Янгиликлар

Сардоба сув омбори иши бўйича икки киши қамоққа олинди

826

Сирдарё вилоятидаги “Сардоба” сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилинди ва уларга нисбатан “қамоққа олиш” эҳтиёт чораси қўлланилди.

“Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди”, – дейилади Бош прокуратура хабарида.

“Газета.uz” нашрининг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбасига таяниб хабар беришича, гумонланувчилар орасида 2018 йил 21 сентябрдан буён “Ўзбекистон темир йўллари” компанияси қошидаги “Сардоба” сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоев (1987 й. т.) ҳам бор. У Жиноят кодексининг 207-моддаси (мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми “а” бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда. Мазкур банд банди одам ўлишига сабаб бўлган ҳолатни назарда тутади ва бу айб судда ўз исботини топса, судланувчи муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, 2 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин.

Бундан тахмин қилиш мумкинки, демак тўғонни қурганлар эмас, аксинча, фойдаланаётганлар гумондор бўлиб чиқади.

Бош прокуратура Сардобадаги техноген фалокат юзасидан 3 май куни берган илк расмий баëнотида воқеа юзасидан Жиноят кодексининг 207-моддаси 1-қисми (мансабга совуққонлик билан қараш) ва 258-моддаси 2-қисми “б” банди (тоғ-кон, қурилиш ёки портлатиш ишлари хавфсизлиги қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилганини билдирган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув омбори тўғонининг бузилиши бўйича олиб борилаётган жиноий иш доирасида тўрттта асосий тергов тахмини мавжудлиги хабар қилинган эди. Булар: лойиҳалашдаги хатоликлар; қурилиш меъёрларига риоя этмаслик; эксплуатация жараёнидаги хатоликлар; табиий офат. 

“Сардоба” сув омбори фожиаси натижасида жами 6 нафар фуқаро ҳалок бўлган (2 нафар аёл, 4 нафар эркак). Бир нафар фуқаро бедарак йўқолган.

Сув тошқинидан Сардоба, Мирзаобод ва Оқолтин туманларидаги 10 та МФЙда (25 та аҳоли пунктлари) 4 351 та хонадон зарар кўрган. Хонадонлардан 2 570 таси яроқсиз ҳолга келган ва 1 781 тасига қисман зарар етган. Минглаб уй ҳайвонлари сувда оқиб кетган.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Шавкат Мирзиёев: Уйлар давлат томонидан бепул қуриб-таъмирлаб берилади

389 18:00 15.05.2020

Сардобада қанча турар ва нотурар жой объектлари зарарлангани аниқланди

438 17:30 12.05.2020

«Сардобада уй қурамиз!» хайрияси бўйича эълон!

622 14:55 12.05.2020

Сардоба фожиаси: мутахассис мулоҳазаси...

3578 21:14 06.05.2020
« Орқага