Саудия Арабистони Форс кўрфази мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши атрофида уч йилдан бери давом этаётган инқирозни ҳал этиш орқали АҚШнинг янги сайланган президенти Жо Байден билан алоқаларни яхшилаш ниятида.
2017 йилнинг июнида Саудия Арабистони, Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Миср Қатарни террорчиликни қўллаб-қувватлашда айблаб, у билан алоқаларни узди. Қатар ҳаводан, ердан ва денгиздан қамалга маҳкум этилди. Доха ўзига қаратилган айбловларни қатъий равишда рад этиб келади.
Саудиялик таҳлилчи Али Шиҳабий Financial Times нашрига берган интервьюсида кўрфаз инқирозининг ҳал этилиши Байден учун “совға” бўлади деган фикрни билдирди. Унинг айтишича, Байденнинг ғалабасидан кейин валиаҳд шаҳзода Муҳаммад ибн Салмон ўзини “олов чизиғида тургандек” ҳис қиляпти.
Жо Байден Саудия Арабистони валиаҳд шаҳзодасини инсон ҳуқуқлари бузилишлари, хусусан, саудиялик журналист Жамол Қошиқчининг ўлдирилиши ва Ямандаги уруш учун танқид қилган.
АҚШ президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчиси Роберт О'Брайен Қатар қамали тез орада барҳам топишига умид билдирган. “Америка манфаатлари учун Форс кўрфази мамлакатлари ҳамкорлик кенгаши ичидаги алоқалар яхши бўлиши зарур, чунки бу Эронга қарши муҳим мувозанатдир”, – деди у.