Шариат мақсадлари

20:00 11.06.2019 454

Шариатнинг асосий мақсади инсонларнинг бу дунёда ва охиратдаги саодатини таъминлаш ва машаққатларини енгиллатишдан иборатдир. Инсонлар тақво қилишга буюрилдилар, аммо бу, дунё гўзалликларидан воз кечиш керак дегани эмас, балки саодатга етакловчи Исломий меъёрлар доирасида дунёнинг барча гўзаллик ва қулайликларидан фойдаланиш мумкин деганидир.

Анъанавий иқтисодиёт назариясига кўра тирикчилик инсон ҳаётидаги асосий масала бўлиб иқтисодий тараққиёт инсон ҳаётининг асл мақсадидир. Ислом иқтисодиётига кўра, юқоридагилар зарурият ва ҳаётнинг ажралмас қисмидир, аммо улар инсон ҳаётининг асл мақсади эмас; охират ҳаёти ҳақ ва бу омилни ҳисобга олиш лозим. Аллоҳ дунёдаги мавжуд барча нарсаларнинг мутлақ эгасидир ва ўз мулкини ўз хоҳиши ва ҳикмати ила тасарруф этади. Фақат Унинг ўзигина одамларга ризқ ва мулк ато этади ва тақсимлайди. Инсон эса Унинг ердаги вакилидир ва бу дунё ва охират саодатига эришиш учун Унинг буйруқларига амал қилиши лозим.

Шариатнинг мақсадлари (мақосид аш-шариаъ) Ислом ҳуқуқининг муҳим мавзуларидан бир ҳисобланади. Шариатнинг бирламчи мақсадлари қуйидагиларни ҳимоя қилиш ва сақлаб қолишдир:

1.  Дин

2.  Ҳаёт

3.  Насл

4.  Ақл

5.  Мулк

Буларни ҳимоя қилиш ва сақлаш инсониятнинг саодати ва яшаб қолиши учун керак, чунки уларга зарар етиши жамиятни издан чиқариши мумкин.

Дин – иймон жамият ҳаётининг муҳим бўлаги ҳисобланади ва шариат уни ҳимоя қилишни талаб этади, ибодат учун зарур шарт-шароитларни яратиш лозим деб ҳисоблайди.

Инсон ҳаётини ҳимоя қилиш Қуръон Карим ва ҳадисларда кўп ўринларида таъкидланади, шариат инсон ҳаётини дахлсиз деб эълон қилган, хусусан суиқасд қилишни таъқиқлайди, бировни ўлдирганлик учун қаттиқ жазо жорий қилади.

Инсониятнинг давом этишини таъминлаш, наслни сақлаш учун Ислом дини оила қуришни тарғиб этади, силаи раҳм ва фарзандлар тарбиясини муҳим деб ҳисоблайди.

Ақлни ҳимоя қилиш мақсади илм олиш орқали яхши ва ёмонни ажратиш, жамиятнинг ривожи йўлида хизмат қилишни билдиради. Зеро бусиз адолатли жамият қуриш ва саодатга эришишнинг имкони йўқдир. Шунинг учун шариат маст қилувчи ичимликлар ва бошқа инсон ақлини ўтмаслаштирувчи (гиёҳванд) моддаларни истеъмол қилишни тақиқлайди.

Мулк ва бойликларни ҳимоя қилиш шариатнинг асосий мақсадларидан бири бўлиши, инсонларнинг яхши яшаши ва адолатли жамият қуришда улар нақадар аҳамиятлилигини кўрсатади. Ҳалол йўл билан мол-мулк топишга тарғиб қилишга, шунингдек бойликларни бир гуруҳ кишилар қўлида тўпланиб қолиши, ҳамда бой ва камбағаллар орасида катта тафовут пайдо бўлишини олдини олишга катта эътибор қаратилади.

Шариатнинг бирор бир қоидасига қарасангиз, турли тақиқ, чеклов ва буйруқлар ҳаётнинг юқорида кўрсатилган жиҳатларини асраш ва ҳимоя қилишга қаратилганлигини кўришингиз мумкин. Ислом молиясида шаклланган қоидалар ҳам шу мақсадларни кўзлайди ва мол-мулкни ҳалолдан топиб, ҳалолга сарфлашни, уларни сақлашни, ҳимоя қилишни ва кўпайтиришни, ва ҳатто уларни жамият фаровонлиги таъминлаш учун қандай садақа–эҳсон қилишни ҳам ўргатади.

Ислом молияси

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!