“Шамсул Ислом”, “Шамсул Аимма” дея эътироф этилган аллома

20:00 08.02.2019 906

Табақот асарларида машҳур фақиҳ Фахриддин Қозихоннинг бобоси Шамсул Ислом Маҳмуд Ўзжандий тўғрисидаги маълумотлар жуда кам учрайди. Муҳйиддин Абу Муҳаммад Қурашийнинг “Ал-Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия” асари (3жилд, 446-саҳифаси)да Маҳмуд Ўзжандийни  имом Ҳалвоий (в.1066), имом Сарахсий (в.1090), имом Заранжарий (1037-1122) ва имом Кардарий (1169-1252) каби олимлар қаторида “Шамсул аимма” номи билан зикр қилинади. Аммо ундан бошқа табақот ва тарожим асарларида у кишининг исми Шамсул Ислом Маҳмуд Ўзжандий деб зикр қилинади.

Алломанинг тўлиқ исми Қози Абул Қосим Маҳмуд ибн Абдулазиз Ўзжандий Фарғонийдир. Манбаларда, у зотнинг туғилган ва вафот этган йиллари борасида маълумотлар йўқ. Аммо Муҳиддин Абу Муҳаммад Қураший алломани Имом Сарахсийнинг яқин дўсти бўлгани ҳақидаги маълумотни келтиради (“Ал-Жавоҳир ал-музия фи табақот ал-ҳанафия”). Имом Сарахсий XI асрда яшаган ҳанафий фақиҳларининг кўзга кўринган вакилидир.

Асарлари

Маҳмуд Ўзжандийнинг асарлари ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Бироқ фақиҳнинг фатволаридан бир неча олимлар ўз асарларида табдил этган. Жумладан, Абул Маъолий Маҳмуд ибн Аҳмад Бухорийнинг “Ал-Муҳит ал-Бурҳоний фи ал-фиқҳ ан-Нуъмоний” асарининг “Даъво” бобида бошқа шаҳардан келиб меросга даъво қилувчининг даъвоси борасидаги масалага ечим сифатида Маҳмуд Ўзжандийнинг фатвосидан фойдаланган: 

“Даъвогарнинг даъвоси Маҳмуд Ўзжандийнинг фатвосига кўра бекор бўлади ва унинг ҳужжати олинмайди». Маҳмуд Ўзжандий бу масалада замондош машойихларига эргашади. Худди шу масалада Зоҳириддин Марғиноний ҳам Маҳмуд Ўзжандий каби фатво беради. Бизнинг наздимизда ҳам энг тўғриси мазкур айтилган фатводир”.

Султон Аврангзеб топшириғи билан Низомиддин Бурҳонпурий бошчилигидаги Ҳиндистон уламолари ёзган “Ал-Фатово ал-ҳиндийя” («Фатовойи Ҳиндия» ёки «Фатовойи Оламгирия») асарининг “Вақф” бобида Маҳмуд Ўзжандийнинг ушбу фатвоси олинган: “Шамсул ислом Маҳмуд Ўзжандий айтади: “Агар қози (вақф қилинган нарсанинг) сотилгани тўғрилигига далолат қиладиган гувоҳни ҳужжат қилиб ёзган ва ҳатто сотувчи томонидан у нарса сотилган бўлса ҳам унинг (вақф мулкининг) савдоси ботил (бекор) бўлади” .

Аллома ибн Обидиннинг “Раддул мухтор ъала Дуррул мухтор шарҳи Танвирул абсор” асарининг бешинчи жилди “Талоқ” китоби “Қасам” бобида Маҳмуд Ўзжандийнинг қуйидаги фатвосини келтирилади: “Никоҳида тўрт аёли бўлган киши “Аллоҳнинг ҳалол қилгани мен учун ҳаром” деб қасам ичса, унинг аёлларига талоқ тушадими?” деган масалада Маҳмуд Ўзжандий ва Масъуд ибн Ҳасан Кушоний, кишининг қасам хитоб қилган ҳар бир аёлига бир талоқдан тушади, дейди. Аммо Абу Бакр Муҳаммад ибн Фазл Бухорий Умар ибн Муҳаммад Насафийдан ривоят қилган қавлига кўра, кишининг қасам хитоб қилмаган аёлларига ҳам талоқ тушади, дейилади”. Аллома Ибн Обидин ушбу масалада Маҳмуд Ўзжандийнинг фатвосига суянади.

Устоз ва шогирдлари

Маҳмуд Ўзжандийнинг устозлари ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо унинг фиқҳда бир неча етук фақиҳ шогирдлари борлиги тўғрисида маълумотлар келтирилади. Улардан бири, Марғилоннинг Ғандоб қишлоғида туғилган Абу Муҳаммад Умар ибн Аҳмад ибн Абул Ҳасан Марғиноний Ғандобий Фарғонийдир. Илм таҳсил қилиш учун сафар қилиб, Самарқандга келади ва шу ерда Маҳмуд Ўзжандийга шогирд тушади.

Ғандобий фозил имом, зоҳид фақиҳ, тақводор муфтий, тавозули, гўзал хулқли ва фатвосида энг тўғрисини айтадиган олим зот бўлган. Олим Балх шаҳрида Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Ҳасан ар-Ролийнинг ҳузурида фиқҳни ўрганади. Сўнг бир неча шаҳарларда ар-Ролий, Абу Жаъфар Муҳаммад ибн Ҳусайн ибн Али ас-Симинжоний, Абу Али Исмоил ибн Аҳмад ал-Байҳақий ва бошқалардан ҳадис эшитади.

Ғандобий 485-ҳижрий/1095-милодий санада Марғинонда туғилган. Аммо ушбу маълумотдаги сана манбаларда аниқ айтилган эмас. Олим 556-ҳижрий/1166-милодий сана муҳаррам ойининг аввалги кунларида Самарқандда вафот этган.

Шунингдек, “Ал-Жавоҳир ал-музия” асарида Маҳмуд Ўзжандийнинг қариндоши сифатида Аҳмад ибн Асад Ўзжандий исмли шогирди ҳам зикр қилинади. 

Хулоса

Хулоса қилиб айтганда тарихий манбаларда Маҳмуд Ўзжандийнинг шахси борасида жуда оз маълумотлар учрайди. Аммо у кишининг фиқҳ илмида етук олим бўлгани ва кейинги давр олимлари ўз қарашларини унинг фатволари ёрдамида қувватлантиргани олимнинг фиқҳ илмидаги ўрни юқори эканига ишора қилади. Шунингдек, у зотнинг авлодидан (айрим манбаларда набираси дейилган) етук фақиҳ Фахриддин Қозихон (в.1202)нинг улуғ рутбага эришишида бобоси Шамсул Ислом Маҳмуд Ўзжандийнинг ҳиссаси бўлганлигини эътироф қилиш мумкин...

Шерзод УМАРАЛИЕВ
Ўзбекистон халқаро Ислом академияси
“Тарих” (Ислом цивилизацияси) мутахассислиги 
II курс магистратура талабаси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!