Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Янгиликлар

Шангри-Ла хазинаси: Гавайида исломий санъатнинг бебаҳо тўплами (фотосаёҳат)

2331

Агар юртингиздаги энг бадавлат одамлардан бири бўлсангиз ва исломий меъморчилик санъатини севсангиз, қандай уй қурардингиз?.. Катта бойликнинг вориси бўлган америкалик аёл Дорис Дюк бу саволга Шангри-Лани қуриш билан жавоб берди, дея ёзади “Исламосфера” нашри.

Шангри-Ла 1937-1938 йилларда қурилган: майдони 1300 квадрат метрга тенг асосий уй, Эрон саройларига ўхшатиб барпо этилган “театр”, бассейн ва каскадли сув ҳавзалари Тинч океани соҳили билан туташиб кетган.

Урушдан олдинги йилларда, гавайиликларнинг аксарият қисми оддий уйларда яшаган бир даврда Шангри-Ла қурилишига 1,4 миллион доллар ажратилганини деярли тасаввур қилиб бўлмас эди. Бугунги кун ҳисобига кўра, Дюк Шангри-Ла қурилишига тахминан 20,5 миллион доллар сарфлаган.


Бундан ташқари, герцогиня 56 йил ичида Шангри-Ла учун 3,5 мингдан ортиқ қимматбаҳо осори атиқалар, санъат асарлари ва мебелларни тўплаган. Мулк эгаси бинолар ва майдончаларни Эрон, Ҳиндистон ва Яқин Шарқда кўрган саройлари ва боғларидан илҳомланиб барпо эттирган. Меъморчилик ва санъат асарлари Эрон, Марокаш, Туркия, Сурия, Испания, Миср ва Ҳиндистондан келтирилган.

Герцогинянинг кошонаси нима учун Шангри-Ла номи билан машҳур бўлганини ҳеч ким билмайди. Эҳтимол, у 1937 йилда машҳур бўлган “Йўқолган уфқ” фильмидан илҳомлангандир. Унда Ҳимолай водийсидаги сирли жой “Шангри-Ла” деб номланиб, уруш даврларида дунёдаги энг осойишта ва гўзал бошпана сифатида тасвирланган. 

Бугунги кунда Шангри-Ла Гавайида энг ноёб, ўзига хос маданий ва тарихий диққатга сазовор зиёратгоҳдир. Экскурсиялар Гонолулу бадиий академияси томонидан Дорис Дюк номидаги Исломий санъати жамғармаси билан келишилган ҳолда ўтказилади. 

Шангри-Лага келганингизда, кўрган нарсаларингиздан ҳайратда қоласиз. Герцогиня ва унинг бош меъмори Марион Симс Вайт бу ерни шарқона қароргоҳларга ўхшатиб барпо этган: кўз илғамас девор, ичида ким яшаётгани, қандай хазиналар сақланаётганини билиб бўлмайдиган уй ва унинг эшиги. Аммо ичкарига кириб борилса, Шангри-Ла ажойиботлари очилиб боради. Йўлакда хира чироқлар ўрнатилган. Зинадан тушаётиб ўзингизни Шангри-Ла ҳовлисининг энг жозибали жойларидан бири – атрофи уйлар билан ўралган марказий ҳовлисида топасиз. Ички боғ сингари Шангри-Ла ҳовлиси ҳам ҳайратланарли, ҳам завқлидир. 

Шангри-Ла бу шунчаки тасвирий санъат коллекциялари уйи эмас. Аксинча, бу Дорис Дюкнинг диди ва қизиқишларини акс эттирувчи исломий санъатнинг қоришиқ тўпламини ҳамда ушбу асарларда акс эттирилган маданий жозибадорликни намойиш этади. 

Дарҳақиқат, Шангри-Ланинг асосий хусусияти шундаки, бу жой музейдагидек муҳит яратмайди, барча объектлар бу ерда кундалик ҳаётда бўлгани каби органик кўринади. Шангри-Ладаги ҳар бир хонанинг ўзига хос жозибаси бор. Масалан, меҳмонхона XIX аср Марокаш саройлари каби ишланган: баланд шифтли, XV-XVI асрларда Испанияда ясалган кошинлар терилган. Деворнинг бир тарафи бутунлай шишадан қурилган. 

Шангри-Ла ноёб шахсиятни ва ўзгача даврни акс эттиради. Герцогиня Дорис Дюк ўзининг улкан бойлигини жаннат ҳақида тасаввурини рўёбга чиқариш усун ишлатди. Бунинг учун эса ўша пайтда одамлар унчалик билмайдиган ислом оламининг ажойиб баидиий ва маданий асарларини тўплади.  

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Сурия уруши фотографлар нигоҳида

3155 19:20 16.03.2021

Покистондаги авиаҳалокатнинг излари (фотожамланма)

14322 08:00 23.05.2020

Пандемия пайтида дунё мусулмонлари (фоторепортаж)

14123 13:00 25.04.2020

Глобал коронавирус эпидемияси фотосуратларда

19140 15:00 06.02.2020

Каъбанинг XIX ва XX асрга оид тарихий суратлари (фотогалерея)

7238 07:00 20.02.2018
« Орқага