Сериаллар нима ўргатяпти?

10:00 10.09.2019 2334

Ўзингга ёқмаган одам билан турмуш қурсанг, унга хиёнат қилишинг мумкин, бошқа одам билан бемалол “ошиқ-маъшуқчилик” ўйнашинг мумкин;

Бирор кўнгилсизликдан кейин спиртли ичимлик ичиб ҳамма жойни алғов-далғов қилишинг мумкин;

Севган инсонинг бошқаси билан турмуш қурса, оиласини бузишинг мумкин;

Ёмонлар доим кучли, яхши инсонлар рўшнолик кўришмайди;

Ҳар серияда янги либослар, уларга мос пойабзаллар, харид қилиш учун люкс дўконлар танланиши керак;

Уйда меҳр-эътибор кўрмаган эркак хотинига хиёнат қилиши ва ҳамма айб аёлга юкланиб, эркакнинг қилмиши бегуноҳ кўрсатилиши керак;

Ўсмир ёшларнинг албатта севгилиси бўлиши керак, юқори синф ўқувчиларининг ҳатто учрашиб юрадиган кишиси бўлиши керак;

Бир-бирига чоҳ қазиб юрган кишилар меҳрибон ниқобда юриши ва айб доимо бир-икки кишининг устига тушиши керак;

Жанжал чиқарган, зўравонлик қилган, ўғрилик ва фирибгарлик қиладиган бош рол актёрлари очиқ юзли ва келишган бўлиши керак. Ҳар доим ҳақли сабаблар билан нобоп ишларни қилишга мажбур бўладилар;

Оналар доим золим, оталар эса қаттиққўл ва бемулоҳаза бўлиши керак. Болалар ҳар доим ҳақли бўлиши керак;

Қайноналар фақат ёмон бўлиши керак, тинимсиз келини ё куёвига чоҳ қазиб, болаларининг оиласини бузишга ҳаракат қилиши керак;

Пулнинг қаердан қандай келгани маълум эмас, сарфлаётганда саховат ва жўмард бўлиши керак;

Иш жойи ҳар доим катта компаниялар бўлиши керак, оддий ишчи ва тижоратчилар роли бўлмаслиги керак;

Ўртача ҳаёт йўқ, ё қуйи табақадан бўлишинг керак ёки юқори табақадан.

Ёшлар доим ҳақли бўлиши, ҳақли бўлгани учун буйруқ ва ҳақоратлар ишлатиши ҳамда қиз-йигит можароларидан бошқа дардлари бўлмаслиги керак;

Ҳамманинг хаёли ҳашам ва бойликда, ҳеч ким руҳий бойликка қизиқмайди, моддият биринчи ўринда. Ҳашамдор ҳовлилар, виллалар, дала ҳовлилар, хуллас, инсонлар фавқулодда ҳашаматли ҳаёт кечириши керак.

Мана бу сериалларнинг айтмоқчи бўлган “сўз”и. Шахсий дахлсизлик ҳудудини белгилаш. Ёлғизликни чиройли кўрсатиш.  Ҳеч кимга ишонмасликни уқтириш. Тафаккурни ўтмаслаштириш. Оилани муаммо ва ташвишлар уяси қилиб кўрсатиш.

Шундан кейин ҳам аҳли аёлингиз, фарзандларингиз сериал томоша қилишига индамай қараб турсангиз, уёғини ўзингиз биласиз энди...

Умида АДИЗОВА

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!