Янгиликлар

Сардоба фожиаси: «Бедана овига борганлар хабар берган: халққа ҳам, ФВВга ҳам...» 

10930

Сирдарё вилояти Сардоба тумани “Юсуф” жоме масжиди имом-хатиби Абдисалим домла Азимов билан сув омборидаги фожиа, “Қўрғонтепа” маҳалласидаги ҳозирги аҳвол ҳақида суҳбат ташкил этдик.

– Ассалому алайкум, домла, саломатмисиз? Бошларингга келган мусибатдан элу юрт ташвишда... Ўзларинг ҳам кўп диққат бўлмай турибсизларми?

– Ваалайкум ассалом вараҳматуллоҳ. Ака, бу ҳам Аллоҳнинг қадари, синови, бир имтиҳони экан. Алҳамдулиллаҳ, соғ-омон қолдик, Ўзидан сабр тилаб, бу мусибатлар тезроқ кўтарилишини дуо қилиб турибмиз. Халқимизга раҳмат, ҳамма бир бўлиб, биз учун ташвишланиб, қайғуриб, қўлидан келган яхшилигини аямай, бизга хайрихоҳ бўлиб, дуойи хайр қилиб туришибди. Бундай муносабатлар халқимиз кўнглини кўтариб, таскин-тасалли бериб турибди. Барчаларидан Аллоҳ рози бўлсин...

– Қори ака, маълумки, сув омборидаги ўпирилишдан сўнг, сув энг биринчи сизлар яшаб турган “Қўрғонтепа” маҳалласига келган. Ортда қолгани рост бўлсин. Ўша фалокат бўлган кунги вазият ҳақида сўзлаб берсангиз.

– Саҳарлик қилгандан кейин бир муддат Қуръони карим ўқийдиган одатим бор. Қуръони карим тиловатидан сўнг, бомдод намозини ўқиб олдим. Шунда бир киши қўнғироқ қилиб: “Сув дамбани уриб кетибди, тез бошқа жойга қочинглар” деди. Кўчага чиқсам кўпчилик эшитиб бўлган экан. Тезда болаларни кийинтириб машинага ўтирғиздик-да, туман маркази – Сардобага йўл олдик. Ўшанда соат 5:50 экан. Маҳалламиз кичик, ҳамма бир-бирини яхши билади. Ўша сув омбори яқинида бир ҳамқишлоғимиз яшайди, яна икки киши тонгда ўша томонга бедана овига боришган экан. Ўшалар офатни энг биринчи бўлиб кўриб қишлоққа шошилишган, одамларни қутқаришга сабаб бўлганлар. Отини чоптириб келиб, қишлоқни уйғотди, дарров Фавқулодда вазиятлар бошқармасига қўнғироқ қилиб, хабар берган. Сув омборидаги ўпирилган жой аввалига кичикроқ бўлиб, борган сари каттариб кетаверган. 5-10 дақиқа ичида ҳалиги жойда 200-250 метр узунликдаги ёриқ пайдо бўлган. 

Ўша ёрилган жой бизнинг қишлоқдан бир километрча узоқликда. Биринчи зарба бизнинг маҳаллага бўлди. 

Одамларнинг тез хабар топишига сабаб рамазон ойи бўлиши, одамларнинг эрта тонгдан экинига, мол-ҳолига қарайман деб тургани сабаб бўлди. 

Бир бемор кампир, бир она икки қизи билан сувда оқиб кетди. Улар эшитмай қолишганми ёки бошқа сабабми, билмадик. Она сувда қолиб кетган, икки қизини анча нарироқда сувдан чиқариб олишган. Аммо қизларнинг бири вафот этган, иккинчи қизча ҳам оғир аҳволда касалхонада экан. Уларни Аллоҳ раҳматига олсин, беморларига шифо берсин, деб дуодамиз.

Коррупция ҳар қандай табиий офатдан ҳам кулфатлироқ!

–  Улар қаерга дафн этилди?

–  Уларни ўзимизнинг қабристон йўли ювилиб кетгани сабабли туман марказида жаноза ўқилиб, дафн қилинган.

–  Масжиднинг ҳолати қанақа? 

–  Масжидларни ичига балчиқ, лой кирган. Ҳужралар, таҳоратхоналар вайрон бўлган. Қайта қуришга муҳтож деб ўйлайман. Бизнинг масжидда жамоатимиз яхши. Кейинги йилларда ёмон одатларидан воз кечиб, намозга кирган ёшлар кўпайган. Алҳамдулиллаҳ, одамларимиз анчаси ичкиликдан қайтиб қолган эди. 

–  Ҳукумат тарафидан кўп қаватли уйлар қурилиши режалаштирилган экан...

–  Уйларимизнинг ўрнига янги уй қурилади, деб бизга ҳали ҳеч ким айтгани йўқ. Ҳозир маҳаллада миллий гвардия, фавқулодда хизмат ходимлари тозалаш-тартиблаш ишларини бажаришмоқда.

–  Хайрия ёрдамлари етиб турибдими? Камчиликлар йўқми?

–  Хайрия ёрдамлари биринчи кунлари йўллар ювилиб кетгани сабабли сал камроқ эди, ҳозир ҳамма кийим-кечак, кўрпа-тўшак, озиқ-овқатлар билан таъминланган. Аллоҳга шукр, камчилик йўқ.

–  Ҳозир маҳалла аҳолиси қаерда яшаяпти?

–  Бизни туман маркази Сардобага, баъзиларни Жиззах вилоятининг Дўстлик, Пахтакор туманларига жойлаштиришди. 

–  Қишлоққа қайтиб келаётганлар ҳам борми?

–  Уйларда яшайдиган шароит йўқ, аммо ҳар бир оиладан бир-икки киши келиб омон қолган ҳужжатими, керакли рўзғор ашёларими олиб кетишяпти. Аллоҳнинг қадари экан, бошимизга сув балоси келди. Алҳамдулиллаҳки, оила аъзоларимиз, қариндошларимиз зарар кўришмади. Фақат сабр қилишдан, Унга ҳамд айтиб, зикрида бўлишдан бошқа чорамиз йўқ. Иншааллоҳ, Аллоҳнинг ёрдами билан вайрон бўлган қишлоқларимиз ҳам қайта қурилиб, гўзал масканларга айланар, шу кунлардан умидимиз бор. Президентимиз биринчи кундан келиб бизга, халққа далда бўлдилар, рости гап, ҳамманинг дили ёришди, умид уйғонди. Аллоҳ у кишига ҳам қувват берсин, доимо соғ бўлсинлар.

Яна бир бор саховатли, меҳр-оқибатли халқимизга раҳмат айтамиз, Қилган эҳсонларини ушбу кунлар шарофати билан Аллоҳ даргоҳида қабул этсин! Аллоҳ уларниям, бизниям шундай балолардан асрасин!

Суҳбатдош: Ёқуб Умар

Сардоба фожиаси: мутахассис мулоҳазаси...

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сардобага ўқитувчиларнинг пулидан йиғиш шартмиди? – Сурхондарё

900 17:30 30.05.2020

Сардоба: хайрияга келган нарсалар ёқиб юбориляптими?

1434 14:38 20.05.2020

Нидерланд мутахассислари Сардоба фожиасини таҳлил қилди

2910 08:30 19.05.2020

«Сардоба иши»ни европалик етук мутахассислар текширади – Шавкат Мирзиёев

1248 03:40 17.05.2020

«Сардоба» фожиаси: жиноят иши бўйича 4 хил тергов версияси текширилмоқда

1134 17:30 16.05.2020

Ҳалок бўлган икки аёл ким?

1842 16:30 16.05.2020
« Орқага