Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Бош вазири билан учрашди

12:33 18.01.2019 389

18 январь куни Гандинагар шаҳрида бўлиб ўтаётган “Жўшқин Гужарат” халқаро саммити доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Ҳиндистон Республикаси Бош вазири Нарендра Моди билан учрашди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўзбекистон Президентининг Ҳиндистонга ташрифи олий даражадаги мулоқотнинг мантиқий давоми, шунингдек икки мамлакат ўртасидаги изчил мустаҳкамланиб бораётган дўстлик ва шериклик муносабатларининг яна бир ёрқин далилидир.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Президентининг ўтган йили октябрь ойидаги Ҳиндистонга давлат ташрифи якунлари бўйича эришилган келишувлар ва имзоланган битимларнинг амалий ижроси билан боғлиқ масалалар, шунингдек Ўзбекистон ва Ҳиндистон ўртасидаги кўп қиррали ҳамкорликни кенгайтириш истиқболлари кўриб чиқилди.

Ташрифдан сўнг ўтган вақт давомида барча йўналишлардаги ўзаро алоқалар фаоллашгани қайд этилди.

Ўтган ҳафта Самарқанд шаҳрида “Ҳиндистон – Марказий Осиё” Мулоқоти ташқи ишлар вазирларининг Афғонистон иштирокидаги биринчи учрашуви бўлиб ўтди.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасида Тошкентда қўшма Тадбиркорликни ривожлантириш маркази ўз фаолиятини бошлади. Мамлакатимизда Ҳиндистон саноат конфедерацияси ваколатхонаси очилиши кўзда тутилмоқда.

Azon.uz янгиликларини Telegram'да ҳам кузатиб боринг!