Шармандали никоҳлар

11:56 29.10.2017 5340

Ҳаммамиз никоҳ Аллоҳ таолонинг амри, Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг суннатлари эканини яхши биламиз. Барчаларимиз никоҳнинг Ислом шариатида одамизот наслини давом эттириш, инсонларни ҳаром ишлардан, бузуқликлардан қайтариш учун жорий қилинганини ҳам яхши биламиз. Биламизу, аммо Аллоҳнинг амрини бажаришдан четга чиқиб кетганмиз. Пайғамбар алайҳиссаломнинг бу борадаги суннатларига риоя қилмаймиз. Агар шундай қилганимизда никоҳ масаласида бугунги шармандали ва ачинарли ҳолатларга тушиб ўтирмасдик.

Никоҳни гувоҳлар иштирокида боғлаш, бунда келин-куёвнинг розилигини олиш, келинга маълум ҳақ (маҳр) бериш Ислом шариатининг талабидир. Буни ҳеч ким рад этмайди, аксинча бунга рағбатлантирилади. Никоҳни кўпчиликка эълон қилиш, дуоларини олиш мақсадида одамлар учун никоҳ зиёфати (валийма) ташкил этиш, тўй куни хурсандчиликлар қилиш ҳам динимизда тақиқланмаган.

Фарзанди улғайгани сари уларни уйлаб-жойлаб, бахтини тўкис қилишни, невара-чеваралар кўришни орзу қилмаган ота-онанинг ўзи йўқ. Аммо буни кўпларимиз орзу қиламизу, никоҳнинг Ислом шариатига мувофиқ бўлиши ҳақида унча бош қотирмаймиз. Фарзандларимизнинг никоҳ тўйини “ҳамма гапириб юрадиган”, “барчани қойил қолдирадиган” дабдабали, ҳашамдор бўлишини, унга фалонча одамни таклиф қилиб, пистончи яллачини чорлашни ўйлайверамизу, тўйларимизнинг шариатга мувофиқлиги, бўлажак келин-куёвнинг никоҳга тайёр-тайёрмаслиги хаёлимизнинг кўчасига ҳам келмайди. Тўй олдидан бўладиган турли базм ва маросимлар учун, машиналар ижараси ва тўйхонани безатишлар учун маблағни керагича совурамизу, “Куёв оиланинг нафақасини қай йўл билан қилади, у бунга тайёрми?”  деган масала ҳеч кимни ташвишга солмайди. Ана шундай калта ўйлашлар, никоҳни фақат кимўзарга тўй қилиш деб тушунишлар бугунги фожиали (ҳа-ҳа, бундан ортиқ фожиа бўлмайди) аҳволга келтириб қўйди.

Наманганда бўлганимда таниқли имомлардан Фатҳиддин қори ўз мавъизасида бугунги никоҳларимиздаги изтиробга солувчи ана шундай ҳолатлардан иккитасини мисол қилиб келтирди. Биринчиси: никоҳ тўйидан беш кун ўтиши билан куёв “тўйда олинган қарзларни тўлагани Россияга уч йилга ишлагани кетибдилар”. Буни эшитгандан кейин мияда мана шундай саволлар чарх ура бошлайди: “Динимиз никоҳ тўйларини қарз эвазига ҳозиргидай дабдабали қилиб ўтказишни буюрганмиди? Куёв бўлмиш оилани боқишга, рўзғор тебратишга қодир бўлмаса, отасининг даврида ялло қилиб юришдан бошқасига ярамаган бўлса, рўзғорга пул топиб келолмайдиган ўсмирни уйлатиб қўйишдан мақсад нима? Келинлик нашъасини бир неча кунгина тотган қиз уч йилгача эрининг фироқига қандай бардош беради?” Ҳолбуки, хабарлардан бирида аёл киши эрининг фироқига тўрт ойгача дош бера олишини ўқиган эдим.

Имом келтирган иккинчи мисол ҳам шу мавзуга оид: бир киши ўн саккиз йил “па-па”лаб ўстирган қизини турмушга узатишга ҳозирлик кўраётиб унашувдан сўнг куёв хонадонидаги ишлардан хабар топибди. Маълум бўлишича, куёв бўлмиш тўйнинг қарзларини узиш мақсадида Жанубий Кореяга беш йилга ишга боришга шартнома тузиб қўйганмиш. Олдинроқ ариза ташлаган экан, навбати энди келибди, тўйдан бир ҳафта ўтиб жўнаб кетаркан. Қизнинг дадаси қуданикига бориб, масалага ойдинлик киритмоқчи бўлган экан, куёвникидагилар шундай жавоб қилишибди: “Энди, қуда, анча қарз бўлиб қолдик, куёвингиз ўша ёқда ишлаб, пул топиб келишни деб режалаб қўйганди”. “Қизим нима қилади?” деган саволга “Ҳа, энди ўз қизимиз каби хизматимизни қилиб юрар...”

Ана сизга одамларимизнинг шаръий никоҳ ҳақидаги тушунчалари... Яна “аёлларимиз кўчага чиқиб кетди, хотин-қизларимиз бузилиб кетяпти” деб минғирлаб ҳам қўямиз. Бир кунда ўтиб кетадиган тўйни деб ёш оилани қарзга ботираётган, йигит-қизларини расволик чоҳига улоқтираётган ота-оналар наҳот фарзандларининг бахтига кул тортаётганларини тушунмасалар? Улар фақат ўз фарзандларига эмас, балки бутун миллатга ҳам хиёнат қилишяпти. Бошқа юртларга ишлагани кетаётганларнинг беш фоизга яқинигина у ерга хотинларини олиб кетаётган экан. Қолганлари эса олис юртларда бузуқлик ва зино ёрдамида шаҳватларини қондирмаяпти, деб ким кафолат бера олади? Бу ёқда эрини соғинган келинларнинг ҳоли не кечади, уларни бузуқлик сари қадам ташламайди деб, ким ишонтира олади? Ана шундай ҳолатга тушгач, қайнинилари, қайноталари, ҳатто бегоналар билан “дон олишиб” қўяётган келинларнинг қисмати ҳақида ким бош қотиради?

Никоҳ фақат кимўзарга, ном чиқаришга дабдабали тўйлар қилиш, шундай тўйларни деб қарзга ботиш учун жорий бўлмаган. Буни тушунмаётган ҳамюртларимизга Пайғамбар алайҳиссаломнинг суннатларини бир эслатиб қўйиш ўринлидир. Фахри коинот суюмли қизлари Фотимани ҳазрати Алига турмушга узатаётганларида ҳазрати Алининг совутини сотиб, пулига атир-хушбўйликлар, келинга бир сидирға (!) сарпо харид қилинганди. Тўй зиёфатига эса   маблағ ҳам йўқ эди. Саҳобалардан бири қўй олиб келди, бошқалар жўхори ва бироз егулик топишди. Пайғамбар алайҳиссаломнинг суюмли қизлари шу тариқа ҳазрати Али хонадонига келин бўлди.

«Агар хоҳласангиз, тоғларни олтинга айлантириб бераман» деб Аллоҳ ваъда қилиб турган Пайғамбар алайҳиссалом суюмли қизларига қўша-қўша кўрпа-тўшаклар, кўплаб чорва моллари, керагича уй жиҳозлари, сон-саноқсиз кийим-кечакларни сеп қилиб беришлари мумкин эди. Бутун Мадина аҳлини, ҳатто бошқа ўлкалардан меҳмонларни чорлаб, шоҳона тўйлар қилиб беришлари мумкин эди. Аммо у зот бундай қилмадилар. Чунки бунга ахлоқлари йўл қўймас эди, динлари, диёнатлари ижозат бермас эди. Аксинча, қизлари ва куёвларини камтарликка чақирдилар, буюк қаноатга йўлладилар. Ана шу зотга уммат бўлган бизлар эса... ўз йўлбошчимизга муносиб бўла олмаяпмиз.

Аҳмад МУҲАММАД

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!