Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Саудия Арабистони: тахт учун кураш қандай кечяпти?

1511

Саудия Арабистонида юқори мартабали олти нафар генерал, жумладан, икки шаҳзода қуролли кучлар сафидан ҳайдалди. Улар Мудофаа вазирлигида шубҳали молиявий операцияларни амалга оширишда гумон қилинмоқда. Генералларга қарши иш очилган.

Қуролли кучлар сафидан қувилганлар орасида подшоҳ Салмоннинг жияни – Яманда исёнчи хусийларга қарши кураш олиб бораётган Саудия Арабистони коалициясига қўмондонлик қилган шаҳзода Фаҳд ибн Туркий ҳам бор.

Унинг ўрнига Бош штаб бошлиғининг ўринбосари, генерал-лейтенант Мутлақ ал-Азим тайинланди.

Фаҳд ибн Туркийнинг ўғли – мамлакат шимолидаги Жавф вилояти амирининг ўринбосари бўлиб ишлаётган шаҳзода Абдулазиз ҳам “катталарнинг” қаҳрига учради. У подшоҳлик оиласининг истиқболи порлоқ аъзоларидан бири сифатида кўрилар эди. 
Ишдан олишларнинг ортида Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодаси, 85 ёшли отаси Салмоннинг номидан мамлакатни бошқараётган 35 ёшли Муҳаммад ибн Салмон борлиги айтилмоқда. 

Валиаҳд шаҳзода 2016 йилда ҳокимиятга келиши билан коррупцияга қарши қаттиқ кураш олиб борилишини маълум қилди. Шундай курашлардан бири 2017 йилда қайд этилди: ўнлаб шаҳзодалар, вазирлар ва тадбиркорлар Риёздаги “Ритц-Карлтон” меҳмонхонасига қамаб қўйилди. Улар давлатга жами 106,7 миллиард долларни қайтарганидан кейингина қўйиб юборилди.

Бироқ бу сафарги коррупция жанжали ички ва ташқи сиёсий важлардан холи бўлмаслиги мумкин. 

Саудия Арабистони қўшинлари 2009 йилдан бери Яманда ҳукуматни қўллаб-қувватлаб, исёнчи хусийларга қарши кураш олиб боряпти. Хусийларнинг ҳомийси эса – Эрон. Турли маълумотларга қараганда, Риёзнинг Ямандаги операцияси ойига бир миллиард долларга тушяпти, лекин сезиларли натижаларга эришилгани йўқ. Хусийлар пойтахт Санони ва Яманнинг аҳоли зич яшайдиган ҳудудларини назорат қилишни давом эттирмоқда. Эрон уларга Риёзни нишонга олишга қодир ракеталарни етказиб берган. 
Ноаниқ авиазарбалар оқибатида кўп сонли тинч аҳоли вакилларининг ҳалок бўлиши ҳам саудиялик ҳарбийларнинг обрўсига салбий таъсир кўрсатди. 

Вашингтондаги Яқин Шарқ институти эксперти Саймон Хендерсоннинг фикрича, Саудия Арабистонининг ҳақиқий ҳукмдори Муҳаммад ибн Салмон низодан дипломатик йўл билан чиқиш йўлларини қидиряпти: у ҳам мағлубиятни тан олиш, ҳам Эронни хурсанд қилиш ниятида эмас.    
Фаҳд ибн Туркийнинг ишдан олинишида Саудия Арабистони подшоҳлик оиласидаги ички низоларнинг таъсирини ҳам эътибордан соқит қилиб бўлмайди.  

Саудия Арабистони подшоҳлигига 1926-1932 йилларда Абдулазиз ибн Сауд томонидан асос солинган. У Макка ва Мадина назоратини қўлга киритгач ва нефть қазиб олишни йўлга қўйгач, катта куч-қудратга эга бўлди. Биринчи подшоҳ 1953 йилда вафот этгач, Саудия Арабистони тахт отадан ўғилга ўтадиган эмас, балки акадан укага ўтадиган ўзига хос монархияга айланди. Бироқ бу анъанага қатъий амал қилинмади: баъзи укалар етарли даражада обрўли эмасди, айримлари эса ўзини уринтиришни истамади. Подшоҳ биринчи ва иккинчи валиаҳд шаҳзодани тайинлайдиган бўлди. 

Подшоҳ Абдулазизнинг турли хотинларидан жами 45 нафар ўғли бор эди, улардан олти нафари тахтга ўтирди. Бу катта оилада бир онадан туғилган етти ака-ука – “Судайра еттилиги”нинг ўрни ўзига хос эди, ҳозирги подшоҳ Салмон ана шу ака-укалардан биридир. 

Салмон 2015 йилнинг январида тахтга ўтирганида маълум бўлдики, у Абдулазизнинг подшоҳ бўлган охирги ўғлидир ва аввалги тартибнинг маъниси қолмади. Учинчи ва тўртинчи авлодга мансуб икки юздан зиёд шаҳзодалар орасидан подшоҳнинг танланиши мамлакатда беқарорликка сабаб бўлиши мумкин. Шундай қилиб, Саудия Арабистони ҳам оддий монархияга айланадиган пайт келди. 

Бироқ бу ўзгариш осон кечмаслиги аниқ эди. Подшоҳлик оиласининг қайси гуруҳи сулолага асос солади ва қайсилари тахтга ўтириш имкониятидан буткул маҳрум бўлади?.. 
Салмон подшоҳ бўлганидан сўнг жияни Муҳаммад ибн Найёфни биринчи валиаҳд шаҳзода, ўғли Муҳаммадни эса иккинчи валиаҳд шаҳзода этиб тайинлади.

Бироқ бир йилдан кейин мамлакатда сассиз тўнтариш юз берди: Муҳаммад ибн Салмон биринчи валиаҳд шаҳзодага айланди. Муҳаммад ибн Найёф ва унинг отаси ҳам, подшоҳ Салмоннинг бошқа укаси Аҳмад ҳам омманинг кўзига кўринмай қолди. Wall Street Journal нашрининг ёзишича, улар уй қамоғига олинган.

Бир неча кун аввал ишдан олинган генерал Фаҳд ибн Турки ҳам “Судайра еттилиги”га мансуб ўғиллардан бирининг фарзанди, яъни валиаҳд шаҳзоданинг амакиваччаси ҳисобланади. Яъни Фаҳднинг ишдан олиниши подшоҳлик оиласи ичида ўзаро курашнинг натижаси деб кўрилмоқда. 
Убайдуллоҳ Адҳамов тайёрлади.
 

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“Судан Исроил билан алоқа ўрнатишга мажбурланди”

624 08:30 16.10.2020

Яман: вайроналар қўйнидаги мактаб (фото)

748 14:30 10.10.2020

Яман: ҳукумат ва ҳусийлар асирларни алмашишга келишиб олди

279 14:05 28.09.2020

Яманликларга ёрдам кўрсатиш учун БМТнинг пули қолмади

350 08:05 25.09.2020

Яман: афтодаҳол ўлканинг бошига тушган балолар 

987 08:00 22.09.2020

Ҳусийлар Сано аэропортини ёпгани туфайли Яманга ёрдам етказиб бўлмаяпти

250 16:20 21.09.2020
« Орқага