Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Ислом

Шаръий ҳадлар ваҳшийликми?

7656

Кўпинча бошқа дин вакиллари, айрим ҳолларда мусулмон бўлсада, дини кўрсатмаларидан бехабар ёки уларнинг моҳиятини тўла англай билмаган кишилар тарафидан Исломдаги ҳад[1] – жазоларнинг ваҳшиёна экани танқид остига олинади. Бунга асосий сабаб аввало бу ҳукмларни бандалар эмас, Оламлар Парвардигори Аллоҳ жалла жалалуҳу жорий қилганига эътибор қаратмаслик бўлса, кейинги сабаблар ўша хадлардан кўзланган мақсад нима экани ва улар қай ҳолларда қўлланиши, уни қўллашдаги шартлар ҳамда бу борадаги шариъй кўрсатмаларни билмаслик, билишга интилмасликдир.

Аслида бу жазоларни Аллоҳ таоло жорий қилганининг ўзиёқ уларнинг жиноятга яраша энг адолатли жазо эканини билиш учун кифоя қилади. Шундай бўлсада, уларни қисқача таҳлил қисак.

Жиноятчини қатл этиш жазоси. Бу одатда бирор кишини қасддан ўлдирганда бериладиган жазо. Маълумки, яшаш ҳуқуқи ҳоҳ мусулмон бўлсин, ҳоҳ ғайридин, Аллоҳ таоло тарафидан ҳар бир инсонга берилган энг олий неъмат. Инсонларни ана шу олий неъматдан маҳрум қилган кишига айнан шу тарзда жазо беришни ҳеч бир ақл эгаси адолатсизлик деб ҳисобламайди. Боз устига бу жазо жамиятдаги бошқа инсонларни сергак торттиради ва кишилар ҳаётига дахл қилмасликка ундайди. Бу ҳол эса адолатга қўшимча тарзда жамиятда ҳуқуқбузарлик камайишининг олдини олади.

Зинокорнинг жазоси. Агар зинокор муҳсан – саҳиҳ никоҳ ила оила қурган киши бўлса, унинг жазоси тошбўрон. Оиласиз бўлса, юз дарра калтаклаш. Маълумки, Исломнинг асосий тамойиллар кишининг жонини, молини, насли, вақли ва обрўсини ҳимоя қилиш. Кишининг насли эса шаръий никоҳ ила оилали бўлиш орқали ҳимояланади. Зино эса бу илоҳий тартибни бузиб, ҳам кишилар насли, ҳам жамият тинчлигини, унинг тараққиётини хавф остига қўяди. Жамиятдаги парокандаликка зинодек катта зарар берадиган иллат топилмаса керак. Унга бериладиган илоҳи жазо жамиятни таназзулдан, кишиларни бузуқликдан қайтаради ва бу ҳол зилзила ва шунга ўхшаш табиий офатлар камайишига омил бўлади.

Бу каби жазоларни санаб, уларни таҳлил қилиш сўзимизни чўзиб юбориши мумкин бўлгани учун, шу иккисининг ўзи билан кифояланамиз.

Аммо шаръй ҳадларни ижро қилишда Ислом фиқҳининг нуқтаи назаридан фикр юритамиз:

Ҳар қандай ҳадни амалга ошириш учун аввало бу борадаги даъво билан қозилик маҳкамасига арз қилиниши зарур. Мазкур даъвони кўриб чиқадиган қози жиноятни ўрганади, унинг далил-ҳужжатлари устида изланади ва айбланувчини бу ишга иқрор қилдиради. Бироқ бунда куч ишлатиш, айбини зулм ила бўйнига қўйишга рухсат берилмайди. Билакс, агар бу банданинг ҳақига хиёнат бўлмаса, ҳадга лойиқ жиноят содир этган киши ўз айбига иқрор бўлган тақдирда ҳам, қози уни иқороридан қайтаришга ҳаракат қилади. Чунки ҳадлар кишиларни фақат жазолаш учун эмас, жамиятни тартибли сақлаш учун жорий этилган. Агар жиноятчи аввал ўз айбига иқрор бўлиб, кейин ундан тонса ҳам, унга ҳад қўлланилмайди. Ўз айбига иқрор бўлган кишиларга ҳам ҳад жорий этмаслик учу Расули акрам саллолоҳи алайҳи ва саллам тутган йўлларини сийрат фанидан хабари бор киши яхши билади.

Сўзимизга исбот сифатида мазҳаб фақиҳларининг бу борадаги қарашларини ҳукмингизга ҳавола қиламиз:

Бирор ҳадга иқрор бўлган кишига қози инкор қилишини ишора қилиш борасида фақиҳларнинг уч хил қарашлари мавжуд:

Биринчи: ҳанафий, ҳанбалий, баъзи моликийларнинг, шунингдек, имом Наваий раҳматуллоҳи алайҳнинг айтишича шофеъийларнинг саҳиҳ қавли бўлиб, унга кўра, бирор киши ҳокимнинг ҳузурида аввалбошдан ёки даъводан сўнг Аллоҳ таолонинг ҳаққи бўлган бирор уқубатга иқрор бўлса, (масалан: зино ва ўғрилик кабиларга), ҳоким унга иқрорни инкор қилишга ишора қилиши мумкин. Бу шофеъийлар наздида жоиз, ҳанафий ва ҳанбалийлар наздида мустаҳаб саналган ишдир.

Улар ўз қарашларига Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг Моъиз розияллоҳу анҳунинг зинога иқрор бўлган вақтида: “Балки ўпгандирсан. Балки кўз ташлагандирсан ёки қарагандирсан”[2], деган сўзлари, ўғирлик қилганига иқрор қилган кимсага: “Сени ўғирлик қилган деб ўйламайман”[3], деган сўзларини далил қилиб келтирадилар.

Иккинчи: шофеъийларнинг сўзи бўлиб, унга кўра, бу борада инкорга ишора қилиш асло жоиз эмас.

Учинчи: бу ҳам шофеъийларнинг бир қавли бўлиб, унга кўра, агар иқрор қилувчи иқроридан сўнг бу сўзидан қайтиши мумкинлигини билмаса, ҳоким қайтиши мумкинлигига ишора қилади. Агар билса, ишора қилмайди.

Ҳадга иқрор бўлган кимсага иқроридан қайтишини очиқ айтиш, унга иқрордан қайтганликни ифодаловчи сўзларни айттиришга келсак, шофеъийлар бунинг жоиз эмаслигини очиқ айтишган. Уларнинг сўзларига кўра, ҳоким унга: “Иқрорингдан қайт!” демайди. Ҳанафий ва ҳанбалийлар эса бунга ижозат беришган. Улар қайтиш борасидаги сўзларни айтиб туриб, такрорлатишнинг ҳам зарари йўқ деб билишади. Бу сўзлардан очиқ-ойдин айтишнинг жоизлиги тушунилади. Ҳанбалийлардан “Муғний”нинг соҳиби келтирган, Саид ибн Мансур раҳматуллоҳи алайҳ Абу Дардо розияллоҳу анҳудан қилган қуйидаги ривоят буни қувватлайди: Абу Дардо розияллоҳу анҳунинг ҳузурига ўғирлик қилган қора чўрини олиб келишди. У зот унга: “ўғир”лик қилдингми? “Йўқ” деб айт”, дедилар. У: “Йўқ”, деган эди, у зот уни қўйиб юбордилар[4].

Хулоса ўзингиздан.

Зияуддин БЕКМУҲАММАД

 


[1] Ҳад – ўғрининг қўлини сесиш, зонакорни тошбўроне ва қотилнинг ўзини ам қатл қилиш каби шаръий жазолар.

[2] “Балки ўпгандирсан, балки кўз ташлагандирсан ёки қарагандирсан” ҳадисини Бухорий ривоят қилган (Фатҳул борий. 12-ж. 135-б.)

[3] “Сени ўғирлик қилган, деб ўйламайман” ҳадисини Аҳмад (Ал-майманийя нашри, 5-ж. 293-б.) ва Абу Довуд (“Иззат убайд Даъос” нашри, 4-ж. 543-б.) ривоят қилган. Ибн Ҳажарнинг “Талхис”ида келишича, Хаттобий бу ҳадисни иллатли, деган .(Ширкатут тибоатил фаннийятил муттаҳида. 4-ж. 66-б).

[4] “Абу Дардонинг ҳузурига ўғирлик қилган қора чўрини олиб келишди...” ҳадисини Байҳақий “Сунан”ида ривоят қилган (“Доиратул маорифул Усмонийя” нашри, 8-ж. 276-б.). Санади ҳасан. “Ҳошиятуд Дасуқий ал-Қалюбий”. 4-ж. 196-б. “Табсиратул ҳукком”. 2-ж. 256-б. “Ал-Муғний”. 8-ж. 212-б.

УЛАШИНГ:

Теглар:
« Орқага