Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ахлоқ

Сен бахтга лойиқсан, аёл! (Эркаклар ўқимасин!)

6283

Шу кунларда нимагадир ижтимоий тармоқларни аёлларимизнинг қийналгани, қадри топталгани, қайнонаси сўккани, эри ургани, “ўлдираман” дегани… ва ҳоказолар ҳақидаги постлар портлатяпти. Айрим инсонлик қиёфасини йўқотганлар аёлига ҳайвонга ҳам қилинмайдиган муомалани қилиб, яна бунинг видеосини тап тортмай ижтимоий тармоқларга жойлаяпти!

Ҳайҳот, аёлнинг қадр-қиммати тупроқдан ҳам пастми? Турмуш ўртоғи учун оиласини, яқинларини, туғилиб-ўсган уйини ташлаб келса, уйини саранжом қилиб, иссиқ-совуғига яраса, жонидан кечгудек бўлиб фарзандларини дунёга келтирсаю, кўрган куни шу бўлдими?

Биз қачон ўзлигимизни шу қадар унутдик?

Aслида бу муаммолар бугун пайдо бўлиб қолган эмас, буларнинг илдизи йиллар десам кам, асрларга бориб тақалса керак. Лекин ўзгаришни қачондир бошлашимиз керак-ку!

Aгар малол олмасангиз, баъзи тавсияларим билан ўртоқлашсам (қизи борлар қизи учун, турмушга чиқмаган сингилларимиз ўзи учун деб тушунса ҳам бўлади):

1. Ҳаммасидан аввал: қизингизни шахс қилиб тарбияланг, кимгадир келин, кимгадир хотин ёки уй хизматкори, қул, югурдак, бола туғадиган ва боқадиган механизм қилиб эмас.

«Эрга тик қараб бўлмайди», «қайнонангга гап қайтарма, нима деса жим тур», «доим қўлинг кўксингда бўлсин», «тилингдан “хўп бўлади” тушмасин», «ҳамманинг кўнглини ол» деган ибораларга қўшиб, «ўзингни камситиб қўйма», «қадрингни бил», «ҳурмат қил, ҳурматингни жойига қўйдиришни ҳам ўрган», «мустақил инсон эканлигингни унутма» деган тушунчаларни ҳам сингдирайлик қизларимизга.

2. Қизингизнинг ёшлигидан илм олишига эътиборли бўлинг. Сарпосини йиғишгамас, фанларни яхши ўзлашитиришига диққат қилинг. Иқтидорли бўлса, олий таълим учун шароит қилиб беринг. “Ўқиб шаҳар оберармиди, эрга тегса, эри боқади” деманг! Бу – ҳаёт, олдинда нималар кутиб турганини ҳеч ким билмайди. Балки эри банкрот бўлиб вақтинчалик ишсиз бўлиб қолар, балки “уст-бошингни ота-онанг олиб берсин, ота-онанг даволатсин” дейдиган ношудлардан чиқиб қолар (Аллоҳ сақласин)…

3. Қайси ҳунарга қизиқса, эринмай ўргатиб қўяверинг. Ҳунар дипломдан ҳам афзал, мен сизга айтсам. Мана оддий мисол: магистратурани битирган олий маълумотли ўқитувчи бир ойда топадиган ойликни тикувчилар тўртта парда тикканидаёқ топиб қўйиши мумкин. Бу – бор ҳақиқат, тан олиш керак.

4. Қизиқиши бўлса, ҳайдовчиликка ўқишига ҳам қаршилик қилманг. Кўчада XXI аср, ҳар ҳолда. Кимларгадир ёқса ҳам, ёқмаса ҳам рул чамбарагини тутган аёллар кўпайиб бораверади, бу – замон талаби. Қизингизни замондан ортда қолдирмай ўстиринг.

5. Чет тилларини ўргатинг. Номард эри сабабли бир нечта боласи билан кўчада қолаётган аёлларга қараб ичим ёниб кетади. Ҳеч бўлмаса, битта чет тилини билса ҳам, уйидан кўчага чиқмай, ҳеч қандай харажат қилмай пул топса бўлади.

Оддий мисол: Тошкентга эндигина кўчиб келганимизда магистратурада ўқирдим. Дарсларим кўплиги учун бирорта жойга ишга жойлашмадим. Лекин уйда опамнинг қизларига инглиз тилини чуқурроқ ўргата бошладим. Кейинчалик уларга қўшилиб дугоналари, синфдошлари кела бошлади. Болаларининг инглиз тилидан билими сезиларли даражада ошганини сезган ота-оналар бир-бирига реклама қилиб, ўқувчиларим ўз-ўзидан кўпайиб кетди. Мен бирортасига “Мана бунча беринг” деб айтмасам ҳам, 100, 150 мингдан беришди. Бир ойда ўртача 3-3,5 миллионча пул ўз оёғи билан кириб келарди уйимга (2013 йилда). Яна байрамларда алоҳида совғалар ҳам бор.

Нега айрим эркаклар хотинларини тап тортмай хўрлай олишади? Кўп ҳолларда “хотинимнинг менсиз куни ўтмай қолади, мен бўлмасам бир бурда нонини топиб еёлмайди, борадиган жойи, қиладиган иши йўқ” деган ишонч сабаб шундай қутуриб кетишади. Aгар хотини усиз ҳам оч қолмаслигига кўзи етса, балки, сал ўзларини тийиб олишармиди…

6. Бирор спорт турини яхшилаб ўргатинг. Масалан каратэни! “Черный пояс”и бор хотинга қўл кўтариш ҳаммагаяммас-да! Ҳазил ўз йўлига, лекин ҳар эҳтимолга қарши, ўрганиб қўйса, зарар кўрмайди.

7. Aка-укалари, амаки-тоғалари тез-тез қизингизни уйига йўқлаб бориб туришса, жуда яхши бўлади. Ҳатто, уйга кириб бир пиёла чой ичмаса ҳам, дарвоза олдида сўрашиб қайтса ҳам, тез-тез йўқлаб борсин. Куёв бола кўзи билан кўриб турсин, бу қизни кетидан сўроқлаб келадиганлар кўп эканлигини, шунда қўли, тили югурик бўлмайди.

8. Куёвингиз, қудаларни совға-саломлар билан эркалатиб юборманг: қизингизни совғалар сабаб ҳурмат қилишга ўрганиб қолишмасин. Акс ҳолда, совғаларнинг кети узилиши билан ҳурмат-иззат ҳам битади. Аксинча, гулдай қиз ўстириб, тарбиялаб берганингиз учун, куёвингиз сизни совғаларга кўмса арзийди.

Яна бир гап: Гўзал қизлар, ҳеч қачон янги келин бўлиб борганда ўзингиздан янги одам ясаб, турли чиройли «ниқоб»лар тақиб олманг. Чунки бир кун келиб у «ниқоб»ларни тақишдан чарчайсиз ва қачондир аслингизни таниб олишади. Аслингиз каби кўринаверинг, бундан ҳали ҳеч ким ютқазмаган. Ота-онангиз уйида қандай бўлсангиз, шундай бўлиш – энг тўғри йўл бўлади. Сизга ноҳақлик қилинса, бир ой, бир йилдан кейин эмас, бошиданоқ гапириш керак. Aкс ҳолда, “тили чиқиб қоптими, опаси гап ўргатдими, онаси йўлдан урдими” бўлади кейин. Яхшиси, бошиданоқ қандай бўлсангиз, шундайлигингизча қабул қилишсин. Аммо янги уйда ўзгаришни қасд қилган бўлсангиз бу бошқа гап.

Яна гапларимдан “эр ва унинг оиласи душман экан, улар билан курашиш керак экан!” деган маъно келиб чиқмасин. Бу тавсиялар ҳар эҳтимолга қарши эди… У қанақа эҳтимол эканлигини фаросатингизнинг ўзи аниқлаб олади.

Aслида, агар қадрингизни билишса, меҳр кўрсатишса, икки оғиз ширин сўз билан мақтаб-эркалатиб қўйишса, қайнона-қайнота, эр ва унинг яқинлари хизматини қилиш биз – аёлларга иш эмас. Лекин аскинча бўлса, юқоридаги бандларга қаранг!

Ҳаммангиз бахтга лойиқсиз! Aллоҳ бахтингизни бутун қилсин, опаларим, сингилларим!

Ойниса Ҳожиева

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Хитой Қирғизистонга қарз масаласида қатъий талаб қўйди, йўқса...

235 11:41 21.10.2020

Ашараи мубашшара: Абу Бакр Сиддиқ розияллоҳу анҳу

46 11:35 21.10.2020

Шариат Кенгашларининг йиллик анжумани бўлиб ўтади. Онлайн...

112 10:30 21.10.2020

“Муҳаммад” исмини бетаҳорат айтмаган султон

340 10:04 21.10.2020

Тоғли Қорабоғ ва лоббизм

545 09:30 21.10.2020

Исоқхон Тўра Ибрат: "Салла ўраган мўйсафид яҳудийга ихлос..."

1352 22:00 20.10.2020
« Орқага