Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Сардоба сув омбори қайта қурилади 

1951

Сардоба сув омоборини қайта тиклаш бўйича Вазирлар Маҳкамасининг ёпиқ (хизмат доирасида фойдаланиш учун) қарори қабул қилинган. Бу ҳақда Қурилиш вазирлигининг Лойиҳа-қидирув ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармаси бошлиғи Насрулло Бобоев «Daryo.uz» мухбири билан суҳбатда маълум қилди.

Бобоевнинг сўзларига кўра, қарор асосида жуда катта ҳажмдаги муҳандислик-қидирув ишлари амалга оширилмоқда, хусусан, лаборатория таҳлиллари олиниб, илмий-техник асослаш мақсадида изланишлар давом этяпти.

«Объектнинг амалдаги ҳолати дастлабки лойиҳа ечимларига қанчалик мувофиқлиги ҳам текширилмоқда. Бу ўрганишлар эртага шундай нохуш ҳолат яна такрорланмаслиги, шу каби фалокатларнинг олдини олиш учун қилинмоқда», — деди вазирлик маъсули.

Сув омборини қайта қуриш бўйича лойиҳа ташкилоти томонидан лойиҳа-смета ҳужжатлари ишлаб чиқилган бўлиб, унга кўра объектда тиклаш ишлари икки босқичда амалга оширилади. Бироқ масъул қурилиш муддатларини очиқлай олмаслигини билдирган.

«Сабаби — бу ёпиқ қарор билан белгиланган. Ҳукумат томонидан график қилинган ва масъул ходимлар белгиланган. Режа бўйича тегишли вазирлик ва идораларнинг бириктирилган ташкилотлари ўз ишини қилмоқда», — деди Бобоев.

Биринчи босқичда тўғон ён-бағирларида ҳосил бўлган ёриқларни техник нуқтаи назардан бартараф этиш ва қайта ишга тушириш кўзда тутилган. Бунда уларнинг сувни қабул қила олиш қобилияти ва бошқа илмий-техник изланиш натижалари ўрганиб чиқилади.

«Хулосалар қабул қилиниб, илмий-техник изланишлар якунлангач, тўғонни тиклаш ишлари икки босқичда амалга ошириш режалаштирилган», — деди Бобоев. Унинг қўшимча қилишича, ҳозирда Сув хўжалиги вазирлиги мутахассислари бошчилигида омборнинг сув босимига бардошлилик қобилияти, унга аслида қанча миқдорда сув тўлдириш мумкинлиги илмий ўрганилмоқда.

«Ҳолат қўшни давлатларга ҳам тааллуқли бўлгани боис илмий ўрганишларга нафақат маҳаллий мутахассислар, балки чет эл илмий-тадқиқот марказлари ҳам жалб қилинган. Бунда бир нечта мустақил экспертлар гуруҳи қилинган ишлар натижаларини таҳлил қилади ва ўз хулосаларини беради. Шундан келиб чиқиб, кейинги босқич ишлари давом эттирилади», — деди Бобоев.

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Қирғизистон: 50 гектар ернинг Ўзбекистонга берилишига аҳоли қарши чиқди

5816 10:00 20.04.2021

Қайроққум сув омбори Ўзбекистон учун шунчалар хавфлими?

3349 09:57 15.01.2021
« Орқага