Бугун Тошкент шаҳрида «Марказий ва Жанубий Осиё: минтақавий боғлиқлик. Таҳдидлар ва имкониятлар» мавзусида халқаро конференция ўз ишини бошлади.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ташкил этилган мазкур анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Президенти, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири, Марказий ва Жанубий Осиё давлатларининг ташқи ишлар вазирлари, жами 44 та мамлакат ва 30 га яқин халқаро ташкилот делегациялари, нуфузли хорижий илмий-тадқиқот ва таҳлил марказлари раҳбарлари иштирок этмоқда.
Конференцияни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев очиб берди.
«Бугун дунё ҳам таҳдидлар, ҳам янги имкониятларни ўзида тутган глобал геосиёсий трансформациялар даврига қадам босди. Бундай шароитда 2 миллиарддан зиёд одам яшаётган Марказий ва Жанубий Осиё ўртасидаги алоқаларнинг қайта тикланиши янада муҳим ва объектив жараёнга айланиб бормоқда. Халқларимизнинг улкан тарихий, илмий ва маънавий-маданий меросидан, иқтисодиётларимизнинг бир-бирини тўлдириб туришидан, интеллектуал салоҳият ва меҳнат ресурсларининг борлигидан келиб чиқиб, биргаликдаги саъй-ҳаракатларни бирлаштириш фурсати келди, деб ўйлайман ва бу, шубҳасиз, катта манфаат келтиради», – деди Шавкат Мирзиёев.
Шунингдек, давлатимиз раҳбари Марказий Осиё билан Жанубий Осиёни самарали ва хавфсиз боғлайдиган транспорт-логистика инфратузилмасини барпо этиш масаласига алоҳида эътибор қаратди. «Термиз - Мозори Шариф – Кобул – Пешовар» темир йўлининг қурилиши бу архитектурада муҳим бўғин бўлади. У икки минтақанинг транзит салоҳиятини тўла юзага чиқариб, юк ташиш масофаси ва вақтини анча қисқартиради. Шу боисдан ҳам, бу лойиҳа иштирокчи давлатлар ва халқаро молия институтлари томонидан қўллаб-қувватланмоқда.
Бундан ташқари, Афғонистон Ислом Республикаси Президенти Ашраф Ғани, Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон, Европа Иттифоқининг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Жозеф Боррел минтақада ҳамкорликни ривожлантириш истиқболлари, бунда мазкур форумнинг аҳамияти ҳақида ўз фикрларини билдириб ўтишди.
Конференция якунлари бўйича махсус резолюция лойиҳаси тайёрланиб, кўриб чиқиш учун БМТ Бош Ассамблеясига тақдим этиладиган бўлди. Конференция ўз ишини давом эттирмоқда.