Ислом

«Сен шошқалоқсан, эй Абу Бакра»

1192

Агар сендан тарихдаги энг қисқа ва лўнда мақтов қайси деб сўрашса, ҳеч тараддудсиз қўрқмасдан Аллоҳ таолонинг Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламни "Ва албатта сен буюк хулқдасан" деб мақтаган мақтовидир деявер.

Чунки инсонлар мақташганда ҳаддан ошишади. Мақтовчи шахснинг ё ҳислари устунлик қилиши мумкин, ёки муҳаббати кўзини ўтмайдиган қилиб қўйган бўлиши мумкин. 

Аммо Аллоҳнинг мақтови муносиб бўлган зотга муносиб зот томонидан муносиб мақтов бўлади.  

Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам ғазаб пайтида ҳам, розилик пайтида ҳам, тинчликда ҳам, урушда ҳам, сафарда ҳам, муқимликда ҳам гўзал хулқ узра эдилар.  

Каттага ҳам, кичикка ҳам, дўстга ҳам, душманга ҳам гўзал муомалада эдилар.  

Инсонлар хато қилганида ҳам уларнинг хатосини тўғирлаб қўйиш учун ҳам гўзал услублар қидирар эдилар. Гоҳида насихат беришдан олдин кишиларни хотиржам қилиб олар эдилар.  

Абу Бакра(Абу Бакр эмас) розиёллоҳу анҳу бир куни Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг ортларида намоз ўқиш учун масжидга келди. Келганида Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам рукуъ ҳолатидан кўтарилаётган эдилар. Абу Бакра масжидга кирибоқ сафга қўшилмасдан , рукуъга етиш учун орқароқда туриб иқтидо қилиб қўя қолди. Намоз тугагач Абу Бакра розиёллоҳу анҳу Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва салламнинг олдиларига келиб воқеани айтиб бердилар. Шунда Расулуллоҳ саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга дедилар:  

"Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин. Қайтиб бундай қилма!".  

Насиҳатдаги одобга боқ. У зот саллоллоҳу алайҳи ва саллам унга "сафда турмасдан рукуъ қилишинг жоиз эмас эди" демадилар.  

"Сен шошқалоқсан, эй Абу Бакра" демадилар.  

Ийжобий гап билан бошладилар: "Аллоҳ (ибодатга бўлган) ҳирсингни зиёда қилсин".  

Яъни, Абу Бакранинг биринчи рукуъга етиб олишга бўлган ҳирсини мақтадилар. Сўнг тўғри йўлни ўргатиб қўйдилар.  

Инсон аввал мақтовни қабул қилса, сўнг танқидни қабул қилишга очиқ қалб билан тайёр бўлади. Инсонлар билан муомалада бу жуда муҳимдир.  

Уйингда зиёфат қилдинг. Хотининг овқатни шўр қилиб қўйди. Сен унга ёлғиз қолганингизда бундай дегин: "Баракаллоҳ! Овқат ширин бўлибди. Қўлинг жуда ширин-да! Аммо фалончининг тавоғида туз озгина кўпроқ тушибди. Келаси сафар эҳтиёт бўл!".  

Ана шунда хотининг сенинг мулоҳазаларингни очиқ қалб билан қабул қиладиган бўлади.  

Агар унга дабдурустдан "Овқатни дабдала қилибсан. Сенинг ўзи онанг шунақа, овқат қилишни билмайсанлар. Одамларнинг олдида мени шарманда қилдинг" каби гапларни гапирсанг унинг туйғулари умуман тескари томонга ўзгаради.  

Сенинг бир ишчинг бор. У кечикиб келади. Сен унга: "Кечикиб келишингни йиғиштир. Ишламоқчи бўлсанг вақтида кел" дейишнинг ўрнига унинг қалбини асир қилиб "сен ўзинг яхши ишчисан. Ишингни кўнгилдагидек бажарасан. Аммо вақтга бироз эътибор берсанг яхши бўлади. Сенда ҳамкасбларингга бош бўладиган қобилият бор" каби гапларни гапирсанг натижани кўрасан.  

Биз эса биров билан муомала қилишдан олдин шунақа қиламизки, у биз билан ўзи ўртасида баланд девор қилиб олади. Уларга гапирсак бу қулоғидан кириб наригисидан чиқиб кетади.  

Агар биз унга аввал ижобий ишларини айтиб сўнгра салбийларини айтсак, бу унинг қалбига собит қолишига ёрдам беради иншааллоҳ!

А.Полвонов

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Аллоҳ билан бўлган савдо

1536 03:00 17.05.2020

Энг шижоатли ким? 

1611 07:00 28.02.2020

Аллоҳнинг лашкарлари билан ҳазиллашманг!

2226 07:30 21.02.2020

Улуғларнинг жавоби жавобларнинг улуғи

2114 08:00 10.02.2020

Аллоҳ улардан рози бўлди, улар ҳам Аллоҳдан рози бўлдилар

1354 13:40 03.02.2020
« Орқага