Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев кеча мамлакатимизда содир бўлган электр энергия таъминоти бўйича узилишлар юзасидан муносабат билдириб, халқимиз, мутасаддилар, барча оммавий ахборот воситалари ва блогерларга ҳамкорлик, фидойилик учун миннатдорлик изҳор қилди.
Шавкат Мирзиёев бугунги глобал оламда ҳамма нарса бир-бирига боғлиқ эканини таъкидлаб, ҳар бир одамнинг ҳаёти бутун инсоният ҳаёти билан янада кўпроқ боғлиқ бўлиб қолаётганини билдирди.
«Олис-яқин ҳудудларда юз бераётган турли ижтимоий-иқтисодий жараёнлар, техноген офатлар бизга ҳам ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Мана куни кеча электр таъминоти бўйича содир бўлган техник узилиш бир зумда бутун минтақа ҳаётида кучли акс-садо берганига барчамиз гувоҳ бўлдик. Бу авариядан ўша заҳотиёқ хабар топиб, дарҳол Ҳукумат комиссиясини тузишга топшириқ бердим. Комиссия тармоқ ва ҳудуд раҳбарлари билан доимий мулоқотда бўлиб, авария ҳамда унинг иқтисодиёт ва аҳоли ҳаётига салбий таъсирини бартараф этиш бўйича ишларни шахсан назоратимга олдим.
Шу билан бирга, бундай ҳолатда халқимиз ҳам вазиятни тўғри қабул қилиб, саросимага тушмади. Фурсатдан фойдаланиб, аввало сабр-тоқатли халқимизга, шунингдек, ушбу вазиятни бартараф этишда жонбозлик кўрсатган барча соҳа ва идоралар ходимларига, шунингдек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқ вакилларига ўз миннатдорчилигимни билдираман», – деди давлатимиз раҳбари.
Шунингдек, Шавкат Мирзиёев ҳодисадан тўғри хулоса қилиб, Ўзбекистон тараққиётини давримизнинг глобал муаммолари билан янада боғлиқ ҳолда кўришимиз кераклигини, бу борадаги мавжуд таҳдид ва муаммоларни бартараф этишга доимо тайёр туришимиз кералигини таъкидлади.