Саудия Арабистони Трампнинг ҳимоя учун пул тўлаш ҳақидаги талабига рад жавобини берди

18:30 06.10.2018 1472

Саудия Арабистони ўз хавфсизлиги учун АҚШга пул тўламайди, деди Саудиянинг валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмон Ол Сауд Блумберг агентлигига берган интервьюсида Америка президенти Дональд Трампнинг талабини изоҳлар экан, деб ёзмоқда Kun.uz нашри.

Яқинда Миссисипидаги тарафдорлари олдидаги чиқиши чоғида Трамп Саудия қиролини яхши кўришини, аммо АҚШ ҳимоя қилмаса у икки ҳафта ҳам тура олмаслигини ва бу хизмати учун қирол унга пул тўлаши кераклигини айтганди.

"Аслида биз хавфсизлигимиз учун ҳеч қандай пул тўламаймиз. Биз АҚШдан олинган барча қуролларга пул тўланган деб ҳисоблаймиз, қуролларни текинга олмаганмиз. Саудия Арабистони ва АҚШ ўртасида муносабатлар ўрнатилган пайтдан бошлаб барча нарсани пулга сотиб оляпмиз", — деди шаҳзода.

Салмон Ол Сауднинг сўзларига кўра, Саудия Арабистони икки йил олдин бошқа мамлакатлардан қурол сотиб олишни мўлжаллаган, аммо ҳукумат тепасига Трамп келганидан сўнг армиясини яна ўн йил давомида Америка қуроллари билан таъминлашга қарор қилган. Бунда қуролнинг 60 фоизи АҚШдан сотиб олинади, 40 фоизи эса Америка технологиясидан фойдаланган ҳолда қиролликнинг ўзида ишлаб чиқарилади. Ар-Риёд бу мақсад учун 400 миллиард доллар сарфлашни режалаштирган.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!