1444 йилнинг 1 муҳаррамида (2022 йил 30 июль) бошланган жорий Умра мавсумида дунёнинг жами 176 давлатидан Умра учун ариза берувчиларга икки миллиондан ортиқ умра визаси берилди.
Ҳаж, Умра ва зиёрат миллий қўмитаси аъзоси Ҳани Ал-Омайрийнинг айтишича, 150 га яқин Умра хизмат кўрсатувчи компания ва муассасалар зиёратчиларга Қиролликка етиб келганидан сўнг Умра амалларини бажариб, ўз мамлакатларига жўнаб кетгунларигача қулай муҳит ва энг яхши хизматларни тақдим этмоқда.
Унинг сўзларига кўра, энг кўп Умра зиёратчиси жўнатган давлатлар рўйхатида мусулмонлар сони энг кўп бўлган Индонезия биринчи ўринда туради. Индонезиядан кейин Ироқ, Туркия, Покистон, Малайзия, Ҳиндистон ва Озарбайжон мамлакатларидан зиёратчилар келишган. У келгуси даврда бутун дунёдан Умра зиёратига борувчилар оқими кўпайишини таъкидлаган.
Шу билан бирга, Икки Муқаддас Масжид Бош бошқармаси жорий 1444 йилнинг биринчи чорагида маҳаллий ва хорижий Умра зиёратчилари, шунингдек, Каъбатуллоҳга ташриф буюрган намозхонлар сони 30 миллиондан ошганини маълум қилди. Бу даврда Пайғамбаримиз масжидини зиёрат қилиб, намоз ўқиганлар сони 40 миллиондан ошди.
Омайрий зиёратчилар ва намозхонларнинг ибодатларини мукаммал ўтказиши учун пухта ўйланган чора-тадбирлар кўрилганини, илғор янги технологиялар, жумладан, робототехника ва сунъий интеллектни жорий этилганини таъкидлаган.