жалб қилиб келган, шаҳарга ишқи тушган кишилардан ҳар бири уни ўзига хос йўсинда таҳсин ва тавсиф этганлар. Бундай таҳсин ва тавсифлар акс этган насрий ва шеърий асарларнинг барчаси тадқиқотчилар, маданият ва туризм соҳалари ходимлари учун қимматбаҳо хазинадир.
Гўзал Самарқанд шаҳри кўплаб ўтмиш ёзувчилари ва шоирлари асарларида васф этилган. Албатта бундай таърифу тавсифлар бошқа шаҳарлар, жумладан, Бухоро, Урганч, Хива, Нахшаб, Термиз, Қўқон, Чоч ва бошқаларга ҳам берилган. Аммо ушбу мақоламизда фақатгина Самарқанд шаҳри васф этилган шеърларга тўхталамиз. Кейинги чиқишларимизда эса бошқа шаҳарларга берилган шеърий таърифу тавсифлар тўғрисида маълумот беришга ҳаракат қиламиз.
Ёзувчилар ва шоирлардан ҳар бири Самарқандга ўз нуқтаи назаридан нигоҳ ташлаб, таҳсин этган. Айримлар ушбу шаҳар ва унинг яхши жиҳатларини бўрттириб кўрсатганлар, унинг ям-яшиллиги, боғ-роғлар ва гўзал манзараларга тўлалигини мақтаган бўлсалар, бошқа баъзилар бу шаҳар аҳолисининг турли даврлардаги қувончлари ва қайғуларига тўхталганлар, яна бир гуруҳ шоирлар Самарқандни хушмуомала ва оқкўнгил инсонлар шаҳри деб билган бўлсалар, бошқа бир гуруҳ қалам аҳли ушбу шаҳардаги тараққиё топган иқтисодиёт ва сайёҳликка эътибор қаратганлар. Албатта, ушбу шеърларнинг барчаси гўзал ва ўқишликдир.
Самарқанд васфида битилган энг машҳур шеър Ҳофиз Шерозий қаламига мансуб ғазал бўлиб, кўпчиликка яхши таниш:
Агар он турк-и Шерозий ба даст орад дил-и моро
Ба хол-и ҳиндуяш бахшам Самарқанд-у Бухороро.
(Мазмуни: Ўша шерозлик турк гўзали кўнглимизни олса, унинг қора холига Самарқанд билан Бухорони бағишлайман.)
X-XI асрларнинг буюк шоири Фирдавсий Самарқандни улуғвор ва донғи кетган шаҳар деб ҳисоблаган:
Бухоро-ву Суғд-у Самарқанд-у Чоч
Сипижоб-у он кишвар-у тахти ож.
(Мазмуни: Бухоро, Суғд, Самарқанд, Чоч, Исфижоб ва умуман бу мамлакат ва ундаги тож-тахтни...)
XI-XII асрларда яшаб ўтган шоир Амир Муиззий Нишопурий Самарқанд ва Исфаҳонни бир тарозининг икки палласига қўйиб, ҳар иккала шаҳарнинг улуғворлиги ва гўзаллигини таърифлаган:
Рўз-и ман фархунда шуд монанд-и жашн-и навбаҳор,
То туро гуфтам ду мидҳат дар ду жашн-и Меҳргон.
Арз кардам ҳар ду хидматро ба шарт-и бандагий
Он яке андар Самарқанд, он дигар дар Исфаҳон.
(Мазмуни: Сени икки Меҳргон (кузги тенгкунлик) байрамида икки марта мадҳ қилганимда куним худди баҳор байрами (Наврўз)дек қутлуғ бўлди. Ҳар иккаласини бандалик шарти билан айтдим – бирини Самарқандда, бошқасини Исфаҳонда.)
X-XI асрларда яшаб ўтган шоир Фаррухий Сейистоний (ваф. 1037) ўз шеърида Самарқанднинг боғлари, манзаралари ва ям-яшиллигини васф этган:
Ҳама наъим-и Самарқанд сар ба сар дидам,
Наззора кардам дар боғ-у роғ-у водий-у дашт.
(Мазмуни: Самарқанднинг барча неъматларини бирма-бир кўрдим, боғ-роғлари, водийлари ва даштларини томоша қилдим.)
XI аср шоири Носир Хусрав Қубодиёний (1004-1088) Самарқанд шаҳрини камчилик-нуқсонлардан холи бўлган абадий шаҳар сифатида тавсифлайди:
Зий мард-и ҳаким дар жаҳон нест
Хуштар ба маза зи қанд жуз панд.
Панде ба маза чу қанд бишнав
Бе айб чу пора-йи Самарқанд.
(Мазмуни: Оқил одам учун бу дунёда қанддек таъм бериши жиҳатидан насиҳатдан ширинроқ нарса йўқдир. Шунга кўра Самарқанднинг камчилик-нуқсонлардан холи бўлган бир қисми каби қанддек ширин бўлган бир насиҳатни тинглагин.)
XI асрларда яшаб ўтган шоир Манучеҳрий (1000-1040) ушбу шаҳардаги ҳунармандчилик устахоналари фаолияти ва савдо-сотиқнинг равнақ топганлигига тўхталиб, Самарқанд қоғоз ишлаб чиқариш корхоналарини тавсифлаган:
Чунон коргоҳ-и Самарқанд гашт
Замин аз дар-и Балх то Ховарон.
Дар-у бом-у девор-и он коргоҳ
Чунон зангиёнанд коғазгарон.
(Мазмуни: Ер юзи Балх остонасидан тортиб Ховаронга қадар худди Самарқанддаги қоғоз корхонаси каби бўлди. Бу корхонанинг эшиги, томи ва девори худди қоғоз ясовчи зангийлар кабидир.)
XII асрнинг ҳажвиячи шоири Сўзаний Самарқандий (1100-1173) Самарқанд васфида энг кўп шеър ёзган шоир бўлиб, бу шаҳарни жаннатга менгзайди ва ер юзида Самарқанддан яхшироқ шаҳар йўқ, дейди.
Худойгон-и жаҳон, Шоҳ-и Шарқ Рукниддин,
К-аз ўст шаҳр-и Самарқанд жаннат-и дунё.
Ту шод дар ў то бувад аз шодий ғам беҳ,
Бар рў-йи замин то набувад беҳ зи Самарқанд.
(Мазмуни: Рукниддин буюк султон ва Шарқ ўлкалари шоҳи бўлиб, Самарқанд у туфайли бу дунёдаги жаннатга айланди. Қайғу қувончдан яхши бўлмагунига ва ер юзида Самарқанддан яхшироқ шаҳар вужудга келмагунига қадар сен бу шаҳарда шод-хуррам юрарсан.)
XII асрда яшаб, ижод қилган шоир Хоқоний Ширвоний (1120-1199) Самарқандни ширин ва ёқимли шаҳар сифатида васф этган:
Найи мисрияш қанд мезояд,
То Самарқанд қанди ў самар аст.
(Мазмуни: Мисрий қамишлари шакар туғади. Шу сабабли Самарқанднинг қанди тилларда достондир.)
XII аср шоири Рашидиддин Ватвот (1087-1182) Самарқанд шаҳрини эзгуликлар шаҳри деб тавсифлаган:
Самарқанд гардад ба хўший самар,
Бухоро шавад жумла мишкин бехо.
(Мазмуни: Самарқанд ўз эзгуликлари билан тилларда достон бўлса, Бухоро хушбўйликлар ила муаттар бўлгай.)
XII асрда яшаб ўтган яна бир машҳур шоир Низомий Ганжавий (1141-1209) «Искандарнома» достонида Самарқандни инсонга шодлик бағишловчи шаҳар сифатида эсга олади:
Самарқандро к-одаме шод аз-ўст,
Шунида чунин шуд, ки бунёд аз-ўст.
(Мазмуни: Айтишларича, инсонга қувонч бағишлайдиган Самарқандни ҳам у бунёд қилган экан.)
XII аср шоири Авҳадиддин Анварий (1126-1189) эса Самарқанд шаҳрини ўз орзу-умидлари ва қайғу-ҳасратлари билан боғлиқ равишда эслатади:
Ба Самарқанд агар бигузарий, эй бод-и саҳар,
Нома-йи аҳл-и Хуросон ба бар-и хоқон бар.
Номае матлаъ-и он ранж-и тан-у офат-и жон,
Номае мақтаъ-и он дард-и дил-у сўз-и жигар.
(Мазмуни: Эй тонг шаббодаси, агар Самарқанд томонларга йўлинг тушса, Хуросон халқининг мактубини хоқон ҳузурига етказгин. Бу мактубнинг бошланиши танани қийнаб, жонга азоб берса, унинг тугалланиши юракни оғритиб, жигарни ачиштиради.)
XIII асрда яшаб, ижод қилган буюк сўфий шоир Жалолиддин Румий (1207-1273) Самарқанд шаҳрининг улканлиги ва буюклигига тўхталиб, ўз ғазалида уни васф этган:
Ба жон-и ту, ки савганд-и азим аст,
Самарқанд туро қанд-и азим аст.
То бипурсед аз Самарқанд-и чу қанд,
Набз жаст-у рўй сурх-у зард шуд.
(Мазмуни: Сенинг жонингга улкан қасам ичиб айтаманки, Самарқанд сен учун улкан бир қанддир. Қанд каби Самарқанд тўғрисида сўраган чоғинг томирлар тез-тез уриб, юз қизариб, сарғаяди.)
XV асрнинг машҳур сўфий шоири Абдураҳмон Жомий (1414-1492) ўша даврдаги Самарқанд шаҳрининг ободонлиги ва гуллаб-яшнаганлиги, шунингдек унинг кўнгилларни яйратувчи баҳорини таърифлаб, шундай дейди:
Бино кард бас шаҳрҳо дар жиҳот,
Ба сон-и Самарқанд-у Марв-у Ҳирот.
(Мазмуни: Теварак-атрофда Самарқанд, Марва ва Ҳирот каби кўплаб шаҳарлар қурди.)
Жомий, ки-у баҳор-и Самарқанд ва васфи он,
К-ў маст-и гулрухон-и Хуросоний омадаст.
(Мазмуни: Жомий қаерда-ю, Самарқанд баҳори ва унинг васфи қаерда. У Хуросон гулюзларининг ишқида маст бўлган бир одам экан.)
XVII-XVIII асрларда яшаб ўтган, шаҳарлар ва уларда яшовчи турли касб эгалари тавсифида шеърлар битган шоир Сайидо Насафий (1637-1710) ҳаётни қувончлар ва қайғулар тўпламидан иборат деб биларкан, қурғоқчиик ва қаҳатчилик йилларида Самарқанд ва Бухоро шаҳарлари аҳолиси чеккан дард-аламларини шеърга солади:
Бухоро талл-и Хожа Исҳоқ шуд,
Самарқанд як кўча-йи қоқ шуд.
Зи ғам гашт пушт-и жавонон дуто,
Зи савдо-йи нон пир шуд иштиҳо.
(Мазмуни: Бухоро Хожа Исҳоқ тепасига айланди, Самарқанд бир унумсиз маҳаллага айланиб қолди. Ғам-қайғудан ёшларнинг бели букилди, нон қайғусида иштаҳа ўлди.)
XVIII аср шоири Озар Бегдилий (1722-1780) Самарқанд шаҳри аҳолисининг Имом Ризога бўлган қизиқиши тўғрисида шундай дейди:
Нозанд ба ширин суханаш аҳли Самарқанд.
(Мазмуни: Самарқанд аҳли унинг ширин сўзларидан завқланадилар.)
XVIII-XIX асрларда яшаб ўтган шоир Қойиммақом Фароҳоний (1779-1835) «Муншаот» асарида Самарқанд ва Бухоро аҳолисининг адабиёт ва шеъриятга қизиқишига тўхталиб, «Самарқандликлар ва Бухоро халқи Ҳофиз Шерозий шеърларини ўқиб, лаззатланишади», дейди.
Эрон ва Мовароуннаҳр шоирларининг ушбу шеърлари, тарифу тавсифлари аждодлар томонидан бизларга тортиқ қилинган қимматбаҳо хазинадир.
Ҳаст иттифоқ аҳл-и Самарқандро, ки ўст
Ганж-и гаронбаҳо, ки ба мо ройгон расид.
(Мазмуни: Самарқанд аҳолисининг кўпчилигининг фикрича, бу шаҳар бизга текин топширилган қимматбаҳо хазинадир.)
Ҳамид НАЙЙИРОБОДИЙ,
Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистон Республикасидаги
Фавқулодда ва Мухтор элчиси.