Саудия Арабистони Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг «гендер мансублик» ва «жинсий ориентация» бўйича резолюцияси лойиҳасини рад этиб, бу атамалар қироллик тарихи ва қадриятларига зид эканлигини таъкидлаган.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеяси резолюцияси давлатларни “фуқароларнинг ирқи, ранги, этник келиб чиқиши, жинси, жинсий ориентацияси ва жинси, тили, дини, сиёсий қарашлари ёки ногиронлиги, миллий ёки ижтимоий келиб чиқишига кўра давлат ишларида иштирок этиш ҳуқуқини бевосита ёки билвосита камситувчи қонунлар, қоидалар ва амалиётларни бартараф этиш чораларини кўришга чақиради”.
Саудия Арабистонининг БМТдаги доимий вакили Абдуллоҳ ал-Муаллимий жавоб бериб, “Аллоҳ эркак ва аёлни илоҳий табиатнинг бир қисми сифатида яратган ва мамлакат маданияти ва қадриятлари бошқа ҳар қандай тушунчани «табиатга зид» деб ҳисоблайди” деган.
Шунингдек, у бундай резолюция суверен мамлакатларнинг қонун чиқариш ҳуқуқига дахлдор эканлигини ва бу хорижий қадриятлар ва маданиятларни ҳурмат қилишнинг демократик амалиётига зид эканлигини таъкидлаган.
«Маданияти, диний ўзига хослиги, урф-одатлари ва анъаналари бундай қадриятлар ва тушунчаларга зид бўлган мамлакатлар томонидан илоҳий табиатга мос келмайдиган ёт қадриятлар ва тушунчаларнинг татбиқ этилиши бутунлай рад этилади», деган Ал-Муаллимий.
У қиролликнинг «ҳар бир давлат ўз жамиятининг маънавий қадриятларига, маданияти ва диний ўзига хослигига мувофиқ қонунлар ва қоидаларни қабул қилиш ҳуқуқига эга» деган позициясини яна бир бор тасдиқлади.