«Саодат асрида аёл озодлиги»

12:45 29.08.2019 431

Бу китоб бир неча асрлар олдин дунё юзини кўришини ва мусулмон жамиятда аёл мавзуси мана шундай тўғри тарзда тақдим қилинишини жуда-жуда хоҳлар эдим.

Чунки мусулмонлар аёлларга муомала қилиш борасида ўз динларидан оғиб кетдилар. Уларнинг орасида мусулмон аёлни қоронғи жоҳилликка ва дину дунёдан узоқлаштирувчи ғафлатга олиб келган асоссиз ривоятлар, тўқима ёки унга ўхшаш ҳадислар тарқалиб кетган эди.

(Бу ривоятларга кўра,) аёл кишининг илм олиши гуноҳ, унинг масжидга бориши тақиқланган эди. Аёлларнинг мусулмонларга тегишли ишлардан хабардор бўлиши ёки уларнинг ҳозири ва келажаги билан машғул бўлиши хаёлга келтирилмайдиган бир ҳолат эди!

Аёлликни хорлик санаш кенг тарқалган иллатли одатга айланган эди. Уларнинг моддий ва маънавий ҳуқуқлари устидан ҳукмрон бўлиб олиш ўзгармас урф бўлиб қолганди!

Уч йилгина олдин бир машҳур воиз минбарга туриб олиб, алам ва ғазаб ила: “Аёллар фақатгина уч марта ташқарига чиққан кунларга Аллоҳнинг раҳмати бўлсин: онасининг қорнидан дунёга, отасининг уйидан эрининг уйига, эрининг уйидан эса қабрга», – деб қичқирар эди.

Мен айтдимки, Аллоҳ таоло у кунларни давом эттирмасин ва умматимиз тарихида бундай кунларни қайта кўрсатмасин! Чунки у кунлар Ислом кунлари эмас, жоҳилият кунлари эди. У кунлар золим урф-одатларнинг ғалаба кунлари эди. У кунлар тўғри йўлнинг давоми эмасди. Ислом умматининг илм, тарбия ва ҳосил бериш майдонида учинчи оламга қулашидаги асосий ҳисса ушбу бузуқ анъаналарга тегишли эди...

Ушбу аччиқ изоҳни айтар эканман, бир киши мени эшитиб қолди ва шундай деди:

– Ихлосли бир воизнинг қалбида тўлиб тошган бу туйғуни нега инкор қилмоқдасиз, нега қабул қилмайсиз? Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қизлари Фотима розияллоҳу анҳодан келган мана бу ҳадис бу воиз айтган гапларни таъкидламайдими? «Албатта, аёл киши ҳеч кимни кўрмайди ва уни ҳам ҳеч ким кўрмайди». Ҳолбуки, Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Фотима онамизнинг бу гапларини тасдиқлаган ва «бири бирининг наслидир» деб бағирларига босган эдилар. Бу ҳолат Ислом бешикдан то қабргача аёл кишининг ҳаёти устидан белгилаб қўйган ёлғизлик ( жамиятдан ажралиб қолиш) шаръий эканлигига далил эмасми?

Мен унга дедим:

– Сен эътиборли бир суннат китоби зикр қилмаган мункар ҳадисни айтяпсан. Сен мутавотир бўлган Қуръони карим оятларига, саҳиҳ ҳадисларга ва олижаноб Пайғамбаримиз ва У зотнинг хулафои рошидинларининг ҳаёт тарзларига зид бўлган бир ҳадисни айтяпсан. Ҳолбуки, ҳадис тўқувчилар аёллар устига омиликни (илмсизлик) юклаб қўядиган бир қанча ҳадисларни тўқиб чиқаришган. Алданганлар эса бу ҳадисларни тасдиқладилар. Натижада қизлар учун мактаб-мадрасалар очмадилар, аёлларни масжидларга қатнашдан ман қилувчи ҳукмлар ўйлаб топдилар ва ўзларининг нодонликларида давом этиб, аёл кишининг диний ва дунёвий вазифасини фақатгина ҳайвоний (шаҳвоний) жиҳатга чеклаб қўйдилар...

Муаллифнинг шарҳлари ва нақлларини мутоала қилаётган пайтингизда эркаклар ва аёллар орасидаги Ислом белгилаб берган муносабатлар доирасини нақадар кенг эканини кўрасиз. Шу билан бирга аёл кишининг ҳаёти унга чамбарчас боғлиқ бўлган буюк ва шарафли вазифани кўрасиз. Муаллиф фақатгина Ислом ҳақиқатларидан иборат бўлган тўғри кўрсатмаларни чизиб берар экан, мусулмонларни насроний ғарб урф-одатларидан узоқ тутади ва замовий маданият уларни ботириб ташлаган гуноҳ ботқоқларидан четлаштиради. Ҳолбуки, бу бизларнинг ичимизга юқори даражада жойлашиб бўлган маданиятдир. Биз эса ана ўша маданиятдан қутулишни истаймиз. У билан мағлубиятга учраган камчиликларимизга қайтиш учун эмас, балки шарафли сийрат ва  хулафои рошидин даврларидаги энг аввалги пешволаримизнинг одатларига қайтишимиз учун. Чунки кейинги насллар ва нодонларнинг ҳавою нафслари уйдириб чиқарган ўзга одатларда шон-шараф, қадр-қиммат, обрў-эътибор йўқдир.

Шайх Муҳаммад Ғаззолий

Абдулҳалим Муҳаммад Абу Шиққа қаламига мансуб “Саодат асрида аёлни озод этиш” номли асарига ёзилган сўзбоши.

Исломда аёлнинг тутган ўрни бизнинг жамиятда етарли даражада ёритилмаган нозик, айни пайтда ўта муҳим мавзулардан бири эканини кўзда тутган ҳолда Аллоҳ насиб этса, асарни таржима қилиб, сизлар билан ўртоқлашиб боришни кўнгилга тугдик. Асарни имкон қадар қандай бўлса шундайлигича тақдим этишга ҳаракат қиламиз ва асар ичидаги қарашлар бутунлай муаллифга оиддир!

Дуоларингизда эслашингиз умиди ила
Абдулқодир ал-Азҳарий

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!