Таҳлил

Шарқий Туркистонда мозорлар бузиб ташланиб, ўрнига хиёбонлар барпо этиляпти

1809

Сунъий йўлдош тасвирлари Хитой ҳукуматининг Шарқий Туркистондаги бир неча асрлик қабристонлар ва мақбараларни бузиб ташлаганини кўрсатди. AFP ахборот агентлигига қарашли Earthrise Alliance ташкилоти олиб борган текширувда Шарқий Туркистонда охирги икки йилда ўнлаб қабристонлар йўқ қилингани аниқланди.

Қабристонлар “стандартлаштириляпти”

Мухбирлар Шарқий Туркистоннинг Оқсув вилояти Шоёр туманига бориб, учта қабристондаги ҳолатни ўрганди. Улардан бири “тозаланган”ини, бироқ одам суяклари сочилиб ўтганини кўришди. Қолган иккитасида мозорлардан чиқарилган ғиштларнинг уюб қўйилганига гувоҳ бўлишди. 

Хитойлик мутасаддилар қабристонларнинг бузилишини “шаҳардаги қайта қуриш доирасида стандартлаштириш” дея изоҳламоқда. Аммо “Шарқий Туркистон миллий уйғониш ҳаракати” етакчиси Солиҳ Худоёр бошқача фикрда.

“Бу бизни биз қилиб турадиган барча далилларни йўқ қилиш йўлида Хитой амалга ошираётган уринишларнинг бир қисми. Бизни тамомила хитойларга айлантиришни исташмоқда, – дейди у.

Худоёрнинг бобосининг мозори ҳам энди йўқ. Бузиб ташланган.

“Бизни тарихимиздан жудо қилиш учун тарихий масканларни ва қабристонларни йўқ қилишяпти. Қабристонлар бизни тарихимизга, ўтмишимизга ва ота-боболаримизга боғлаб турадиган жойлардир. Хитой ҳозир халқни хитойлаштириш учун “мияларни ювяпти”. Ҳеч қандай далил қолдиришмоқчи эмас”, – дейди “Шарқий Туркистон миллий уйғониш ҳаракати” етакчиси.

Унинг сўзларига кўра, Отуш шаҳрида эски қабристон бузилиб, марҳумларнинг хоки бошқа жойга кўчирилган. Аммо янги қабристон анча кичик ва битта қабрга бир неча инсоннинг хоки қўйилган. Мутасаддилар қабристоннинг бузилишини ер майдонларини кенгайтириш ҳаракати деб изоҳлаган. 

Сунъий йўлдош тасвирларидан маълум бўлишича, 2014 йилдан бери уйғурларга тегишли 45 та қабристон ер билан битта қилинган. Шулардан 30 таси охирги икки йилда амалга оширилган.

Шарқий Туркистоннинг Янгисор шаҳрилик, бироқ айни пайтда Австралиядан яшаётган Нургул Совутнинг фикрича, қабристонларнинг бузилиши шунчаки зулм эмас. Хитой уйғурларни ватанидан ва тарихидан жудо қилмоқчи. 

“Агар қабристонни бузсангиз, ўша ердагилар ва ўша ерларга боғлиқ бўлганларни ҳам йўқ қилган бўласиз”, – дейди у.

Мозор ўрнида – панда ҳайкали

Машҳур уйғурларнинг мозорларни ҳам аяб ўтирилмаяпти. Хусусан, 1945 йилда вафот этган таниқли шоир Лутфиллоҳ Мутталибнинг мозори жойлашган қабристон ўрнида панда ҳайкаллари ва сунъий кўлли хиёбон барпо этилган. У ерга “Бахт боғи” номи берилган.

Лутфуллоҳ Мутталибнинг қабридан зиёратчилар аримасди, энди эса унинг хоки қаердалиги маълум эмас. Қабристон чўл ҳудудига кўчирилган, шоирнинг хоки айнан қаерга кўмилганини ҳеч ким билмайди.

Лондон университида уйғур маданиятини тадқиқ қилаётган Рейчел Ҳаррис қабристонларнинг бузилишини Хитой олиб бораётган бузғунчилик сиёсатининг бир қисми деб билади.

“Мақбаларлар, мозорлар, таниқли кишиларинг қабрлари ва оилавий даҳмаларнинг бузилиши... Буларнинг бари инсонлар ва тарих ўртасидаги риштани йўқ қилади. Инсонлар ва улар яшайдиган замин ўртасидаги алоқани йўқ қилади”, – дейди у.

Қабристонларнинг йўқ қилиниши ёки бошқа жойга кўчирилиши борасидаги расмий баёнотлар жойдан жойга қараб фарқ қилади. Масалан, пойтахт Урумчида “қайтадан барпо этиш” лойиҳаси доирасида ер майдонини кенгайтириш учун халқаро аэропорт яқинидаги тарихий қабристон йўқ қилинди.

Шоёр шаҳрида эса “стандартлаштириш” сиёсати олиб борилди. Эски қабристонлар ўрнида бир хил кўринишдаги бетон уюмлари қад ростлади.

 

Шоёр шаҳридаги қабристоннинг бузилишдан олдинги ва кейинги ҳолати

Оқсув шаҳридаги тарихий қабристон ўрнида барпо этилган “Бахт боғи”

Хўтан шаҳрида бузилган “Суланим” қабристонининг аввалги ва ҳозирги ҳолати

Шоёр шаҳрида бузилган қабристон ўрнидаги одам суяклари

Манба: Евроньюс

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Месут Ўзил Шарқий Туркистондаги зулмни тўхтатишга чақирди

1218 12:30 14.12.2019

Хитойнинг уйғурларга зулми: бунга оид ҳужжатлар ОАВга сиздирилди

1963 18:28 25.11.2019

БМТда ўнлаб давлат Хитойдан уйғурларнинг ҳуқуқларига ҳурмат кўрсатишни талаб қилди

1143 10:00 31.10.2019

«Шарқий Туркистонда даҳшатли қатағон бўляпти»

5563 17:10 26.09.2019

«Уйғур ректорни қатл қилманг!»

2357 18:35 12.09.2019
« Орқага