Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Саййид Носирхон тўранинг кароматлари

649

Буюк шахслар ҳақида халқ орасида доимо тарихий фактлар билан бир қаторда турли ривоятлар, қарашлар ва афсоналар кенг тарқалади. Бундай маълумотларнинг қанчалик кенг миқёсли ва кўп бўлиши мазкур кишининг шунчалик машҳурлигидан дарак беради. Аммо инсон ақлини ҳайратга солувчи бу каби ривоятлар остида ўзига хос тарихий ҳақиқат ҳам ётади.

Саййид Носирхон тўранинг пароканда бир даврда яшашига қарамай бутун умрини халқ маънавияти ва маърифатига, муқаддас динимиз  хизматига  бағишлаган алломанинг ҳаёти ва фаолияти кишилар учун ибратдир. Илм-маърифат йўлида бошига келган турли оғир синовлар,  таъқиб ва тазйиқлар олдида сабр ва матонат билан туриб, бу йўлда юксак мартабаларга эриша олган мазкур   зотнинг ҳаёт лавҳалари ҳар қандай кишига завқ бериши табиий. Шу сабабдан Саййид Носирхон тўранинг ҳаёти турли-туман афсоналар, миш-мишлар билан маҳкам ўраб-чирмаб ташланган. Бу ҳақда Сирожиддин Аҳмад шундай ёзади: “Халқ севимли фарзандлари ҳақида турли-туман афсона ва ривоятлар тўқийди. Жумладан, Саййид Носирхон тўра ҳақида афсоналар тўқилган. Эмишки, Носирхон тўра қамокда ўтирган пайтида дуо ўқиб, назоратчиларнинг кўзидан ғойиб бўлган ва сиёсий идора ходимлари излаб унинг изини ҳам топиша олмаган эмишлар... У киши ҳамон ҳаёт эмиш... Бу афсонада ҳақиқат бор. Мана, мустақиллик шарофати билан Саййид Носирхон тўра Саййид Камолхон тўра ўғли яна ватани, эли бағрига қайтди. Илоҳи охирати обод бўлсин” .

Саййид Носирхон тўранинг ўз даврида тасаввуфнинг машҳур шайхи бўлгани ва кўплаб муридлар тарбиялагани ва бир қанча кароматлар соҳиби бўлгани каби фазилатлари нақл қилинган. Дарвоқе, у зотнинг баъзи кароматлари ҳозиргача маҳаллий кишилар орасида ривоят сифатида машҳурдир.  

Шу ўринда каромат хусусида ҳам тўхталсак.

Китобларда айтилганидек, Ер юзида қиёматга қадар Аллоҳнинг валий бандалари бўлиши ва улардан турли кароматлар содир бўлиши ҳақ ва ростдир . Бу ҳақда “Сабот ул-ожизин”да кенг баён қилинган:

Эрур барҳақ каромат авлиёдин, 

Иноятдур валийларга Худодин.

Каромат хориқи одат эрур исм,

Бўлубдур хориқи одат неча қисм.

Набидин хориқи одат не таъйин, 

Дедилар мўъжиза, эй толиби дин. 

Нубувватдин бурунни дерлар ирҳас,

Муни билсанг керакдур: “Аййуҳаннас! 

Агар солиҳ кишидин бўлса ҳар гоҳ,

Каромат деб бўлур бешаку ишбоҳ. 

Кўрунса бир авом мўъмин кишидин, 

Маунатдир ўшал айғон кишидин. 

Агар кўрсатса мундоғ кофир инсон, 

Ул истидрож эрур монанди шайтон.

Вале ул орифи биллаҳ бўлса, 

Ёмон ишдин қўли кўтоҳ бўлса. 

Авомирни ҳамиша қилса ул қул, 

Тақи қилма деганни қилмаса ул. 

Яратғон Тангрини қўрқинчидин низ, 

Каю шубҳа дегандин қилса парҳиз. 

Тақи лаззат билан шаҳватга, эй ёр, 

Фуру ҳам кетмаса ул яхши кирдор.

Бу таърифлар кишига бўлса содиқ,

Валийдур ул ақоидга мувофиқ .

Уламолар каромат ҳақлигига Қуръони карим ва ҳадиси набавиядан ҳужжат келтиришган. Жумладан, Жалолиддин Суютий “Ал-хабаруд доллу аҳла вужудил қутби вал автоди ван нужабаи вал-абдол”, имом Муновий “Файзул қодир”, Абдулваҳҳоб Шаҳроний  “Ал-явоқит вал-жавоҳир”, Хожа Муҳаммад Форсо “Фаслул хитоб” асарларида қимматли маълумотлар келтиришган .

Аҳли сунна вал жамоа ақидасининг муҳим бобидан бири, бу валийлар мавжудлиги ва улардан содир бўладиган хориқи одатлар, турли мукошафалар ва баъзи таҳсирларни тасдиқламоқ аввалги ўтган умматларда бўлгани каби ҳозир ҳам уммат орасида мавжуд ва қиёматга қадар давом этади.

 Китоб ва суннатдан бўлган қатъий далиллар ўз пайғамбари йўлига мустаҳкам эргашган авлиёнинг каромати ҳақлигига далолат қилади. Каромат хориқи одат бўлиб, уни Аллоҳ дўстларидан бўлган бир валийнинг қўли орқали жорий қилади. Бу унга диний ва дунёвий ёрдам бўлиши мумкин . Мазкур кароматлар бир неча ҳикматларни ўз ичига олади.Биринчидан, у ҳам мўъжиза каби Аллоҳнинг буюклиги ва қудрати, истак-хоҳишининг ижросига далолат қилади. Чунки У хоҳлаган ишини қилгувчидир. Ғор эгалари бўлган (асҳоби Каҳф номи билан машҳур. Бу борада Қуръони каримнинг Каҳф сурасида батафсил ҳикоя қилинган) йигитларнинг узоқ муддат бир ерда ухлаши ва бу муддат ичида баданининг чиримаслиги ёки Исонинг (алайҳиссалом) онаси Марямга (розияллоҳу анҳу) қишда ёзнинг, ёзда эса қишнинг мевалари пайдо бўлиши, ҳатто бундан Закариёдек (алайҳиссалом) пайғамбарнинг ажабланиб сўраши каби ишлар, албатта, Аллоҳ қудратининг улуғлигидандир.

Иккинчидан, каромат пайғамбарнинг мўъжизаси жумласидандир. Чунки валийларда содир бўлган каромат, шубҳасиз, ўз пайғамбарига эргашиши туфайли содир бўлган.

Учинчидан, каромат валийларга бу дунёда берилган хушхабар бўлиб, оқибатдаги яхшиликлар аломатидир. Аммо айрим фирқа ва оқимлар кароматни инкор қиладилар. Бу ботил даъводир. Чунки айтилганидек, каромат соҳибида ҳеч қачон пайғамбарлик даъвоси бўлмайди .

Аксарият валийлар ўзи билан Аллоҳ ўртасидаги сирларни муҳофаза қилиб, кароматни яширганлар, уни риё мақсадида кўрсатмаганлар. Баҳоуддин Нақшбанддан каромат талаб қилганларида: “Барча кароматлар калимаи тавҳид билан йўқ бўлгувчидир. Каромат соҳибларининг барчаси парда остида – ҳижобдадирлар. Орифлар эса кўздан узоқдадирлар. Бизнинг кароматимиз зоҳирдур. Бовужуди бу навъ гунаҳ юки Ер юзида юра олурбиз. Бизга халқнинг кўнглидаги фикрларидан, ишларидан ва аҳволларидан нимаики зоҳир бўлса, биз ўртада бўлмаймиз. Ё бизга илҳом орқали билдирадилар ёки бирор белги орқали етказиб турадилар” . Ўзгаларнинг кўнглидагини билиб олиш кўзи очиқлик ва англаб олиш фаросат нури орқали бўлиб, ҳадиси шарифда айтилганидек, “Фа иннаҳу янзуру би нуриллаҳ”, яъни валий Аллоҳ нури орқали боқади .

(давоми бор)

«Саййид Носирхон тўра Косоний» китобидан олинди

«Azon kitoblari» нашриёти

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

“16 миллион украиналик гуманитар ёрдамга муҳтож” – БМТ координатори

35 12:20 02.07.2022

Исроилнинг Эронга оид яширин маълумотлари тарқалиб кетди

307 12:00 02.07.2022

Ғарбий Соҳилдаги тартибсизликларда исроилликлар яраланди

92 11:45 02.07.2022

“Муҳожирлар ташналикдан вафот этган” – ХМТ таассуфда

189 11:15 02.07.2022

Осиё-Тинч океани мамлакатлари темир йўлчилари Қирғизистонда йиғилди

151 10:55 02.07.2022

Ҳар 24 сонияда бир киши автоҳалокатда вафот этади – БМТ

87 10:35 02.07.2022
« Орқага