Олти йил аввал ўртадаги дипломатик алоқаларни узган Эрон ва Саудия Арабистони элчихоналарни қайта очишга тайёргарлик кўрмоқда.
Эрон парламентининг миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсат комиссияси аъзоси Жалил Раҳим Жаҳонободий шанба куни твиттердаги саҳифасида икки давлат ўзаро муносабатларни тиклаш йўлида эканлигини ёзган.
2021 йилнинг апрелидан бери Бағдодда Ироқ ҳукуматининг воситачилигида Саудия ва Эрон муносабатларини юмшатиш бўйича олиб борилган музокаралар натижасида икки давлат дипломатик алоқаларининг ўзаро кескинлашувини бартараф этиш бўйича ҳаракатлар сезиларли даражада кучайган. Мазкур қарама-қаршиликка барҳам бериш ҳаракатлари Эронннг аввалги ҳукумати даврида бошланган ва мамлакатнинг янги раҳбари Иброҳим Раисий даврида ҳам давом этмоқда.
Шунингдек, ўтган ҳафта Эрон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Саид Хатибзода Теҳрон ва Риёз ўртасида навбатдаги музокаралар режалаштирилаётганини таъкидлаган. Бироқ ушбу жараён айнан қачон ўтказилишига аниқлик киритмаган эди.
Маълумот учун: икки давлат ўртасидаги келишмовчилик 2016 йил январь ойида Саудиядаги таниқли шиалар имоми Нимр ан-Нимрнинг қатл этилиши сабаб Теҳрон ва Машҳаддаги Саудиянинг элчихона ва консуллик биноларига қилинган ҳужумлардан сўнг юзага келган эди.