Ливиянинг Сабҳа шаҳри суди мамлакатнинг собиқ раҳбари Муаммар Қаззофийнинг ўғли Сайфулисломни 24 декабрь куни бўлиб ўтадиган президент сайлови учун номзодлар рўйхатига қайтадан киритиш ҳақида қарор чиқарди. Бу ҳақда ТАССга унинг адвокати Холид Зайдий маълум қилди.
Марказий сайлов комиссияси 24 ноябрь куни президентликка 98 нафар номзоддан 25 нафарининг ҳужжатлари номзодлик шартларига тўғри келмаслигини айтиб, уларни номзодлар рўйхатидан чиқариб юборди. Четлатилганлар орасида Сайфулислом Қаззофий ҳам бор эди.
У сайловда қатнашиш учун 14 ноябрда ҳужжатларини топширган, ўшандаёқ мамлакатнинг баъзи ҳудудларида норозилик билдирилган эди.
Сайфулислом Қаззофий 1972 йилда туғилган. У Швейцария ва Британияда таҳсил олган, отаси даврида Ливиянинг Ғарб давлатлари билан ташқи алоқалари бўйича шуғулланган. Отаси ағдарилгандан сўнг қисқа вақт қаршилик ҳаракатини бошқарган, аммо 2011 йил охирида қўлга олиниб, судланган. 2017 йилда у Ливия ҳукумати эълон қилган амнистия туфайли озод этилган.