Шаръий ҳадлар жиноятларнинг олдини олади

12:00 29.12.2018 806

Динимизда ўғрилик, зино каби айрим жиноятлар учун белгиланган жазолар борасида кўпчилик жуда ҳам янглиш фикрларга бориб қолган ва буни ўта шафқатсизлик дея баҳолаган. Ваҳоланки, мазкур ҳукмлар жазоловчи бўлишидан ҳам кўра жиноятдан тутиб турувчи табиатга эга бўлиб, аслида жамиятни бузуқлик ва фасод ботқоғига ботишдан сақлаб туриш учун жорий қилинган эди. Шу боис ҳам жазолар “ҳадлар“ яъни “чегаралар“ деб аталган. Чунки, улар одамларни ёмонлик ва бузғунчиликдан чегаралаб турган. 

Боз устига, кўплаб ҳадисларда “ҳад жазоларини шубҳалар билан даф этингиз!“, дейилган. Шунга кўра, ҳатто ҳад жазосини тақозо қиладиган улкан жиноятда айбланаётган шахсни мазкур жиноятга қўл уришига сабаб бўлган кичик бир нарса топилса, масалан, зарурат туфайли ўғрилик қилган бўлса, очарчилик ва қаҳатчилик даврида шу иш содир қилинса, ёхуд у ўз хоҳиши билан бўйнига олмаса ёки гувоҳлар етарли миқдорда бўлмаса ё бўлмаса аввал ўз хоҳиши билан иқрор бўлиб, кейин тонса ёки қочиб кетса, тамом, ундан бу жазо соқит бўлади. Ва кетидан излаб юрилмайди.

Агар қози энг камида иккита гувоҳнинг кўрсатмаси билан бирорта ўғрини жазолашга буюрсаю мол эгаси келиб, бу киши мендан ҳеч нарса ўғирламаган, бу аслида унинг мулки эди, ёки “гувоҳларим нотўғри гувоҳлик беришяпти“ ёхуд “бу одам бекор айтяпти, у мендан ҳеч нарса ўғирламаган“ каби ўғрининг фойдасига бирор сўз айтса ҳам жазо дарҳол бекор қилинади.

Кўзи очиқ, гапирувчи инсон энг камида қиймати ўн дирҳамлик қийматга эга бўлган ва тез айниб қолмайдиган молни ўша молнинг қонуний эгасидан хуфёна ўғирласа ана шу ўғрилик деб баҳоланади.

Хуфёна дейилар экан ҳирзда турган нарсани олиш назарда тутилади. Ҳимоялаб қўйилган ва ўзгалар дахл қилиши таъқиқланган хусусий жойга ҳирз дейилади. Мисол учун уйнинг ичи, дўкон, шкаф, сейф, қути, сандиқ, омборхона, гараж ва ҳоказолар ҳирз ҳисобланади.

Ўн дирҳам дейилар экан ҳар бири тақрибан 2. 975 грамм миқдорга тенг бўлган қадимий кумуш тангалар назарда тутилган. Демак, ўғрилик нисоби 30 грамм кумуш миқдоридаги қийматга эга бўлган мол ҳисобланар экан.

Ҳамманинг олдида очиқчасига зўравонлик, қароқчилик ва талончилик йўли билан ўзганинг молини олиб қўйиш ёки эгасининг олдида туриб, кўзини шамғалат қилган ҳолда молидан ўғирлаб қочиб кетиш шаръий-истилоҳий маънодаги ўғирликка кирмайди. Лекин, бу дегани уларга ҳеч қандай жазо ва уқубат берилмайди, дегани эмас, албатта. Балки, қадимда ҳам уларни ушлаб келиб, қамаб қўйиб, олинган мол эгасига ундириб берилган ва қўл кесишдан бошқа жазолар билан жазоландирилган.

Ўғриликда гумонланаётган киши соқов ёки кўзи ожиз бўлса қўли кесилмаган. Чунки, соқов ўзини оқлай олмайди, кўзи ожиз эса ўзининг моли билан ўзганинг молини аралаштириб қўйиши мумкин. Аммо, кўзи ожиз олаётган нарсаси ўзганики эканлигини билган бўлса ва шунга иқрор бўлса жазоланган.

Ўғирланган нарса ўғрининг мулки бўлиш эҳтимоли мавжуд бўлган жойдан ўғирланган бўлса бу ҳам жазони бекор қилган. Мисол учун, ўғри ўз отасининг уйидан бирор нарса ўғирласа ёки хотинининг молидан ўғирласа қўли кесилмаган.

Ўғирланган нарса егулик, таом каби ейишга тайёр ҳолдаги нарсалар бўлса, қўли кесилмаган. Чунки, бу зарурат туфайли эканлиги равшандир.

Аммо, буғдой, ун, шакар каби тайёр таом ҳолатида бўлмаган маҳсулотлар зарурат бўлмаган ҳолда ўғирланса ёки бойиш ва тижорат мақсадида ўғирланган бўлса, масалан, бировнинг қулфланган омборидан жуда кўп миқдордаги ун, шакар, ёғ каби нарсаларни олиб чиқиб кетса, бу белгиланган тартибда жазоланган.

Сут, гўшт каби тез айниб қоладиган нарсалар учун ҳам ўғирлик жазоси берилмаган. Аммо, қиймати ундирилган.

Ҳўл мевалар учун қўл кесилмаган. Бодом, ёнғоқ, майиз каби ҳирзда турган қуруқ мевалар ўғирланса, нисобига етган бўлса, жазоланган.

Ўғирлик қилиб, сўнгра жазони ижро қилишга тўғаноқ бўлувчи бирорта шубҳа туфайли белгиланган жазодан омон қолган киши то ақли жойига келиб, тавба қилгунча қамаб қўйилган.

Ўғирлик айби ўғрининг кўнгилли равишдаги иқрори ёхуд иккита гувоҳнинг шаҳодати орқали собит бўлади. Гувоҳлар ўғирланган нарсани ва ўғирлик ҳолатини тўғри васфлаб беролмасалар, ёки улардан бири гувоҳликдан қайтса, жазо бекор қилинган.

Юқорида зикр қилинган шунча истисноли ҳолатлардан чиқиб, ўғирлик жинояти очиқ-ойдин собит бўлса, ана шундагина ўғирлик учун шариатда белгиланган жазо берилган. Ваҳоланки, зикр қилиб ўтганимиз ҳолатларнинг бирортасига ҳам тушмайдиган ўғирлик жинояти жуда ҳам нодир ҳолатдир.

Набий алайҳиссалом ҳузурларига бир йигит келиб ўғирлик жиноятини содир қилганлигини эътироф этган. Шунда Набий алайҳиссалом “қўйсангчи, мен сени ўғирлагансан деб ўйламайман“, дея бир неча бора қайтарадилар. У ҳар сафар “ундай эмас, аниқ ўғрилик қилдим“, деявергандан сўнггина унга жазо қўллашга мажбур бўлганлар (Абу Довуд ривояти).

Ушбу воқеадан келиб чиқиб олимларимиз, қози ўғрига уни ўз иқроридан тонишга ундайдиган сўзларни луқма бериб, жазодан қутқаришга ҳаракат қилиши лозим, деган хулосага келганлар.

Зино эса тўртта гувоҳнинг бир вақтда келиб гувоҳлик беришлари орқали собит бўлади. Шунда ҳам тўрттала гувоҳ эркак бўлиши ва адолатли инсон сифатида танилган бўлишлари шарт. Агар улардан бирортаси фосиқлик билан танилган бўлса ҳам гувоҳлиги ўтмайди. Бинобарин, ҳад жазоси соқит бўлади.

Агар гувоҳлардан бири бир кишининг зино қилаётган ҳолатини васфлар экан “уларга лаззатланиш учун қараган эдим“ деса ҳам ўша заҳоти ҳад жазоси бекор қилинади. Чунки, бу сўз гувоҳнинг фосиқлигига далолат қилади.

Зинони шундай васфлашлари керакки, зино эканлиги очиқ равшан бўлиши керак. Бу иккаласи яланғоч ҳолда қучоқлашаётагн эди, десалар бундай гувоҳлик инобатга олинмайди. Балки, эркакнинг олатини аёлнинг фаржида кўрганликларини барчаси айтиб, гувоҳлик бериш шарт бўлади.

Агар гувоҳларнинг ярми келиб қози олдида гувоҳлик бериб, қолган ярми қози ўрнидан тургач, келиб гувоҳлик берсалар бундай гувоҳлик ўтмайди. Нафақат ўтмайди, балки, бу қазф яъни зинода айблаб, туҳмат қилиш ўлароқ баҳоланади ва гувоҳларга жазо берилади.

Кўриб турганимиздек, ўғирлик ва зино учун белгиланган ҳад жазоси ўзидан-ўзи амалга оширилавермаган. Балки, кўп ҳолатларда жиноят содир бўлганлиги аниқ бўлса ҳам ундан жазони соқит қилиш учун қози турли хил шубҳа ва сабабларни қидириб топган ва жазодан озод қилган, гарчи, қозининг наздида мазкур жазони тақозо қилувчи сабаблар етарли ва аниқ бўлса ҳам. Зеро, қозилар жазолашга эмас жазони даф қилишга буюрилгандирлар. Шунинг учун ҳам машҳур муҳаққиқ Ибн Обидийн роҳимаҳуллоҳ агар қози бирор жойда кета туриб, бир кишининг зино қилаётганини ёки хамр ичаётганини аниқ кўрса ҳам у инсонни жазоламаслиги лозим, дейдилар. Чунки, қози юқорида айтилганидек, жазолашга эмас, балки, жазони даф қилишга маъмурдир.

Шунингдек, гувоҳлик жиноят содир бўлган вақтда эътиборли бўлади. Агар бир киши ароқ ичиб маст бўлса унинг оғзидан ҳиди кетмасдан туриб, мастлиги тарқамасдан туриб, берилган гувоҳлик эътиборга олинади ва шу ҳолатда ушланса, жазо берилади. Мастлиги тарқалгандан сўнг ушланиши ёки гувоҳлик берилиши инобатга олинмайди.

Зинода ҳам шундай. Тўртта адолатли гувоҳлар бир кишининг зино қилганини кўрган бўлишсаю анча вақт ўтиб, гувоҳлик берсалар инобатга олинмайди.

Негаки, вақт ўтиб кетгандан сўнг берилган гувоҳлик гувоҳларнинг адолатсиз иш қилаётганлигига, шахсий адоват ва нафратдан келиб чиқаётганига далолат қилади. Бу эса гувоҳликдан кўзланган мақсаднинг тамоман тескарисидир.

Чунки, бир жиноятга гувоҳ бўлган одам ё уни Аллоҳдан савоб умид қилиб сатр қилиши ёхуд савоб умидида дарҳол гувоҳлик бериши лозим эди. Биринчи ҳолат тавба қилиши мумкин бўлган бир инсонни жазодан сақлаб қолиши жиҳатидан тўғри бўлса, иккинчи ҳолат жамиятни фасоддан тозалаш мақсади жиҳатидан мақбулдир. Лекин, бу ўша заҳоти амалга оширилсагина ушбу мақсадга мувофиқ бўлади. Бир йил ўтиб кетиб, ёки бир неча ой ўтиб берилган гувоҳлик эса на унисига, на бунисига тушади. Ҳалиги инсон аллақачон ўзини ўнглаб, тавба қилган бўлиши ёки у келтириши мумкин бўлган фасод аллақачон юзага келган бўлиши мумкин.

Шундай экан узоқ вақт ўтгандан кейин бировнинг зиддига берилган гувоҳлик ҳасад ва нафратдан ва шахсий адоватдан дарак беради. У энди яхшиликка эмас балки аксинча, ёмонлик ва фасодга хизмат қилади.

Шунинг учун ҳам Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “кимки, бирор-бир ҳад жазосида бир кишига қарши ўша жиноятни содир қилган пайтида гувоҳлик бермай кейинчалик гувоҳлик берган бўлса, у нафрат ва адоват туфайли гувоҳлик берибди“ (имом Аҳмад ривояти), деганлар.

Хулоса сифатида айтиш лозимки, динимизда ҳад жазолари одамларни жиноятдан тийиб туриш учунгина жорий қилинган, асло жазолаш учун жорий қилинмаган. Агар шундай бўлганида яъни ҳар бир ҳад жазосига лойиқ жиноятни амалга оширган киши жазоланиши лозим бўлганда эди жазоларни шубҳа ва жиноятга ундаган сабаблар туфайли даф қилиш қоидасига ўрин қолмасди. Жазо ҳукми юқорида тилга олинган ўнлаб чиғириқлардан ўтиб келиб, кейин амалга оширилмасди. Ваҳоланки, бирорта ҳолат ўша “чиғириқлар“дан соғ-омон ўтиши амри маҳолдир.

Шундай экан, Қуръондаги ҳукмлар борасида динимиз душманлари тарқатаётган нотўғри шубҳа ва гумонлар ниҳоятда асоссиздир. Такрор айтамиз, мазкур ҳукмлар аслида жазолаш учун эмас балки, жиноят ва жазодан тутиб туриш учунгина жорий қилинган. Шу билан бирга мазкур жазоларни амалга ошириш учун шу қадар кўп шартлар талаб қилинганки, бирор-бир жиноят ҳолатида бунча шартлар топилиши деярли амри маҳол ишдир.

Шу ўринда ҳазрат Али розияллоҳу анҳу даврларида содир бўлган бир воқеани айтиб ўтиш лозим. Кўфа шаҳрида харбату мурод деган бир хароба ва ташландиқ жойда бир аёл билан эркак зино қилаётган ҳолатда ушлаб олинди. Халойиқ уларни ҳазрат Али ҳузурларига олиб борди. Эркак киши мен зино қилмадим, бу аёл амакимнинг қизи, унга уйланганман, деди. Ваҳоланки, унинг алдаётгани ҳаммага маълум эди. Шундан сўнг ҳазрат Али розияллоҳу анҳу аёлга юзланиб, бу гапга нима дейсан(?), дедилар. Аёл нима дейишини билмай каловланиб турган эди, Али атрофидаги одамлар “ҳа!“, дегин, “тўғри!“, дегин, дея эркакнинг сўзини маъқуллашга ундадилар. Шундан сўнг, ҳалиги аёл “ҳа, у тўғри айтяпти“, деди. Натижада, улардан жазо бекор қилинди ва қўйиб юборилди (қаранг: “Иълоус сунан“: 11-жилд, 655-бет).

Эслатма: ушбу мақолани ёзишдан мақсад асло юқоридаги ҳукмларни кунимизда амалда қўллашга чорлаш эмас балки, муқаддас динимиз таълимотлари ҳақида унинг душманлари томонидан тарқатилувчи асоссиз шубҳа ва танқидларга жавоб беришдан иборатдир. Ваҳоланки, одамларни ўзбошимчалик билан оломон қилиш (самосуд) ва бир пайтлар айрим вилоятларимизда бўлгани каби гўёки исломий ҳукмларни жорий қилишга интилиш важи билан бошбошдоқлик ва бетартиблик келтириб чиқариш бу динимизда ҳаром қилинган ва фитнаю фасод юзага келишига сабаб бўлувчи манфур ишлар сирасига киради.

Алишер СУЛТОНХЎЖАЕВ

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!