Саудия Арабистони «мусулмонларга туширилган тарсаки»ни ҳимоя қилди

15:35 19.07.2019 2838

Саудия Арабистони Хитойнинг Шарқий Туркистондаги сиёсатини қўллаб-қувватловчи хатга имзо қўйгани тўғри бўлганини маълум қилди.

Ўтган ҳафтада Ғарб давлатлари ва Япониядан иборат 22 мамлакат БМТнинг Инсон ҳуқуқлари комиссиясига мактуб йўллади. Унда Хитой Шарқий Туркистондаги лагерларда 1 миллиондан зиёд уйғурни мажбуран ушлаб тургани ва улар зудлик билан озод этилиши кераклиги айтилган.  

Бир кун кейин эса ораларида Саудия Арабистони, Миср ва бошқа араб мамлакатлари бўлган 35 давлат Хитойни қўллаб-қувватловчи мактубни имзолади.

“Евроньюс”нинг хабар беришича, Саудия Арабистонининг БМТдаги доимий вакили Абдуллоҳ ал-Муаллим ўша мактубда Хитойнинг Шарқий Туркистонни ривожлантириш сиёсати маъқулланган.

“Дунёдаги мусулмонларнинг аҳволи бўйича Саудия Арабистони ҳаммадан кўпроқ хавотирланади. Мактубда инсонларни қашшоқликдан қутқарадиган ривожланиш сиёсатини қўллаб-қувватлашимизни билдирдик”, – деди дипломат.  

Мактубда Хитой Шарқий Туркистонда хавфсизликни ва барча этник гуруҳларнинг фундаментал ҳуқуқларини таъминлаётгани, касбий таълим марказларини очиш орқали терроризмнинг ва фундаментализмнинг олдини олишга ҳаракат қилаётгани айтилган.

Инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланувчи “Хьюман райтс вотч” (HRW) эса ушбу мактубни “мусулмонларнинг юзига туширилан тарсаки” деб атади.  

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!