Ислом

Саодат асрига саёҳат: саҳобаларнинг бахти нимада эди?

1869

Пайғамбар алайҳиссалом ва асҳоби киром яшаган даврни “Асри саодат”, яъни “Бахтиёрлик даври” деймиз. Нега?

Бугунги меъёрлар билан қараганда, шароити етарли уйидан ташқари дала-ҳовлиси бўлгани, тез-тез саёҳатларга чиқишгани ёки хоҳлаган пайти кўнгли тусаганни еб-ичиб, кийишгани сабаблими? Ёки хоналари қишда иссиқ, ёзда салқин, маоши мўл, вақтида таътил берадиган ишхоналарда хизмат қилишгани учун бахтлимиди? Ёхуд мол-дунёси бисёрлиги, ҳалол-ҳаромни ажратмай, истаган ишини қилишга имкон топа олишгани учун завқланиб яшашганми?..

Саволларни узоқ давом эттириш мумкин. Бироқ шу ерда тўхтаб, мавзуга бошқа жиҳатдан ёндошсак. Ислом илк майдонга чиққан ерга хаёлан саёҳат қилсак. Атроф бийдай чўл. Мева-чева, сабзавотларни қўйинг, ўт ҳам битмайдиган жой. Қудуқ қазиб, минг машаққат билан сув чиқарилади. Ёмғир ҳам кўп ёғавермайди.Уйлар-чи? Хомашёси асосан лой, кўпчилигига эшик, дераза ўрнига мато тортиб қўйилган. Кўтарсанг, очилади, туширсанг, ёпилади. Гилам, овқатланиш столи, дам олиш хонаси, бир дунё еб-ичиш, овқат тайёрлаш жиҳозлари тугул алоҳида ошхонанинг ўзи йўқ. Битта тўшама, яна бирорта ёпинчиқ, икки-учта идиш, баъзан бир-иккита ёстиқ...

Ҳаво иссиқ, жазирама. Совуқ сув йўқ. Таом аниқ: хурмо, гўшт, сут, тижорий йўл билан бошқа ўлкалардан келтирилган сабзавот, мевалар. Улар ҳам турли-туман эмас, фақат узоқ чўл ва денгиз йўлига чидай оладиганлари...

Одамлар ваҳшийлашган, бир-бирини ўлдириш учун қилдан қийиқ ахтаради. Қуллар, аёллар, болалар ҳимоясиз; “хўжайин” ғазабига учрамаслик учун елиб-югуради. Қиз фарзандлар тириклай кўмилади, чунки улар ортидан келадиган шармандаликдан кўра, шу маъқул. Кимлардир бу ишни ризқ ғамида қилади, битта тириктовон кўпаймасин дейди...

Энди тасаввур этинг, ҳамма нарса аралаш-қуралаш бўлиб турган шундай пайтда бир одам чиқиб: “Аллоҳ менга ваҳий туширди; мавжуд тартиблар ўзгаради!” деса, нима бўлади? Албатта, унинг ўзи ҳам, эргашувчилари ҳам қаттиқ қаршиликка учрайди.

Шундай бўлди ҳам. Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи ва саллам пайғамбарликларини эълон қилдилар. Ўша ондан эътиборан у зотга ва имон келтирган саҳобаларига зулмлар бошланди. Иссиқ ялангликларда оч-сувсиз қолдириш, калтаклаш, ҳақоратлаш, кишанлаш... Чидаб бўлмас ҳолга етганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам буюрдилар:

– Аллоҳ учун юртни тарк этинг, жонингиз ва динингизни қутқаринг!

Энди яна бошқа қийинчилик бошланди – оила, бола-чақа, ўрганган яшаш тарзи, тижорати, боғ-боғчаси, хуллас ҳамма нарсани ташлаб нотаниш ер томон йўлга чиқишди. “Мени ким кутиб олади? Қаерда яшайман? Нима иш қиламан?” каби ўйлар қошида иккиланмасдан қадам ташлашди. Бироқ юракда ҳар он қўлга тушиб қолиш, қийноққа солиниш хавфи; азиз маскандан, ваҳийдан, Пайғамбар алайҳиссаломдан айро тушиш изтироби...

Чидамаслик қилиб ортга қайтишса, яна ўша аҳвол. Олдинга юриб муҳожир бўлишса, икки карра азоб. Ҳамманинг хаёлида бир ўй: “Агар Пайғамбар алайҳиссалом ёнларида бўлсак, у зотдан куч олардик...” Бунинг устига Макка мусулмонлари ҳақида хавотирли хабарлар етиб келади. Нима қилишини билмай, изига қайтганлар кўрдики, зулм ошгандан ошган, қийноқ кучайгандан-кучайган: мусулмонлар ажратиб қўйилган, улар яшаётган жойга на кириш бор ва на чиқиш. Улар билан гаплашиш, қиз олиб-бериш тақиқланган. Очликдан ўлган ҳам ўша ерда, гўдаклар, оналарнинг нолалари ҳам. Бироқ саховатни мақтаган, қариндоши учун ўлишга тайёрлигини даъво қилган араблар “Раббим Аллоҳ!” дейишдан бошқа айби бўлмаган яқинлари қаршисида кўзу қулоғини беркитиб олган.

Уч йил шу тарзда ўтди. Пайғамбар алайҳиссаломга энг катта таянч бўлган Абу Толиб, сўнгра вафодор аёллари вафот этди. Қийинчиликлар, оғирликлар ичра ўтди ҳазрат Хадича. Иккита гўдагини тупроққа топшириб, ортда тўрт қизини қолдириб муборак завжига видо айтди тоҳира онамиз...

Пайғамбар алайҳиссалом маҳзун, чорасиз. Рауфу Раҳим пайғамбар ўз изтиробларидан кўра мўмин биродарлари ҳолидан кўпроқ оғринадилар. Каъбада ибодат қилиш, намоз ўқиш ҳам имконсиз ҳолга келган. Ҳақоратлаш, мазахлашлар... Ҳатто бир сафар саждадаликларида устиларига туя қорнини ташлашди. Кичкинагина Фотиманинг баддуоси шафқатсиз мушриклар кулгусини тўхтатди. Расулуллоҳ қизларининг кўзёшини артдилар: “Йиғлама, қизим. Аллоҳнинг ваъдаси ҳақ”.

Кейин Тоифга чақиришди. Пайғамбар алайҳиссалом мусулмонларга паноҳ топилар деган умидда отландилар. Бу гал тошбўронга учрадилар. “Улар билишмайди. Билишганида бундай қилишмасди”, дедилар шафқат пайғамбари. Сўнгра ниёз этдилар:

– Раббим, ожизлигим, чорасизлигимни Ўзингга арз қиламан. Агар Сен мендан рози бўлсанг, бу ишлар ҳеч нарса эмас!Ниҳоят Мадинага ҳижрат учун илоҳий изн келди. Энди йўлга чиққанлар ҳам номаълумлик томон кетмоқда, бироқ тасалли улар билан бирга – Расулуллоҳ алайҳиссалом! Чўлларни жаннат боғчаларига айлантириб, қоронғу кечаларни ойдинлатиб Мадина томон юришди. Ясриб уларга бағрини кенг очди.

Бироқ ғазабнок Макка мушриклари уларни тинч қўярмиди? Мусулмонлар икки хавф орасида қолди: ташқаридан Макка мушриклари, ичкаридан яҳудий қабилалари ва ичи билан таши бир бўлмаган мунофиқлар. Имкон топиши билан мусулмонларни ер тишлатиш учун пайт пойлайди. Уҳудда, Хандақда ниятларига етишди ҳам. Бироқ Пайғамбар алайҳиссалом хиёнаткорларга тегмасликни буюрдилар: “Муҳаммад асҳобини ўлдиришни бошлади, дейишларини истамайман!” Кўтарилган муштлар иложсиз пастга тушди, қиличлар қинига солинди...

Муҳожирликда ҳам очлик, йўқчилик ортларидан қолмади. Расулуллоҳ қоринларига тош боғлаб юрадилар. Кундузлари ейдиган ҳеч нима йўқлиги сабабли рўза тутадилар. Кечалари тонггача берган неъматлари учун Аллоҳга шукр айтадилар, намоз ўқийдилар, умматларига афв сўрайдилар...

Уйлари – тўрт девор, оёқ ости тупроқ. Ётоқлари – бўйра, юзларига изи тушган. Бироқ тилу дилларида доимий шукр. Бошқа мусулмонлар ҳам шу – эрталабгача уйларида тиловат саслари тинмайди. Тунлари давомли намоз ўқишади. Чунки улар билади: бу дунё ўткинчи; имон неъмати – буюк лутф. Ислом ўзларини қай даражага етказганини англагани учун ҳам бахтли улар.

Шунинг учун яшаган даврлари “Саодат асри” аталади!

Биз бахт дейилганида тасаввур қилганимиздек “ўзи билан ўзи ёлғиз қолиш”га, “ҳеч ким халақит бермасдан, хоҳлаганча сайр қилиш”га, “тўйиб ухлаш”га, “лаззатли таомларни истаганча ейиш”га вақту имконлари бўлмаган. Балки хоҳишлари бўлгандир?.. Масалан, Табукка бормасликни кўзлаган уч саҳобий сингари... ёки кундошдан Пайғамбар алайҳиссаломни қизғаниб ҳийла уюштирган оналаримиз каби... Бироқ рўйхат узоқ давом этмайди. Чунки улар асл ҳаёт охират ҳаёти экани ҳақидаги оятлар тушишига шахсан гувоҳ бўлган, ҳақиқий бахт Аллоҳ розилигида эканини тушунган, шунга кўра яшаган одамлар.

Улар оёқлари шишиб кетгунича намоз ўқиш, лаблари қуриб-қақшаб кетгунича рўза тутиш, бир неча кунда Қуръони каримни хатм қилиш билан бахтли эдилар. Улар учун халифа бўла туриб ун тўла қопни елкага ортмоқлаб муҳтожларга тарқатиш; сафларни қўрқувсиз ёриб кириб ё шаҳид, ё ғозийликка эришиш саодат эди. Улар Расулуллоҳ мактубларини золим ҳукмдорлар қаршисида жасорат ила ўқишни, ё сўзи ё амали ила бир кишини Исломга дохил этишни бахт билишарди.

Энди ўйлаб кўрайлик: умрининг кўп қисми меҳнат-машаққатда ўтган саҳобийлар бахтлими ёки қулайлик кетидан қулайлик қидириб, хоҳлаганига эришганида ҳам ҳузур тополмаётган биз бахтлимизми?

Зумрад Фозилжон қизи
тайёрлади.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг аҳволи...

797 12:00 11.09.2020

“Шарли Эбдо” аҳмоқона ишини яна такрорламоқчи

2239 18:10 01.09.2020

“Қирқ ёш Аллоҳдан бандага юборилган элчидир”

2198 12:25 01.09.2020

Муҳаммад алайҳиссаломнинг илк пайғамбарлик даврларида арабларнинг ҳолати

837 21:30 30.08.2020

Қайси садақанинг ажри улуғ?

1566 18:51 23.08.2020

Муҳим таҳлил: Пайғамбар алайҳиссалом қатнашган жангларда ўлимлар фоизи нега паст?

1828 12:30 19.08.2020
« Орқага