“Сен қандай устоз бўлдинг?”

11:00 15.03.2019 212

Абдулқодир Ўзбек устоз Урфа вилояти, Сиварак туманининг бир қишлоғига ўқитувчилик қилиш учун тайинланади. Ўзи Урфанинг Ҳилван туманидан бўлган устоз, тайинлангани қишлоқ оғаси томонидан қаршиланади. “Қишлоқ уйининг бир бурчагида ўша қишлоқлик бир инсон аччиқ қаҳва (мира) тайёрлаш учун кувачада қаҳва эзарди, деб хотирлайди хожа афанди.

– Қаҳвани завқланиб, диққат-эътиборини бир жойга жамлаб туяётган кишининг қаршисида ўтирган бошқа бир киши “Оҳҳо” дея бош чайқаб қўярди. Қаҳва туяётганлар ва “Оҳҳо” дея уни кузатаётганлар эътиборимни тортди. Бир оздан кейин кулимсираб уларни кузатаётганимни билган оға:         

– “Оҳҳа” нима экан деб қизиқяпсан-а?, деб сўради.

Ҳақиқатдан ҳам қизиқаётгандим. Боз, бирор маъно ҳам беролмаётгандим. Бироз хижолатли алпозда оғага:

– Ҳа, қизиқдим, дедим.

Қишлоқнинг самимий ва доно оғаси табассум билан:

– Қизиққан бўлсанг нега ўзидан сўрамаяпсан?, деди.

Ўрнимдан туриб “Оҳҳа”чи томонга бордим.

– Бу ишингизнинг сабаби ва ҳикматини билишга ҳақим борми?, дея сўрадим.

“Оҳҳо”чи киши менга бироз истеҳзоли қаради:

– Ўқитувчимисан?

– Ҳа!, дедим.

Унинг чеҳрасидаги масхараомуз ифода бироз ортди. Сўнг кутилмаганда:

– “Оҳҳа”ни билмасан,г қандай ўқитувчисан?!, деди.

Хонадагилар бироз кулишиб олди. Ҳақоратга учрасак ҳам бу сирни ўрганишимиз керак эди.

– Билмаслик айб эмас, билишни истамаслик айб, дедим. “Оҳҳо”нинг маъносини айтинг, мен ҳам ўрганайин. 

Қишлоқлик одам ўзини ниҳоятда доно санаб бу суҳбатга шундай якун ясади:

– Ҳа... Қаҳвани бир одам туяди. Мен “Оҳҳо” дея асосий қувватни бераман!”

Энди ўзингиз бир ўйланг-чи, болангиз билан гаплашаётганда унга қаҳва туйишга ёрдам берасизми ё қаҳва ҳовончасини бошига урасизми?..

Ота-онанинг болалик  даври

Инсон руҳиятининг сирларини англашга ёрдам берадиган руҳият илмининг менга ёққан жиҳати – ҳамдардликдир. Қай тарзда муносабатга киришсангиз киришинг, ҳамдардлик билан яқинлашсангиз сизга талпинишади. Хоҳ ота-ўғил, хоҳ она-қиз, хоҳ раҳбар-ходим, ким бўлишингиздан қатъий назар, ўзингизни қаршингиздаги инсон ўрнига қўйсангиз уни яхши тушунасиз. Тушунсангизгина ёрдам берасиз. Тушунмасангиз ёрдамингиз тегиши маҳол. Ҳатто тушунмай туриб ёрдам бермоқчи бўлсангиз, муаммоларни баттар чигаллаштиришингиз мумкин.

Ота-она ва фарзандлар орасидаги муносабатларнинг чигаллашувига асосий сабаблардан бири — ўзларининг ёшлик даврини унутишлари.

****

Бир қиз отасининг ёнига ўтирди ва “Дада, келинг сиз билан шу тасвирни томоша қиламиз” деди. Тасвирнинг дастлабки кўринишларини кузатибоқ ота қизининг мақсадини тушунди. Чунки  тасвирлар ота ёшлигида бир зиёфатда ўртоқлари билан ўйин-кулгу қилганида суратга олинган эди.

Фарзандларимизнинг хатоларини муҳокама қилаётганимизда ўзимизнинг ёшлик чоғларимизни унутмаслигимиз керак. Ҳаммамиз бир пайтлари ёш бўлганмиз. Ўсмир-ўспирин бўлганмиз. “Менинг хатоларимни болам такрорламасин” деган кўп ота-онани кўрдим. Мутлақо ҳақ ва нияти яхши эканини биламан. Фақат баъзида инсон ҳаётни яшаганида ўрганади. Худди печканинг иссиқлигини қўлимизни куйдирганида билганимиздек.  Эндигина оёқ чиқарган гўдак печкага яқинлашса катталар огоҳлантиради: “Тегма, у ерга борма, жииизз. Куйдиради”. Баъзи болалар бу гапларга қулоқ тутса, баъзиларининг қизиқиши ортади. Катталар бўлмаган бир пайтда печкага қўлини ёпиштиради ва аччиқ оғриқ зўридан чинқириб йиғлаган гўдак “жииизз”нинг нималигини тушунади. Энди уни ҳатто ўзингиз мажбурласангиз ҳам печканинг ёнидан ўтмайди.

Ўсмир ҳаёт нималигини деярли билмайди. Огоҳлантиришларингизга қулоқ тутмаса, демак ҳаёт давомида бошидан ўтказиб ўрганади. Баъзи инсон насиҳатдан, баъзилари эса мусибатдан англар экан. Ҳатто минг насиҳатдан бир мусибат авло эканини ўзимиз ҳам ҳаёт давомида тушиниб етдик. Зотан, зилзиладан олдин қурилган бинолар, зилзиладан кейин қурилганларидан  анча заифроқ бўлади.

Ота-оналар фарзандларининг улғайиши, инсоний хислатларни ўзлаштириши, улар истагандек инсон бўлишини, ўз оёғида тик туришни тезроқ кўришни истагани учун “Қачон бу бола одам бўлади?!” деган шошилинч ва янглиш истакда бўладилар. 1-2 яшар боланинг 19-20 яшар ёш инсондай гапга киришини кутиш қанчалик нотўғри ва кулгули бўлса, ўсмирлик палласи бўлган 13-18 ёшдаги йигит-қиздан 25-30 ёшлардаги инсоннинг етуклигини кутиш шунчалик хатодир. Ота-оналар шуни ҳар доим ёдда тутишлари керак; вақт ва сабр – катта малҳам.

Ўсмирлик давридаги ёшлар умрнинг машаққатли ва бўронли жараёнидалар. Уларни тўғри йўлга бошлаш учун ота-она бўрон қўпган денгизда сузаётган кеманинг қўмондони бўлиши керак. Бу ёшдаги фарзандларингизга монолог тарзидаги насиҳатлар фойда бермайди.

Ўсмирлик ёшидаги фарзандингиз

Эҳтиросларининг асиридир. Бу ёшлардаги болангизни ғаройиб муҳаббатлари бор. Яхши кўрадиганларини чин дилдан яхши кўради, ёмон кўрадиганларидан қаттиқ нафратланади. Ҳар қандай нарсага чин дилдан берилади. Ўлчов тушунчалари йўқ. Эҳтиросларининг ортидан тинимсиз югуради. Ишқибозлик қиладиган футбол жамоаси ёки ёқтирган қизи учун бировни дўппослашгача боради ва буни мардлик санайди. Кўчадан жанжал чиқариш, гуруҳларга бўлиниб можаролар чиқаришдан завқланади.

Ғурур ва муваффақиятга пулдан кўра жиддий аҳамият беради. Чунки ҳали пулга муҳтожлик кўрмаган. Лекин ғурури учун ўзига ва бошқаларга зарар беришдан тийилмайди. Пул сарфлаётганда ҳеч қачон ўйлаб ўтирмайди.  Пул топиш машаққатини ҳис қилмагани учун, осонгина сарфлаб юборади. 

Қўли очиқ ва хайрсевар бўлади. Дўстларига ёрдам беришни, яхши нарсаларни тортиқ қилишни истайди. Ҳаммани ўзидай яхши ниятли деб ўйлагани учун тушлик дастурхони учун ҳамманинг номидан тўлашни мардлик санайди. Чунки у ҳануз ёмонларни ва манфаатпараст инсонларни кўрмагани учун ҳаммани ўзидай билади.

Тез ишонади, тез боғланади, чунки, алдамаган ва алданмаган. Танишганига икки кун бўлган инсон билан қадрдон дўст бўлади. Энг яхши дўстим ва энг ёмон душманини тез-тез алмаштириб туради. Ёқтириб қолганида дарров турмуш қуриш ҳақида орзу қила бошлайди.

Руҳияти эҳтиросли, телба ҳиссиётлар оғушидаги боланинг бир пасда етук инсонга айланишини хоҳлаш тўғри эмас. Вақти келиб ўсмирнинг юрагидаги далғали бўрон тинади ва ўз-ўзидан у сокин, мулоҳазали ва ҳар ишга оқиллик билан ёндашадиган инсонга айланади. Бунинг учун ота-онадан сабр ва албатта волийлик илми талаб қилинади.

“Фарзанд тарбиясида хатолар” китобидан

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!