(1-қисм 2-қисм 3-қисм 4-қисм 5-қисм 6-қисм 7-қисм 8-қисм 9-қисм 10-қисм 11-қисм 12-қисм 13-қисм 14-қисм 15-қисм 16-қисм 17-қисм 18-қисм 19-қисм 20-қисм 21-қисм 22-қисм 23-қисм 24-қисм 25-қисм 26-қисм)
Мутолаа
Аёлларни аёллар ҳам эзади
Ҳабиба хоним бир қарорга келган, Фотиҳ, Акдениз кўчасидаги 56-уйни қидирарди. Ниҳоят топди. Ушбу манзилнинг эгаси психиатр (руҳиятшунос) доктор, доцент Сафо Сайгили эди.
Ҳабиба Фазилатнинг аҳволини тушунтирди.
– Аҳвол шундай, доктор бей. Дугонам бир ҳафта ичида севиб қолган кишисини унутишни истаяпти, бироқ унутолмаяпти. Ўзи ниҳоятда иффатли, ғурурли аёл. Бу ҳолатни ҳазм қилолмагани учун ўзидан нафратланяпти. Сизга саволим шундай: “Дугонам учун мен нима қила оламан? Унинг бу вазиятдан чиқиб кетиши учун қандай йўл тутишим керак?”
Доктор Ҳабибани диққат билан тинглагач:
– Дугонангиз эрининг ёшлигини Маликка ўхшатишини айтдингиз, тўғрими? – деди.
– Шундай...
– Бу жиҳат жуда муҳим. Тушунтириш беришдан олдин сизни табриклайман. Халқ муаммолари билан шуғулланувчи социологга ўхшаб, ўртоғингизнинг дардига чора излаб куйибпишяпсиз. Бу дугонангиз учун жуда фойдали бўлади. Чунки муаммосидан халос бўлиши учун аввало уни тушунадиган дўстларга эҳтиёжи бор. Айтиб берганларингиздан шуни тушундимки, дугонангизнинг аҳволи оғир, лекин ошиқ эмас.
Ҳабиба хоним ҳайратланди:
– Нима-а-а?! Ошиқ эмасми? Қанақасига? Қаттиқ севиб қолган-ку!
– Сиз шундай таърифлайсиз, лекин ҳолатнинг севгига ҳеч қандай алоқаси йўқ. Бу каби вазият кўпчилик одамларда кузатилиши мумкин.
Ҳабиба хоним қулоқларига ишонмасди:
– Ҳайрон бўлиб қолдим. Хўш, унда бу нима, доктор бей?
– Бу – васваса. Васвасанинг луғавий маъноси нима эканини биласизми: “Миядан осонликча чиқариб ташланмайдиган янглиш фикр, ўрнашиб қолган хаёл. Васваса ҳолатидаги одам ўз аҳволини билади. Унинг ташқи муҳит билан алоқалари давом этади, лекин ичида номутаносиблик юзага келади”. Ўртоғингиздаги бу васваса ҳолати эрини севиб қолган пайтдан бошланган.
– Демак, дугонам руҳий касалми?
– Йўқ. Биз буни “невроз”, деб атаймиз. Айтганимдек, унинг ташқи дунё билан муносабатлари бузилмайди, лекин ички мувозанатлари ўзгариб кетади. У руҳий хаста эмас, лекин барибир касал ҳисобланади.
– Даволаниши керакми? – Даволангани маъқул. Баъзи оғир ҳолатларда эса даволаниш мутлақо зарур. Бу ҳолат “эҳтирос”нинг зиддидир.
– Хўш, эҳтирос қандай нарса?
– Эҳтиросда хатти-ҳаракат бузилади. Худди қиморга муккасидан кетишга ўхшайди. Киши уни тарк этишни хоҳламайди. Булар ҳам руҳий хасталиклар тоифасига кирмайди. Фақат атрофидагиларни безовта қиладилар. Ижтимоий нотинчликлар келиб чиқади. Мен буни баъзи аёлларда учратдим. Ундайлар ҳамма томондан ўзини эрига боғлаб қўяди, бутун эътиборини, меҳрини ва ишончини эрига беради. Бошқа машғулоти йўқ. Бу қадар ҳаддан ортиқча боғланиш яхши натижаларга олиб бормайди. Аввало, кимнингдир кимнидир севишида ўлчов бўлиши керак. Аллоҳга сиғинган каби бандага сиғинилмайди-ку! Агар шундай қилинса, охири ёмон бўлади. Аёл энг аввало оила тартибини биринчи ўринга қўйиши ва ижтимоий фаолиятлар билан шуғулланиши мақсадга мувофиқ. Унинг бутун бахти, ягона мақсади эри бўлиб қолмаслиги керак.
– Бу жуда муҳим топилма, доктор бей, сиздан Аллоҳ рози бўлсин. Дарҳақиқат, жамиятимиз телевизор мубталосига айланганидан бери тушкунлик, васваса ва эҳтирослар жуда кўпайиб кетди.
– Яна дугонангизга қайтаман. У эрига ошиқ бўлгани учун бу севги васвасага айланган. Кейинчалик эридан топа олмаган меҳр ва эътиборни – бу жуда муҳим нуқта – бошқа бировдан кўрганида ҳозирги ҳолатга тушган. Бўшлиқ пайдо бўлганида, ожизлигига енгилган.
– Сизнингча, дугонам номуссиз аёлми?
– Йўқ-йўқ... мени нотўғри тушундингиз. Бу масаланинг номусга алоқаси йўқ. Зотан, дугонангиз ҳам, айтаётганларингизга кўра, бу ҳолатдан қаттиқ уялмоқда. Агар номуссиз бўлса, уялиш хаёлига ҳам келмасди. Бу ҳолатда энг катта айбдор деб мен ўша хонимнинг эрини биламан. Йиллар давомида эркакларнинг кўпчилиги ўз хотинини эътибор ва илтифотга муҳтож эмас, деб ўйлайди. Қизиқиш, севги, ишонч ҳамда ҳурмат кўрсатмайди. Ушбу тўрт унсур оиланинг асосидир. Улардан бири бузилса, оила пойдевори қулайди. Аввало, эркак ёки аёл ўзини бахтсиз ҳис қила бошлайди. Бу бошланғич пойдевор қулаши билан баттар ёмонлашади. Албатта, бундай ҳолларда ҳар бир аёл бошқа эркакка, ҳар бир эркак эса бошқа аёлга васваса ҳолатида қизиқиш билдиради деган қоида йўқ. Аммо сўнгги йилларда шундай муаммо билан мурожаат қиладиган беморлар сони кўпайиб кетди. Буни эркакларга билдириш керак. Улар: “Хотинимни қанча хўрласам, ҳақоратласам, ерга урсам ҳам, менга муносабати ўзгармайди, ҳамма нарсага чидайди”, деб ўйлашади. Шундай бўлиши мумкинми? Аёл ҳам инсон, ахир. Худди шундай эътиборсизликни ўзи хотинидан кўрса, ким билади, нималар қиларди?.. Лекин буни хаёлига ҳам келтирмайди. Бас, шундай экан, уларга буни тушунтириш керак. Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, айрим эркаклар аёлларнинг кўнгли, туйғулари билан ҳисоблашмайди. Чунки унинг фикрича, ўзи нима қилса ҳам, оддий ҳолат. Лекин ўша ишларни, унинг ўйлашича, хотини қилолмайди, қилса ҳам жуда ғайритабиий туюлади. Аввало, эркакларга хотинига нисбатан илтифотли бўлишни маслаҳат бериш керак. Масалан, дугонангизни олайлик. Жуда иффатли бўлишига қарамай, бошига шундай иш тушди. Бу – аёлнинг ўзига боғлиқ бўлмаган ҳолда содир бўлган ҳолат. Агар эри уни эътиборсиз қолдирмаганида бундай воқеалар бўлмасди.
– Сизнингча, дугонам бу ҳолатдан чиқиб кетиши мумкинми, доктор бей?
– Худо хоҳласа, мумкин, шунга умид қиламан. Бундай ҳис-туйғулар кўз очиб-юмгунча бошланади. Лекин одам ўзининг аҳволига тўғри ташхис қўйса ва ечим изласа, жуда қисқа вақт ичида дардидан қутулади. Фақат бир шарт билан, атрофида уни қадрлайдиган одамлар бўлиши керак. Энг олдин унинг сирини ҳеч кимга айтмайдиган ишончли яқинлари ўртадаги дўстлик ришталарини кучайтириши зарур.
– Мен нима қилай, доктор бей? Уни маънавий жиҳатдан қўлга олишим керак, деб ўйлаяпман. Бу ечим бўла оладими?
– Бўлиши мумкин. Агар сиз унинг эътиборини бошқа соҳага қаратсангиз ва севгига бўлган эҳтиёжига жавоб берсангиз, осонлик билан қутқаришингиз мумкин.
– Бунинг учун бутун борлиғим билан ҳаракат қиламан.
Ҳабиба хоним хурсанд бўлиб, миннатдорлик билдирганча у ердан чиқди. Йўл бўйи ўзича ўйлади: “Демак, одамларда уч хил вазият бор. Ҳар учаласини ҳам севги деб аташади”.
У қатъий қарор билан қайтди. Энди Фазилат билан янада яқинроқ ва самимийроқ муносабатда бўлишга ҳаракат қилади.
Шунга кўра, уюшмага келган куниёқ дугонасини кўчага олиб чиқмоқчи бўлди:
– Кел, Фазилат, бироз сайр қилайлик.
Бундай таклифни кутмаган Фазилат:
– Бугун қиладиган ишимиз жуда кўп. Кейинроқ чиқсак бўлмайдими? – деди.
Ҳабиба қатъият билан айтди:
– Йўқ, ҳозироқ чиқамиз!
Фазилат ажабланиб Ҳабибага қараркан, Ойшагул сўради:
– Опа, оёғимнинг тили бўлса, сизга нималардир дермиди, деб ўйлаяпман. Икки дугона бир-бирига қаради.
– Ойшагул, бу саволнинг жавоби сенга нима учун керак?
– Ҳар ҳолда, бу уюшмадаги кўринмас қиз бўлмасам, ёнингизда мен ҳам борман. Нега мени таклиф қилмайсиз?
Ҳабиба жилмайишга уринаркан, Ойшагулга кўзини қисиб қўйди.
– Биз айланиб келамиз. Сен уюшмада қол. Қўнғироқ қилувчиларнинг қайдларини ёзиб ол.
Кўчага чиқишди. Иккови ҳам жим эди. Бешўн қадам юргач, Ҳабиба сўради:
– Юрагингнинг аҳволи қандай, Фазилат?
– Эҳ, қандай бўларди... На душманларим хоҳлаганчалик бахтсиз, на мен хоҳлаганчалик бахтли. Шунчаки, уриб турибди...
– Қаердан келганимни биласанми? – мақсадга ўтди Ҳабиба. – Руҳиятшунос доктор Сафо Сайгилининг ҳузуридан келяпман.
– Тинчликми, бирор муаммонг бормиди? – Йўқ, жоним, дугонамнинг юрагида муаммоси бор эди. Руҳиятшуносга фақатгина руҳий хасталар бормайди. Юраги касаллардан тортиб қатъиятсизларгача, ўзини таний олмагандан тортиб дўстини танимайдиганларгача – ҳамма боради.
– Демак, ундан мен ҳақимда сўрадинг?
– Ҳа, бундан ташқари, жуда фойдали бошқа нарсаларни ўргандим. Аслида, биз одамларни ҳам тўлиқ танимаймиз. Биласанми, азизим, сенинг ҳолатинг севги эмас, эҳтирос ҳам эмас, васваса эмиш. Ўзинг бу вазиятни хоҳламаганинг учун ундан тезда халос бўлишинг мумкин экан. Қанчалик севинганимни тасаввур ҳам қилолмайсан.
Фазилат ўйчан жавоб берди:
– Худо хоҳласа. Шу умидда ўзим билан курашяпман.
Ҳабиба бирдан мавзуни ўзгартирмоқчи бўлди:
– Эминўнуга бориб, денгиз қирғоғидаги балиқчи қушларни, қовурилган балиқни иштаҳа билан паққос тушираётган хўрандаларни, денгизнинг оҳиста чайқалишини ва ҳавода ажабтовур бурилишлар ҳосил қиладиган оппоқ чайкаларнинг учишларини томоша қилмаймизми? Ҳам ёшлик йилларимизни эслаймиз. Балки бирор фойдаси бўлар, нима дейсан?
Докторнинг: “Янада яқинроқ бўлинг”, деганини эслади.
– Қолаверса, сен билан суҳбатларимизни соғиндим.
Фазилат дугонасига ажабланиб тикилди:
– Қулоқларимга ишонгим келмаяпти! Қуёш қаердан чиқди, Ҳабиба? Сендан буни эшитиш мени ҳайратга солди, аммо розиман, борамиз!
Амина Шенликўғли
(давоми бор)