Сени Аллоҳ учун озод қилдим!

00:00 03.01.2019 832

Ҳазрати Али розияллоҳу анҳунинг бир жориялари бор эди. Кунларнинг бирида жория аёл Али розияллоҳу анҳунинг таҳорат олишлари учун у кишига сув қуйиб турган эди, тасодифан жориянинг қўлидан сув идиши тушиб, Али розияллоҳу анҳунинг юзларини жароҳатлади. Али розияллоҳу анҳу юзини жория тамонга қаратиб, жаҳл қилгандек бўлди. Бу ҳолатда жория дарҳол Али розияллоҳу анҳуга: «Аллоҳ Азза ва Жалла қуйидагича марҳамат қилади» дея, "Оли Имрон" сурасининг 134-оятни ўқиди: «...ғазабини ютадиганлар». Бунга жавобан Али розияллоҳу анҳу дедилар: «Ғазабимни ичимга ютдим». Жория яна сўзида давом этиб, оятнинг давомини ўқиди: «ва одамларни афв қиладиганлардир». Али розияллоҳу анҳу: «Мен афв қилдим. Аллоҳ сени афв қилсин!» дея жавоб қайтарди. Жория оятни давом эттириб: «Аллоҳ яхшилик қилувчиларни ёқтиради» дея сўзини якунлади. Али розияллоҳу анҳу ҳам: «Эй Жория, бор, кетавер. Мен сени Аллоҳ учун озод қилдим» дея, сўзини якунлади.

Мулла Али Қорийнинг 
«Мубин ал-муъин ли фаҳми ал-арбаиъйн ан-нававий» китоби
Элёрбек ЭРКИНБЕК таржимаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!