Telegram каналимизга аъзо бўлинг
Илм

Шарқий Туркистоннинг кечмиши...

1732

Шарқий Туркистон. 1 млн 660 минг км2 дан ортиқ ҳудуд, Хитойдаги энг катта ҳудудий бирлик, 25 миллион нафардан зиёд аҳоли. Бу ҳудуд анчагина бой ва қизғин тарихга эга. Бугун шу хусусда сўз юритамиз.

ХIV асрда, мўғулларнинг кириб келиши билан беш асрдан буён мавжуд бўлган бир неча уйғур идиқутликлари (майда хонлик) Чиғатой улуси таркибига кирган. Чиғатой улусида 1326 йилда Ислом дини, давлат дини дея эълон қилинади. 1348 йилда улус иккига: Мовороуннаҳр ва Мўғулистонга бўлиниб кетади, Шарқий Туркистон ва Еттисувда Мўғулистон (кейинчалик Дўғлот) амирлиги ташкил топади.

ХV аср иккинчи ярмида, иккига бўлинган Мўғулистон сиёсий кучини йўқота боради. ХVI асрда Шарқий Туркистонда ҳокимият Ислом байроғи остида, бир муддат шайх Маҳмуд Азим қўлига ўтади. Ундан сўнг эса  бу ерда яшовчи кўп сонли ойротлар (мўғуллар) 1635 йилда Жунғор хонлигига асос солишади. Унинг биринчи ҳукмдори Батур-Хунтайжи ички бирликка эришиш, ташқи сиёсий кучларни бартараф этишга киришди, айниқса, Син империясига қарши жиддий курашишга тўғри келди.   

ХVII асрнинг охирги чорагида Жунгар хонлигини хонликнинг асосчиси Ботур-хунтойжини ўғилларидан бири Голдон бошқарган. Ойротларнинг ташқи сиёсатда  фаоллиги, умумий мўғул империясини ташкил қилиш ҳаракати, Хитой ва бошқа давлатлар билан иқтисодий алоқаларни ўрнатилиши Голдон билан боғлиқ эди.

Жунгар хонлигини жануби, Шарқий Туркистон ҳудудида Ёркент хонлиги (мусулмонлар) бўлган. Бу хонлик ХVI асрнинг иккинчи ярмида Чиғатой авлодлари томонидан барпо этилган. Бу давлатни шарқий томони Кумул вилояти ва Син империяси билан чегарадош бўлган.

Бу пайтда Ёркент хонлигида асосий ролни, хўжалар оиласи бошқарувидаги руҳонийлар ўйнаган. Хўжаларнинг Шарқий Туркистонда мавқеи баландлиги ва ижтимоий-сиёсий, иқтисодий мавқеини кучайиши уларни чиғатой хонларининг курашларига фаол аралашувига имкон берган ва шу билан бирга улар хон тахтига даъвогарлик қилган. Жунғор хонлиги ёрдамида Ёркент хонлиги хўжалар қўлига ўтди. Шарқий Туркистоннинг географик жойлашуви ва унинг халқаро савдодаги аҳамияти, ойротларни эътиборини тортган. 1713 йилга келиб ойротлар Ёркент хонлигини батамом ўз назоратлари остига олишди.

1690 йилда Син империяси йигирма минг кишилик катта қўшинни жунъор хонлигига жўнатди. Жунғор хони Голдон ёрдам сўраб Россияга мурожаат этди, аммо Син билан шартнома тузган Россия Марказий Осиё ва Хитой муносабатларига аралашмаслигини билдирди. 

Жунгар хони Голдон 1697 йил ўлгач, унинг ўрнига ўғли Рабдона келди. Унинг даврида Синлар тазйиқи кучайганлиги сабабли у ҳам Россиядан ёрдам сўрашга уринди, бироқ ёрдам бўлмади.

1722 йил император Канси ўлгач, унинг ўрнига Юнже келади. У Жунғор хонлигига тинчлик битимини таклиф қилади. Бироқ Рабдона бунга кўнмай олдинги синларга бой берилган ҳудудларини қайтарилишини сўрайди. 

ХVII аср охири ва ХVIII аср бошларида Син ҳукумати Жунғорияга қарши  урушни давом эттира олмасдан, янги хонлик ташкил қилишга уриниб кўрди, лекин муваффаққиятсизликка учради. Шу вақтда Син таъсир доиралари кучайди ва ҳозирги  Шинжон-Уйғур ҳудудининг шарқий туманларини эгаллаб, Жунғория ва Ёркент хонлигига таъсир ўтказа бошлади. Бу мақсадда иккита хонлик ўртасидаги Кумул асосий рол ўйнади. Кумулнинг эгалланиши Ёркент хонлигига юриш учун таянч  нуқта бўлди.  

ХVIII асрнинг 20-йиллари ўрталарида Жунғорлар Ёркент хонлиги устидан тўлалигича  ҳукмронликни ўрнатди. Кумулдан ташқари бутун Шарқий Туркистон Жунгар хонлигини мустаҳкам ҳудудига айланди. Син ҳукумати жунгарларни тинч йўл билан  бўйсундириб бўлмаслигини билгач, Жунгарияга расмий маълум қилиб, 1714–1715 йилларда ҳарбий режаларни ишлаб чиқа бошладилар. 1716–1717 йиллардаги ҳарбий  ҳаракатлар мувоффаққиятли чиқмади. 1732 йилги ҳарбий юриш ҳам муваффақиятсиз тугади.

Жунғор хонлиги ҳудуди 

1746 йилда Қашқарни босиб олган қалмиқлар томонидан, амалда Жунғор давлатига барҳам берилган. 

 Қўқон хонлиги ташкил топгач, ўз чегарасини ғарбга томон кенгайтириб борди ва бу Хитой билан муносабатларни бутунлай таранглаштирилган.  Айнан шу даврлар Син империясининг гуллаётган даврларига тўғри келади. Син империяси ўз чегарасини шарққа томон кенгайтириш сиёсатини олиб борди ва  тез-тез Шарқий Туркистон томон ҳарбий урушлар ташкил этди. 1755-1759-йилларда Синнинг Шарққа томон кенг қамровли ҳарбий юришига туртки берди.

Мана шу йилларда, Син империяси ҳарбий қўшинлари, энг катта талафотни Қашқар ва Ёркент шаҳарларда кўришди. Бу икки шаҳарни ака-ука хўжалар, халқни бирлаштириб, шаҳар ҳимоясига отлантирган. Бурхониддин хўжа Қашқар ҳимоясида , Жаҳон хўжа эса Ёркент ҳимояси учун қаҳрамонликлар кўрсатишган. Син императори иккала хўжани қўлга тушириш, икки шаҳарни босиб олишга тенг эканлигини тушунган. Аҳоли орасида агетация ишлари учун Император: “Агар халқ иккала хўжаларни тутиб топширса, улар ўз ҳаётлари осудалигини сақлаб қолишган бўлади”, деб халққа мурожаат қилган эди.

 Бир неча жанглардан сўнг, хўжалар қўлга олинади ва Император буйруғи билан қатл қилинади. 

Син империяси, Шарқий Туркистонни эгаллашда қирғизлар ҳам ёрдам беришган. Қирғизларга йўллаган хатида Император: “Агар бизга бўйсунишни истамасангиз, шундай қолсин, лекин ўз ерлангизда муқим қолинглар. Агар бизнинг  ерларимизда учрасаларингиз бизнинг қўшинимиз сизларни яксон қилади”, дейилганди.  Шундай қилиб Император бу йўл орқали қирғизларни синларга қарши ҳаракатда қатнашмасликка мажбур қилди. Ҳатто қирғиз феодаллари синларга амалий ёрдам бера  бошлади.  

1760 йилда, Шарқий Туркистон бутунлай Хитой назорати остига ўтди. Босиб олинган ер “Синзян”- “Янги ер” деб атала бошланди.

Шарқий Туркистондаги Ёркент хонлигининг сиёсий-маъмурий тузуми Ўрта  Осиё хонликларидан фарқ қиларди. Давлат бошида хон туриб, унга фуқоролик ишлари  бўйича ёрдамчи вазири азам, мудофа ва ҳарбий ишлар вазири амир ул-умаро,  муҳрдор, девонбеги, шайхул ислом, парвоначи ва муроб каби амалдорлар  бўйсунган. Хонлик ҳудуди 5 та вилоятга бўлинган. Булар Қашқар, Ёркент, Хўтан, Аксу ва Чалиш-Турфанларга бўлинган. Ҳар бир вилоятни хон наслидан бўлган  кичик хон деб номланувчи амалдорлар бошқарган.

Син Империяси томонидан Шарқий Туркистон ерлари эгаллангач, у ерда  ҳарбий соҳаларда ўзгаришлар қилинди. Вилоятлардаги ҳарбий беклар сақланиб қолиниб,  бекларнинг ўрнига хитойликларга бўйсунган уйғур амалдорлари қўйилди. Бундан  ташқари бу ердаги ҳудудлар қайтадан тақсимланди. Булар 4 та катта ва 4 та ўрта  шаҳарлар ва 23 та шаҳарчаларга бўлинди. Шарқий Туркистондаги барча  ҳудудлар Хитойнинг олий бош қўмондони томонидан бошқарилиб, бош қароргоҳ янги Қашғарда жойлашган.

1765 йилдан 1820 йилларгача юртда, нисбатан барқарорлик, тинчлик ҳукм сурди. ХIХ асрнинг 20 йилларида, Қўқон хонлиги ва Хитой ўртасида муносабатлар яна ёмонлашади. Сабаби, Қўқон хони Мадалихоннинг шарқий туркистонликларнинг Жаҳонгирхўжа бошчилигидаги Син империясига қарши, 1825 йилда бошланган миллий-озодлик курашига аралашуви сабаб  бўлди. Хитой ҳукумати 1829 йилда Қўқоннинг Шарқий Туркистонда  юритадиган савдо ишларини тақиқлади, марказий осиёлик савдогарларнинг аксарият қисмини ҳайдаб, мол-мулкларини мусодара қилди. Бунга жавобан Қўқон хони Муҳаммад Али шарқий туркистонликларнинг Хитойга қарши озодлик кураши раҳбари Жаҳонгирхўжа ва унинг укаси Юсуфхўжа ихтиёрига Ҳаққули бошчилигида қўшин жўнатади. Натижада, Юсуфхўжа Қашқарни эгаллайди ва Ёркентни эгаллаш учун ҳарбий ҳаракатни давом эттиради. Бу  ҳол Хитой ҳукуматини қаттиқ ташвишга солиб қўяди ва Юсуфхўжага қарши катта қўшин юборади. Қўзғолончиламинг сафида мустаҳкам бирлик йўқлиги ҳамда  Бухоро-Қўқон муносабатлари ёмонлашуви оқибатида Қўқон хонининг Шарқий Туркистонга юборган қўшинини чақириб олиши  туфайли Юсуфхўжа мағлубиятга учрайди. Оқибатда, Юсуфхўжа Шарқий Туркистонни ташлаб чиқади. У билан 70 минг уйғур оиласи Фарғона водийсига кўчиб келади. Қўқон хонлиги ўз чегараларини тобора Шарқий Туркистон томон кенгайтириш сиёсатини давом эттирган. Айни пайтда, Син империяси молиявий қийинчиликлар туфайли Қўқон хонлигига қарши очиқдан очиқ уруш ҳаракатлари олиб боришга қодир эмас эди. Натижада, 1832 йилда Пекинда Хитой-Қўқон шартномаси имзонланган. Унга кўра, Қўқон Жаҳонгирхўжа авлодларини Шарқий Туркистонга ўтказмаслик мажбуриятини олган. 

Хитой эса Шарқий Туркистонда қўқонлик савдогарлар фаолиятини  тақиқлашни бекор қилган. Иккинчидан, Қўқон савдогарларига Шарқий Туркистонда бож тўламасдан савдо қилиш ҳуқуқи берилган. Учинчидан, Шарқий Туркистондан Қўқон савдогарлари чиқариб  юборилганда, улардан тортиб олинган мол-мулклари эвазига Қўқон  хонига товон тўланган. Тўртинчидан, Шарқий Туркистонда савдо қилувчи марказий осиёлик савдогарлар тўлайдиган тўловларни йиғиб олиш ҳуқуқи Қўқон хонлигига берилган. 

(давоми бор)

УЛАШИНГ:

Теглар:

Мавзуга доир:

Ҳалол луқма (ҳаётий қисса, 36-қисм)

64 19:30 01.12.2020

Олий суд Атамбаевга чиқарилган ҳукмни бекор қилди, аммо у ҳалиям қамоқда

170 19:05 01.12.2020

Қуръонни ўпиш бидъатми?

746 18:35 01.12.2020

Туркманистонда масжидлар йил охиригача ёпиқ бўлади

168 18:10 01.12.2020

Коронавирус: Туркияда бугундан эътиборан янги чекловлар бошланади

374 17:35 01.12.2020

Ҳадис илми: Сақтул хафийнинг иккинчи тури

66 17:05 01.12.2020
« Орқага