Биз ҳодиса тафсилотларини аниқлаштириш, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлигидан маълумот олиш мақсадида вазирликнинг ишонч телефони рақамига ва Call-марказига 3-4 соат давомида кўп марта қўнғироқ қилдик, лекин боғлана олмадик.
Шундан сўнг, Самарқанд шаҳар соғлиқни сақлаш бошқармасига қўнғироқ қилдик ва улар воситасида вазирлик бош врач ўринбосари лавозимини бажарувчи Фазлиддин Файзуллаев билан боғландик:
— Охирги ойларда вилоят миқёсида болалар ўртасида ўткир буйрак етишмовчилиги ҳолатлари кўпайди. Ота-оналардан сўраб-суриштириш натижасида шуни аниқладикки, кўпчилик ота-оналар фарзандлари шамоллаганда иситмасини тушириш учун дорихоналардан “Док-1 Мах” сироп дорисини сотиб олиб, болага 2-5 кун давомида ичирганларини айтишди. Шундан кейин болаларда ўткир буйрак етишмовчилиги белгилари кузатилган. Эҳтимол бу ўткир вирусли касаллик натижаси ёки ушбу дори воситасининг ножўя таъсири бўлиши мумкин. Ҳозирча бунинг сабаблари аниқланмаган.
Шу ходисалардан сўнг биз Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармасига билдиришнома билан мурожаат қилдик. Охирги ойларда болалар ўртасида ўткир буйрак етишмовчилиги касаллиги кўпайгани ва болаларни бу касалликдан қутқариш қийин бўлаётгани учун бу вазиятни вилоят миқёсида мутахассислар иштирокида чуқур ўрганиш лозимлигини билдирдик.
Орадан 2-3 кун ўтгач, бу хат телеграм ижтимоий тармоғида тарқалди. Лекин, бизнинг хатимизда “Док-1 Мах” дориси ўлим ҳолатларининг аниқ сабаби эмас, балки шундай тахминлар, бор дея келтирилган. Яқинда бу хатимизга жавоб олдик. Унда маълум қилишича, ишчи комиссияси тузилиб, муаммо ва унинг сабаблари чуқур ўрганилмоқда.
— “Док-1 Мах” сироп шаклидаги дориси асосан қандай моддалардан таркил топган ва қандай ҳолларда қўлланилган?
- Мазкур дори воситасининг таркибида асосан парацетамол моддаси бўлиб, оналар болаларда шамоллаш аломатлари ва юқори ҳарорат кузатилганда шу доридан ичиришган. Бу дори Ўзбекистонда бир неча йиллардан бери беморлар томонидан кенг фойдаланиб келинмоқда. Лекин бизда, шифохона шароитида бу дори воситалари ишлатилмайди.
— Афсуски, болаларнинг вафот этгани ҳақида ҳам хабарлар бор, бу қанчалик ҳақиқат?
- Ота-оналар бемор болаларини ўзлари ёки амбулатор шароитда даволашлари натижасида касалликни ўтказиб юборишган. Бемор болаларда буйрак ишламаслиги туфайли 3-4 кун пешоб чиқмаган ва натижада организмда заҳарланиш бошланган. Бу болаларни қутқариб қолиш учун барча чораларни ишга солдик, лекин минг афсуски уларни сақлаб қола олмадик.
— Асосан неча ёшли болаларда ўлим ҳолатлари юз берган?
— Ёшини аниқ айта олмайман, тахминан 1-5 ёшли болалар орасида.
- Ушбу дори воситасининг таркиби ва йўриқномаси, шунингдек, уни ишлаб чиқарадиган Ҳиндистоннинг Marion Biotech компаниясининг Ўзбекистондаги фаолияти ҳақида маълумот бера оласизми, деган саволларимизга жавобан Фазлиддин Файзуллаев бу масалада ишчи гурухда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги мутахассислари текширув олиб бораётганини айтди.
Эслатиб ўтамиз, Самарқанд шаҳрида Соғлиқни сақлаш вазирлиги махсус ишчи гуруҳи ҳодисани атрофлича ўрганмоқда.
Унинг таркибига вазирлик, Республика суд-тиббий экспертиза илмий-амалий маркази ходимлари, болалар нефрологи, педиатр каби малакали мутахассислар киритилди. Улар ҳар бир вафот этган бола анамнези юзасидан чуқур таҳлил ўтказишмоқда. Хулоса натижалари ҳақида қўшимча маълумот берилади, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги расмий баёнотида.