Саудия Арабистонида хизмат кўрсатиш нархлари ошди, Ўзбекистонда эса ҳаж харажатлари 5 млн сўмга арзонлашди

16:06 23.07.2019 990

Бугун, 23 июлда Тошкентдаги Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф мажмуасининг мажлислар залида ОАВ учун “Ҳаж 2019 мавсуми” мавзусида брифинг ташкил этилди. Бу ҳақда Islom.uz портали хабар бермоқда.

Брифингда 2016 йилда юртимиздан 5 минг нафар зиёратчи ҳаж сафарига боргани, 2017 йилдан уларнинг сони 2 минг нафарга кўпайгани, умумий кўрсаткич 7 мингга етгани, бу йил ҳам худди шунча мўмин-мусулмон юртдошларимиз ҳаж ибодатини адо этиши айтиб ўтилди.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасан ўтган йиллардан фарқли равишда бу йил ҳожиларимиз сафар олдидан, ватанда бўлиб турган пайтларидаёқ ўзларини ҳам маънан, ҳам руҳан тайёрлаб, улуғ сафарга муносиб бўлиш мақсадида ижтимоий кўмакка муҳтож шахслар, кам таъминланган оилалар ва аҳоли учун хайрия ёрдами сифатида ўз ташаббуслари билан 9 миллиард сўмдан зиёд моддий ёрдам кўрсатишганини маълум қилди.

Жорий йилдан эътиборан Саудия Арабистонида барча турдаги хизматларга 5 фоизлик қўшимча қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга яна 2,5 фоизлик солиқ киритилгани, хизмат кўрсатиш нархларининг ошишига сабаб бўлиши, лекин Ўзбекистонлик ҳар бир зиёратчи учун белгилаган хизматлар нархи оширилиши ўрнига, сезиларли даражада туширилгани, бу йилги ҳаж мавсуми учун сарф-харажатлари сметаси бўйича ҳар бир зиёратчидан олинадиган маблағ 33 миллион 300 минг сўм этиб белгилангани, яъни нарх 5 миллион сўмга арзонлаштирилгани алоҳида қайд этилди.

Юртдошларимиз жорий йилнинг 24 июль-3 август кунлари Тошкент – Мадина, Бухоро – Мадина, Наманган – Мадина, Самарқанд – Мадина, Қарши – Мадина, Урганч – Мадина ҳамда Нукус – Мадина йўналишларида ҳаж сафарига кузатиладилар ва шу йўналишларда мамлакатимизга қайтиб келадилар.

Ўз навбатида, брифингда Президентимиз ташаббуслари билан Ҳаж сафари билан боғлиқ ташкилий ишлар йилдан-йилга яхшиланиб борилаётгани, мисол учун, зиёратчиларимиз шу йилдан эътиборан Мадина шаҳрида 5 юлдузли “Пуллман замзам” меҳмонхонасида, Макка шаҳрида 4 юлдузли “Аброжул Ҳидоя” меҳмонхоналарида истиқомат қилишлари юртимиз зиёратчилари учун галдаги туҳфа бўлгани айтиб ўтилди.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!