Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Таҳлил: Саудия Арабистони Исроил билан дўстлашадими?

2179

Кеча, 14 октбярь куни АҚШ Давлат котиби Майк Помпео Вашингтонда Саудия Арабистони Ташқи ишлар вазири Файсал ибн Фарҳон ибн Абдуллоҳ ал-Саудни қабул қилди. Помпео Саудия Арабистонини минтақада “барқарорликни таъминловчи куч” сифатида таърифлар экан, Риёзни Бирлашган Араб Амирликлари ва Баҳрайннинг йўлидан боришга – Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатишга чақирди. Араб давлатларининг Исроил билан муносабатлари нормаллашишига бош-қош бўлаётган АҚШ, албатта, минтақдаги яқин ҳамкори бўлмиш Саудия Арабистонининг ҳам Исроил билан дўстлашган давлатлар сафида бўлишини истайди. 

Хўш, Саудия Арабистони Исроил билан дипломатик алоқа ўрнатадими? Бу саволнинг жавоби Яқин Шарқда (умуман бошқа минтақаларда ҳам) кўпчиликни қизиқтираётгани шубҳасиз. 

Саудия Арабистони ўнлаб йиллардан бери Исроилни танқид қилиб, уни “сионист давлат” деб атаб келади. Бироқ охирги пайтда ижтимоий тармоқларда Риёзнинг Исроил билан яқинлашиши ҳақидаги гап-сўзлар тинмай айланиб юрибди. Анча йиллар Саудия Арабистонининг Вашингтондаги элчиси бўлиб ишлаган шаҳзода Бандар ибн Султон ал-Сауднинг ўтган ҳафта БААнинг “Ал-Арабия” телеканалида эълон қилинган интервьюси бу иддаолар асоссиз эмаслигини кўрсатгандек. 

 Шаҳзода Бандар ўз интервьюсида Исроил билан алоқа ўрнатган Форс кўрфази давлатларини танқид қилган Фаластинни койиди. “Биз ўз мақсадлари учун халқаро майдонда қўллов топишга уринаётган мутасаддилардан бундай паст савияли баёнотларни кутмаймиз, – деди у. – Фаластин етакчиларининг кўрфаз давлатларига нисбатан ҳаддини ошган бу баёнотларини, уятли гапларини асло қабул қилиб бўлмайди”. 

Фаластин раҳбарлари БАА ва Баҳрайннинг Исроил билан алоқаларни нормаллаштиришини “хиёнат” деб атаган, бу билан орқадан пичоқланганликларини айтган эди. 

Шунингдек, шаҳзода Бандар Фаластин етакчилари “тарихий муваффақиятсизликка” учраганини, улар Саудия Арабистонининг қўллови ҳар доим чўнтакларида бўлишини ўйлаганини айтди. Унинг фикрича, Фаластин – Исроил низоси шу пайтгача ҳал бўлмагани учун ҳар икки томоннинг раҳбарлари тенг даражада айбдор.   

Шаҳзода Бандар Фаластинда иккита – Ғарбий соҳилда “Фатҳ”, Ғазода эса ХАМАС бошқаруви борлигини эслатиб ўтди: “Фаластинликлар ҳали ўз ораларида тил топиша олгани йўқ, Исроил билан қандай қилиб адолатли келишув тузишлари мумкин?”

Бандар ибн Султон катта эҳтимол билан бу гапларни подшоҳ Салмон ва валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмоннинг рухсати билан айтган. Бу билан эса мамлакат раҳбарияти халқни Исроил билан алоқа ўрнатилишига тайёрлашга киришганини тахмин қилиш мумкин. 

Зеро, шаҳзода Бандарнинг интервьюси Саудия Арабистони ҳукуматининг БАА ва Баҳрайннинг Исроил борасидаги қарорини жимгина қўллаб-қувватлаётганини кўрсатиб турибди. 

Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади. 

 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Исроил фуқаролари энди БААга визасиз кира олади

289 11:00 14.01.2021

БАА Туркия билан алоқаларни яхшиламоқчи, лекин шарти бор

1115 18:00 12.01.2021

БАА Қатар билан алоқаларни тиклади

306 09:00 09.01.2021

БААда Россия вакцинасини синашнинг учинчи босқичи бошланяпти

236 16:05 08.01.2021

Инқирознинг якуни: Қатар қамалдан халос бўлди

800 08:55 05.01.2021

БАА меҳмонхоналари исроиллик сайёҳларнинг ўғрилигидан шикоят қилган

1980 10:05 04.01.2021
« Орқага